Тил – миллат ғурури, тарихий шахслар – миллат тимсолидир. Тил жамиятни ҳосил қилувчи ва инсонларнинг ички дунёси, тасаввурини ифодалашга ёрдам берувчи энг муҳим восита ҳисобланади. Тимсолга айланган тарихий шахслар эса миллатни дунёга танитувчи сиймолардир.
«Ўзбектелеком» АК томонидан Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 сентябрда қабул қилинган «Буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги ПҚ-323-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигига бағишлаб ташкил қилинган давра суҳбатида айни шулар ҳақида сўз юритилди.
Тадбир аввалида «Ўзбектелеком» АК Фахрийлар кенгаши раиси Ғ. Зияев сўз олиб, она тилимиз, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг моҳияти, ўтган йиллар давомида ўзбек тилининг халқаро майдонларда ҳам нуфузи таборо мустаҳкамланиб бораётганлиги, шунингдек, буюк сиймо Мирзо Улуғбекнинг мамлакатимиз тарихида тутган ўрни, унинг бой маънавий олами ҳамда илм-фанга қўшган ҳиссаси, авлодларга қолдирган меъроси ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, давра суҳбатига таклиф қилинган мутахассислар – тарих фанлари номзоди, доцент, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Искандар Хайитов ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти Тўлқин Эшбек мавзуга оид ўз маърузаларини эшиттирди.
Хусусан, 2019 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5850-сон Фармони билан 21-октабр нафақат «Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинган сана, балки «Ўзбек тили байрами куни» сифатида ҳам кенг нишонланиш йўлга қўйилганлиги, шу билан бирга Мирзо Улуғбек шахсияти билан қанчалик фахрлансак шунчалик камлигини алоҳида эътироф этишди.
Давра суҳбати сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоб олишди.
«Ўзбектелеком» АК Ахборот хизмати