Аёл тадбиркор бўлса...

    “Ёрдам берадиган одам тугул, дардимни эшитадиган кимса топилмай қолганди”.

    Асл тадбиркор кишилар ўз ишбилармонлиги билан фаровонликка эришган. Фақат ўзларинигина эмас, балки эл-улуснинг яхши яшаши учун ҳисса қўшган. Шиддат билан ривожланиб бораётган замон одамлардан у билан ҳамнафас бўлиш, тенгма-тенг қадам ташлаш учун муттасил изланиш, ўқиб-ўрганишни талаб қилмоқда.

    Оила бошлиғи, таъминотчиси саналадиган эркакларнинг ишбилармон бўлганлари таҳсинга сазовор, аммо эркакнинг топиб-тутиб келганини ўрнига қўядиган аёл оқила, тадбиркор бўлса-чи? Энди бу оилада чинакам фаровонлик ҳукмрон дегани. Бежизга халқимиз орасида “ота билимли бўлса, фарзанд билимли бўлади, она билимли бўлса, миллат билимли бўлади”, деган нақл юрмайди.

    Давлатимиз раҳбарининг аёллар тадбиркорлиги ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор қарор ва фармонларидан илҳомланиб, ўз туманидаги “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган уй бекалари учун касб-ҳунарга ўргатувчи ўқув маркази, тикувчилик цехи очган Насиба Тайлоқованинг амалга ошираётган ишлари билан танишиш жараёнида аёлнинг ишбилармон бўлиши нафақат оиласи, балки жамиятнинг ривожи учун қанчалик муҳим роль ўйнашига яна бир карра амин бўлдим.

    “...Мирзаободда Тўмарисни кўрдим...”

    Биз ҳикоя қилаётган тадбиркор, халқ тили билан айтганда, уддабурон, тадбирли қаҳрамонимиз Сирдарё вилоятининг қумликлар, шўрхок тупроқли зонасида жойлашган аграр туман — Мирзаободда истиқомат қилади. Бу ерда аҳолининг асосий қисми деҳқончилик ва чорвачилик билан кун кўради. Аёлларнинг аксари уй бекаси, баъзилари мавсумий дала ишларида ишлайди.

    — Туман бўйича камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, ишсиз, ҳунарсиз аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан таъминлаш мақсадида тузилган “Аёллар дафтари”га 2 225 та хотин-қиз киритилган, — дейди туман оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Гулжаҳон Холмуродова. — Буларнинг 758 нафари оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар ҳисобланади. Халқ банкининг туман бўлими “Аёллар дафтари”га кирган аёллар масалалари бўйича маслаҳатчиси Зулфия Ҳикматова билан биргаликда хонадонма-хонадон юриб, хотин-қизлар билан суҳбатлар ўтказяпмиз. Уларнинг қизиқишлари, лаёқатларини ҳисобга олиб, банклардан кредитлар олиш тартиби билан таништиряпмиз. Иссиқхона қуриш истагидаги ёки чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланмоқчи бўлган аёлларга амалий ёрдам беряпмиз. Банкдан кредит олганлар пулни мақсадли сарфлаши, ишни тўғри ташкил этиши учун йўл-йўриқлар бериш, молиявий масалаларда илк тушунча ҳосил қилишлари учун бир ҳафталик ўқишлар ташкил қилганмиз. 48 соатдан иборат ўқув машғулотларини тугатган битирувчиларга сертификатлар берилади. Курсини туманимизда ташкил этилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш марказида олиб боряпмиз. Бу ўқув марказини ташкил қилган аёл ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Туманимизнинг энг илғор фермер хўжаликларидан бири ҳисобланган “Жайҳунбек агробизнес”нинг раҳбари Насиба Тайлоқованинг саъй-ҳаракатлари туфайли бир қанча оилалар вакилалари ҳам ҳунарли, ҳам ишли бўлмоқда. Бу тадбиркор аёлни Тўмарис хоним деб атаймиз. Унинг фаолияти билан танишганингизда ўзингиз ҳам бунга амин бўласиз.

    Халқ қаҳрамонларининг ёрқин намунаси бўлган, ватанпарвар, жасур аёл Тўмарис ҳақидаги ривоятларни ўқиб улғайган авлодмиз. Ватан ҳимояси йўлида, керак бўлса йигитлардек от чопган, қилич сермаган, қатъияти ва жасурлиги билан Эрон подшосини енгган ёвқур момомиздан фахрланиб юрамиз. Шижоатли, ҳар соҳада илғор, қадамидан ўт чақнайдиган аёлларни кўрсам, Тўмарис авлоди эканлигимизга ишонгим келаверади. Насиба Тойлоқова билан яқиндан танишганим сайин юқоридаги фикр бот-бот хаёлимга келди. Таассуротларимни сизга ҳам илингим келди. Мирзаобод Тўмарисининг қилаётган ишлари билан танишдим...

    ... дастлаб...

    Мамлакатимизда олиб борилаётган янгиликлар, ўзгаришларни кўриб, бундай ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшиш истагида ёнган илғор фермер Насиба Тайлоқова ишни қийналган, қўлида бирор ҳунари йўқ аёлларни касбга ўргатиш, ишли қилишдан бошлашни ният қилди. Президентимизнинг доимо хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама кўмак беришга қаратилган ташаббуслари бугун минглаб нозик жинс вакилаларининг қалбида ишонч, шижоат ҳамда миннатдорлик туйғуларини уйғотмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир туман ва шаҳар кесимида аёллар бизнес лойиҳалари рўйхатини шакллантириб, ойма-ой молиялаштириш, хотин-қизлар тадбиркорлиги дастури доирасида соддалаштирилган кредитлар ва грантлар ажратиш бўйича бир қатор топшириқлар берилди.

    — Аёлларнинг қийналиб, нимагадир зориқиб яшашини, бировларнинг олдига бориб, жавдираб ёрдам сўраб туришини истамайман. Тўғри, ҳаётда ҳар хил ҳолат бўлади. Қўлида ҳунари, ишлай деса иши бўлмаслиги мумкин. Турмуш ўртоғи ёки фарзанди касал бўлиб, давога мухтождир... Лекин нима бўлганда ҳам тан-жони соғ одам ўз эҳтиёжини ўзи қондириши, бировга муте бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайман, — дейди тадбиркор аёл сўзининг аввалида. — Режаларим бисёр, амалга ошириш учун эса маблағ керак, жуда катта маблағ. Ўтган йили рўй берган Сардоба тошқинида туманнинг тўртта ҳудуди зарар кўрди. Раҳбарлар бутун диққат-эътиборини зарар кўрган ҳудуд аҳолисига ёрдам беришга қаратиб турган пайтида улардан ёрдам сўрашни ўзимга эп кўрмадим. Маблағ топиш мақсадида Республика маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган грант танловида ўз лойиҳам билан қатнашдим. Хотин-қизлар ўртасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ишчи ўринлари яратиш мақсадида тикувчилик цехи, хотин-қизларни ҳунарга ўргатиш учун ўқув марказлари ташкил этиш лойиҳаси ташкилотчилар томонидан маъқулланди ва 200 миллион сўмлик грант ажратилди. Ажратилган маблағга тикув машиналари, оверлоклар, дазмол столлари, пресслаш аппарати, хуллас, тикув цехи учун зарур бўладиган асбоб-ускуналар сотиб олинадиган бўлди. Эндиги навбатда тикувчилик асбоб-ускуналарини ўрнатадиган жой топиш муаммосини ҳал қилиш керак эди. Узоқ ўйлаб ўтирмай, туманда бўш турган коллеж биносини ижарага олдим. Атрофимга ишлайман, деган фидойи инсонларни тўпладим, ўзим бош бўлиб, таъмирлаш ишларини бошлаб юбордим. Хоналарни ҳам дарс машғулотлари ўтказиладиган, ҳам ишлаб чиқаришга мослаб таъмирлар эканман, эстетик жиҳатига ҳам алоҳида эътибор қаратдим. Ахир бу ерда аёллар касб-ҳунар сирларини ўрганади, улар касб ўрганиш билан биргаликда дидларини ҳам ўстириб боришлари керак, деб ҳисобладим.

    Аёлга ҳам қирқ ҳунар оз

    Ишга астойидил бел боғлаган аёл хона деворлари рангига пардалар рангини мослаштирди. Узун каридорларга, ўқув хоналарида парталар орасига гиламлар тўшатди. Хотин-қизларга бир хил иш кийимлар, рўмоллар тиктириб, оёқларидаги шиппаклари ҳам бир хил бўлишига эришди.

    — Уйида қандай шароитда яшашларидан қатъий назар, марказга келган ҳар бир аёл ўзини ҳар томонлама тўкис, бахтли ҳис қилсин, зеро улар бунга ҳақлидир”, — дейди Насиба. — Ўқув марказимизда фитобар ташкил қиляпман, фитнес клуби очяпмиз, мақсадимиз аёлларнинг ўзига бўлган ишончларини ошириш. Собиқ коллеж биносини ижарага олганимни айтиб ўтгандим, ошхонасини ҳам таъмирладик. Курсда ўқиётган аёллар учун бепул нонушта ва тушликда иссиқ овқатни ташкил қилганмиз. Қорни тўқ бўлса, ҳунар ўрганиши осонроқ бўлади, бу синалган усул.

    У билан мулоқотимиз давомида телефони тез-тез жиринглаб, суҳбатимизни бўлиб турди. Кимдир курсга ёзилмоқчи, кимдир маслаҳат сўраган, яна кимдир эса... телефондан баралла эшитилиб турган аёл овози... “опажон, илтимос, сиз ҳақингизда кўп эшитганман, телефонингизни зўрға топдим, менга ёрдам беринг, эрим онкологияда ётибди, аҳволи оғир, операцияга пул керак....”. Вақтимни ҳисобга олиб қўнғироқларга қисқагина жавоб бериб турган Насиба бу аёлнинг сўзларини охиригача эшитди. Юпатди. Керакли суммани етказиб беришга ҳаракат қилишини айтди, манзилини сўради... “Бундай илтимослар тез-тез бўлиб турадими?” сўрайман ундан.

    — Ҳа, — деб жавоб беради у ҳорғин. — Афсуски, аёлларга ёрдам керак, айниқса, эҳтиёжманд оилаларда яшовчи хотин-қизларга. Бировининг турмуш ўртоғи касал, ишлай деса ҳунари йўқ, бировининг боласи шартнома асосида ўқийди... Қўлимдан келганча ёрдам қиламан, имкон топа олмасам, яхши гап билан кўнглини кўтараман, вазиятдан чиқишга биргаликда йўл қидирамиз. Бундай аёллар дардини яхши тушунаман. Бошимдан ўтган...”. Кўз ёшларини ютади аёл. Кейин кўрган-кечирганларини ҳикоя қилади:

    — Юнус Эмро айтадики: “ Дардли ҳолин дардли билар, дардни не билсин соғлари... Яна донишманд халқимизда шундай мақол бор “ табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб...”. Касбим ҳамшира. Гулистон тиббиёт билим юртини битирганман. Шифохонада ҳамшира бўлиб ишлардим. Ўз касбини севадиган, фарзандларининг меҳрибон онаси, бахтли оиланинг бахтиёр бекаси эдим. Табиатан жуда ғайратли, тиниб- тинчимас бўлганим учун фақатгина ҳамширалик билан чегараланиб қолгим келмасди, яна нимадир ишлар қилгим, оиламнинг тўкин ҳаётига ўз ҳиссамни қўшгим келарди. 2002 йили тумандаги мавжуд захирадаги ерлардан “Насиба Ғанишер қизи” фермер хўжалигини ташкил қилиб, 26 гектар ерга буғдой, пахта экдим. Туманда бўладиган йиғилишлардан бирида ўша вақтдаги туман раҳбари менга ишончсизлик билан: “Оқ билакли ҳамшираларимиз ҳам фермерликни орзу қилибди-да. Дала ишларини машаққатини кўргач, биринчилардан бўлиб, ишни ташлаб кетсангиз керак?” дегани ҳеч эсимдан чиқмайди. Бу гап нафсониятимга тегди. Ўрнимдан турдимда: “Ҳоким бува, мавсум охирида кўрасиз, ғалла ва пахта планини ҳаммадан олдин бажараман”, дедим дадил. Сўзимни устидан чиқиш учун бор имкониятимни ишга солиб, кечани кеча, кундузни кундуз, демай ҳаракат қилдим. Ўзим трактор ҳайдадим, ўзим культивация қилдим. Меҳнатларим зое кетмади, айтганимдай, планни биринчилардан бўлиб, ортиғи билан бажардим. Юзим ёруғ бўлди, аммо... ўша йили турмуш ўртоғим кутилмаганда иш вақтида инфаркт олиб, ҳаётдан кўз юмдилар... Энди менинг суянчиғим, маслаҳатчим йўқ эди. Фермерлик, бу ёқда ҳамширалик, яна бешта ёш боланинг тарбияси... Ҳаётда қийналган аёлларни кўрсам, нега ёрдамга шошилишимни энди тушунгандирсиз? Бошимдан ўтган... Ёрдам берадиган одам тугул, дардимни эшитадиган кимса топишим ҳам роса қийин бўлган. Эшиклар ўз-ўзидан ёпилиб қолаверар, арзимаган нарсага ҳам қийинчилик билан эришардим. Лекин ўзимни тез қўлга олишга ҳаракат қилдим. Кўзимга мўлтираб турган бешта норасида гўдакларим учун ҳам оёққа туришим, шуларнинг бекаму-кўст яшаши учун ҳам курашишим кераклигини тушуниб етдим. Ҳамма нарсанинг вақт деган ўз давоси бор. Чорасиздек кўринган ҳар қандай дард ҳам вақт ўтиши билан ўз давосини топиб кетар экан. Турмуш ўртоғим вафот этган пайт кўнглимга ҳеч нарса сиғмай, шошилиб фермерликни топшириб хато қилганимни тушуниб етдим. Менга тинчлик бермаётган ғайрат-шижоатимнинг амрига бўйсуниб, тумандаги захира ерлардан олиб, янгидан фермер хўжалиги ташкил қилишни дилимга тугиб, ҳаракатни бошладим. Мақсадимга эришдим. Энди қийинчиликлардан чўчимасдим, сабаби бу вақтга келиб фарзандларим вояга етиб, қўлим узайиб қолган эди. Ўғлим яқин кўмакчим, иш юритувчим бўлган бўлса, уй-рўзғор ишларини қизларим тўлиқ қўлга олган эди. Камҳосил, ташландиқ ерда ташкил қилган фермер хўжалигим тинимсиз меҳнатларим эвазига илғор хўжаликлар сафидан ўрин олди. Ер ҳайдашдан тортиб, культивация қилишгача ўзим бажараман, меҳр билан қайта-қайта ишлов бераман. Шуни яхши биламанки, ерга меҳр берсангиз у ҳеч қачон қуруқ қўймайди. Ишчиларимниям қуруқ қўймайман, маҳаллада қийналган оилалар ҳолидан хабар оламан...

    Яратганга шукур, тумандаги илғор фермер хўжаликлардан бириман. Инсон астойдил ҳаракат қилса, кўзлаган ниятига етишига ҳаётим давомида қайта-қайта гувоҳ бўляпман. Яна бир ниятим бор — аёллар ишли, ҳунарли бўлса-ю, ишлагани четга чиқиб кетмаса, оиласи, фарзандлари бағрида бўлса... Чунки оилада онанинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Ўқув маркази очишимга ҳам, қийналган аёллар учун қайғуришимгаям асосий сабаблардан бири шу аслида. Агар аёл кишининг қўлида ҳунари бўлса, оиласида етишмовчилик бўлмаса, у ҳеч қачон фарзандларини ташлаб чет элга ишлагани кетмайди. Болаларининг тарбияси билан шуғулланади, ўзи сарсон-саргардон бўлмайди...

    Насиба Тайлақова билан хайрлашар эканман бу аёлнинг фаолиятини тўлиқ ёритиб бера олишимга ўзим ҳам ишонмадим. Сабаби, унинг қилган ва қилаётган ишларини биргина мақолага сиғдириш жуда қийин. Лекин унингдек ташаббускор, жонкуяр, тадбиркор аёллар жамиятимизда кўпайишини, ўзгалар мушкулини осон қилиш йўлида тинимсиз изланишда давом этишини жуда хоҳладим. Сўзим аввалида аёл тадбиркор бўлса нима бўлишини исботламоқчи эдим. Энди шу фикрим ўз тасдиғини топди: аёл тадбиркор бўлса, жамиятимиз янада гуллаб-яшнайди!

    Асолат АҲМАДҚУЛОВА,

    журналист

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates