баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Ахсикент қиличсозлиги тарихи узоқ тарихга бориб тақалади

    Фан 30 апрел 2021 318

    Юртимизнинг ҳар бир ҳудуди қадимдан ҳунармандчиликнинг бир турига ихтисослашиб келган.

    Шу ўринда «Фарғона водийси Афросиёби» деб эътироф этиладиган қадимий Ахсикент шаҳрида ҳам антик даврдан бошлаб ҳунармандчиликнинг кулолчилик, шишасозлик ва қурол-яроғ ишлаб чиқаришга ихтисослашган темирчилик соҳалари тараққий этган. Ахсикент темирчи ҳунармандлари томонидан тайёрланган қиличлар ўрта аср Ғарбий Европа адабиётларида «Дамашқ қиличлари» номи билан тилга олинган.

    Тошга урса, уни кесадиган, эгилса ҳам синмайдиган ғайритабиий кучга эга бўлган қиличлар ҳақида ҳар хил ривоятлар тўқилган. Аслида ушбу қиличлар тарихи Фарғонанинг бош пойтахти Ахсикент (Фарғона) тарихи билан бевосита боғлиқ.

    Ёзма манбаларга мурожаат қилсак, уларда (Истаҳрий, Ибн Ҳавқал) Уструшонадан қазиб олинган темирдан фарғоналик ҳунармандлар инсон ақли бовар қилмайдиган буюмлар тайёрлашган ва Фарғонадан Буюк Ипак йўли орқали қуроллар ҳам экспорт қилинган, деган умумий гаплар мавжуд. Ахсикент ёдгорлигида олиб борилган археологик қазишмалар ушбу муаммога аниқлик киритибгина қолмай, балки Фарғонанинг бош пойтахт­ ҳақида ҳам буюк кашфиётларга олиб келди. Шунинг учун Фарғона қиличлари тарихига изоҳ беришдан аввал, ушбу қуроллар тайёрланган шаҳар ҳақида маълумот беришни лозим топдик.

    Милоддан аввалги II-I асрларга оид Хитой ёзма манбалари ва милодий VIII-IX асрларига доир араб манбаларида Фарғона сўзи водийнинг номидан ташқари, унинг бош пойтахтига ҳам тегишли эканлигини кўриш мумкин. Масалан, хитой тилида Фарғона шаҳри номини «Юань», водий номини «Дай Юань», деб таржима қилинган, яъни Хитой тарихчиси водийни, шаҳардан фарқлаш учун, уни «Катта Фарғона», деб ёзган. Бизга маълумки, Фарғона сўзи атрофи девор билан ўралган жой ёки атрофи ўралган воҳа, деган маънони билдиради. Бу ерда Хитой тарихчиси шаҳар номига битта иероглиф (Юань), водий номига иккита иероглиф (Дай Юань) ишлатган.

    Кейинги йилларда олиб борилган археологик тадқиқотлар, Фарғона водийси ёки Хитой манбаларида тилга олинган Фарғона давлатининг бош пойтахти Фарғона шаҳри ҳозирги Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида, Сирдарёнинг ўнг қирғоғи бўйлаб жойлашган Ахсикент ёдгорлиги ўрнида бўлган, деган илмий хулосага олиб келди. Маълум бўлишича, милоддан аввалги II асрнинг охирларида хитойликларнинг Фарғонага қилган ҳарбий юришлари вақтида Ахсикент ўрнидаги шаҳар ўзининг арки, шаҳристони ва работига эга бўлиб, 50 гектардан зиёд майдонни эгаллаган. Шаҳар мустаҳкам мудофаа деворлар билан ўраб олинган.

    Археологик тадқиқотларга қараганда, X-XII асрнинг бошларида Ахсикент металлург-темирчи усталари тоза пўлат (фулад) ишлаб чиқариш технологияси сирларини билишган. Тоза пўлат олиш учун биринчи навбатда, бойитилган (тозаланган) темир хом ашёси зарур бўлган. БуниАхсикент уста­лари Ғовасой-Поп ваУструшонадагиМарсманда тоғ-кон саноати металлургларидан олишган. Бойитилган (тозаланган) темир маҳсулоти Ахси­кет металлург-темирчи усталари қўлига тушгач, ундан улар биринчи навбатда махсус технология ёрдамида пўлат олишган. Сўнг машҳур Фарғона қиличларини ясашган.

    Пўлатдан қурол тайёрлаш устадан катга маҳорат талаб қилган. Қиличга ишлов бериш жараёнида, унинг юзида ҳар хил нақшлар пайдо бўлган. Бунга ўхшаш қиличлар ўта кескир бўлиши билан бирга, мўъжизавий санъат асари ҳам ҳисобланиб, дунё бозорида юқори баҳоланган. Шунинг учун ҳам унинг сопи ва ғилофига алоҳида ишлов берилиб, қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Бундай қиличнинг нархи жуда юқори бўлиб, унга эга бўлиш фақат подшо аскарлари ва бой- бадавлат одамларгагина насиб қилган.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилги Наманган ташрифлари давомида Ахсикентнинг ҳаққоний тарихини ўрганиш, мазкур ҳудудни туризм маконига айлантириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

    Олиб борилган тадқиқотлар асосида бу ерда турли даврларга оид иккита шаҳар бўлганлигини, улардан бири қадимги Ахсикат ва иккинчиси Бобур туғилган Ахси эканлиги исботланган. Унинг харобалари маҳаллий халқ орасида Янги Ахси топоними билан аталиб, ҳозирда унинг озроқ қисми Якка йигит қишлоғи тагида сақланган.

    Ҳозирда қадимги шаҳар харобаларида қазишма ишлари олиб борилмоқда.

    Аввалроқ сайтимиз орқали Янги Ахсида тўпланаётган юзлаб топилмалар қаторига пўлат ханжар ҳамда «Оятал курси» битилган мис пиёла қўшилгани ҳақида хабар берган эдик.

    Навбатдаги топилма ноёб Дамашқ қиличи Ахси осори-атиқалар музейига 510-экспонат сифатида рўйхатга киритилди. Таъкидлаш керак, Ахсикентда тайёрланган қуроллар «Дамашқ қиличлари» номи билан дунёга машҳур бўлиб, Ғарбда Дамашқ, Шарқда Хитой бозорларида сотилган.

    Хулоса қилиб айтганда, IX-XII асрнинг бошларида Фарғона – Ахсикент шаҳрининг устаси фаранг ҳунармандлари қаттиқ ва юмшоқ пўлатлар ишлаб чиқариш сирларини билишган. Улар тайёрлаган қиличлар Шарқда Хитой ва Жануби-ғарбда халифалик маркази Дамашқ бозорларида сотилган. Ўрта асрларда бутун Европага «Дамашқ қиличлари» номи билан машҳур бўлган қуролларнинг маълум бир қисмининг ватани Фарғона-Ахсикет ҳисобланган. Эски Ахси ёдгорлигини зиёрат қилган сайёҳ ҳар қадамда пўлат ишлаб чиқариш билан боғлиқ чиқиндилар ва устахона харобаларини кўради, юқорида айтилган гапларнинг тасдиғини топади.

    Дурдона МАҲМУДОВА,

    Наманган вилоят тарихи ва маданият

    давлат музейи илмий ходими

    No date selected
    June 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates