Аёлга эҳтиром кўрсатиш, уни эъзозлаш — халқимизга хос қадрият. Кейинги йилларда бу қадриятнинг моҳияти теранлашиб, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки жамият тараққиёти, сиёсий, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги кўп жиҳатдан аёлларга чамбарчас боғлиқ.
Шу боис, давлатимиз раҳбари аёл-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятига юқори баҳо бериб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилиш, билимдон, малакали, замонавий мутахассислар бўлиши ҳамда соғлом ва мустаҳкам оила қуриши учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакатимизда аёлларнинг ўртача умр кўриш ёши 67 дан 73 ёшга қадар узайгани эътибор бесамар кетмаётганидан далолат беради.
Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган барча қонун ҳужжатлари халқаро ҳуқуқий меъёрларга мувофиқ ишлаб чиқилиб, қабул қилинмоқда. Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб Ўзбекистон аёллар ҳуқуқининг халқаро меъёр ва ҳуқуқий стандартларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида Аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, Аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари, оналикни муҳофаза қилиш ҳақидаги халқаро конвенцияларга қўшилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аёл-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Уларнинг фаоллигини ошириш, салоҳиятини намоён этиш учун янги имкониятлар яратди.
Президентимизнинг жорий йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса аёл-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ислоҳотларни тизимли давом эттиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Фармонда таълим олиш учун хотин-қизларга янада қулай шарт-шароит яратиш, илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлаш ҳам белгиланган. Унга мувофиқ, 2022/2023 ўқув йилидан олий таълим муассасалари, техникум ва коллежлар, жумладан, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган аёлқизларнинг таълим контрактини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари ажратиляпти.
Бундан ташқари, хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича 10 нафар хотинқизга ҳар йили “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратилади.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсиясига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан ижтимоий эҳтиёжманд оилалардан, етим ёки отаонасининг қарамоғидан маҳрум бўлганлардан 150 нафардан жами 2 минг 100 нафар аёл-қизнинг таълим контракти маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қопланади.
Давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотинқизлар учун ҳар йили камида 300 та мақсадли квота ажратилади. Аёл-қизларни дизайн, тўқимачилик, ахборот технологиялари, тармоқлар иқтисодиёти, маркетинг ва талаб юқори бўлган бошқа таълим йўналишлари бўйича ўқитадиган алоҳида университет, ушбу университет ҳузурида эса пахта-тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари иштирокида босқичма-босқич ҳудудий техникумлар ташкил этиш белгиланган.
Фармонда давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда парламентда аёл-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, 32 фоизни ташкил этмоқда. Маълумотларга қараганда, мамлакатимизда аёл-қизларнинг бошқарув лавозимидаги улуши 27 фоиз, тадбиркорлик соҳасида 25 фоиз, сиёсий партияларда 44 фоиз, олий таълимда 46 фоизга етди.
Фармонда Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастурини тасдиқлаш ва ижрога қаратиш вазифаси ҳам белгиланган. Унинг доирасида Давлат бошқаруви академиясида раҳбар аёл-қизларни тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курслари ташкил этиш ҳамда ҳар йили камида 100 нафар хотин-қизни ўқитиш назарда тутилган.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида айни пайтда турли ҳудудлардан 50 нафар хотин-қиз ана шундай ўқув курсларида таҳсил оляпти. Ушбу ўқув курси бизга ҳар жиҳатдан фойдали бўляпти. Ўқиш жараёнида раҳбарлик маданияти, одоби, янги методлар, бу борада жаҳон миқёсида тўпланган илғор тажрибалар хусусида кенг билим ва маълумотга эга бўляпмиз. Булар, албатта, келгуси фаолиятимизда пойдевор ва дастуруламал вазифасини ўташи шубҳасиз.
Энг муҳими, мазкур фармонга мувофиқ, 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур қабул қилинди. Унда аёл-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар доирасида муҳим масалалардан бири сифатида гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш назарда тутилган.
2030 йилга бориб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг ҳамма даражасида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштироки ва етакчилиги учун тенг имкониятни таъминлаш каби вазифалар ижроси режалаштирилган. Бундан ташқари, давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилиш ҳам ана шундай вазифалар сирасига киради.
Ўзбекистон гендер тенглик кўрсаткичи рўйхатида 2019 йилдан бошлаб қатнаша бошлади. Ўша йили 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Гендер тенглик тамойили дунё мамлакатлари конституцияларига ҳам киритилмоқда. Ўрганишлар конституцияларнинг 98 фоизи тенглик ва камситилмаслик, 94 фоизи зўравонликдан ҳимоя қилиш, 86 фоизи хотин-қизларнинг таълим олиши, 85 фоизи ижтимоий хизматлардан фойдаланиш кафолати, 44 фоизи дискриминацияга қарши чоралар ва 12 фоизи хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича алоҳида қоидаларни ўз ичига олганини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, барча жабҳада аёлқизларнинг конституциявий назорат ҳамда ислоҳотлар жараёнида тўлиқ ва тенг иштирок этишини таъминлаш, конституцияни янгилашда жаҳон давлатларининг гендер омиллар, айниқса, “камситувчи конституциявий қоидалар”га барҳам бериш борасидаги ижобий тажрибаси инобатга олинган.
Соҳа мутахассислари хотин-қизлар ҳуқуқларига оид конституциявий нормалар фақат тенглик ва камситилмасликнинг умумий тамойиллари билан чегараланиб қолмай, аёлларнинг ўзига хос ҳуқуқ ва эркинликларини ҳам қамраб олиши, таълим, соғлиқни сақлаш, фуқаролик, сайланадиган ва тайинланадиган органларда иштирок этиш каби ҳуқуқлари ҳам назарда тутилиши лозимлигини таъкидламоқда.
Зотан, гендер тенглик тамойили инсоннинг шахс сифатида шаклланишига ғов б ўладиган барча ижтимоий тўсиқларни ўрганиш ва уларга барҳам бериш, шунингдек, ҳаётнинг ҳамма соҳасида эркаклар ва аёллар шахсиятини англаш учун тенг ижтимоий имкониятларни яратишга хизмат қилади.









