баннер
31 мар 2025
17:05

    Биз қачон кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш босқичига ўтамиз?

    Мамлакатимиз олий таълим муассасаларида аниқ ва мақсадли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

    Талабаларучунижтимоийҳимоядастурларитизимиишгатуширилгани, бунингучундавлатимизтомониданқатордастурларишлабчиқилиб, ҳаётгататбиқэтилаётгани, ижтимоийҳимоягамуҳтожталабаларучунтаълимолишниосонлаштириш, молиявийёрдамкўрсатиш, стипендиявадавлатгрантларимиқдориоширилаётганинитаъкидлашлозим.

    Соҳадаги ислоҳотлар маъмурий ва иқтисодий асосларни янгилаш, таълимга юқори стандарт ва инновацион усулларни жорий этишни тақозо қилмоқда. Шуни инобатга олиб, Тошкент тиббиёт академиясида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, таълимнинг барча босқичида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишга эътибор қаратиб келинмоқда.

    Замонавий талаблардан келиб чиқиб, давлат барча олий таълим муассасалари олдига қатор вазифаларни қўйди. Табиийки, уларни ҳал қилиш инновацияларга ва бутун касбий фаолияти давомида ўқиб ўрганишга тайёр, ҳаракатчан, ўзини-ўзи йўналтира оладиган шахсни шакллантириш ва ривожлантириш билан бевосита боғлиқ эди. Натижада биз анчадан бери кутган тизимли механизм ишга тушди. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида бошқа масалалар қатори тиббиёт таълимига доир режалар, мақсадлар баён қилинди ва бунга қадам-бақадам эришиш шарт экани таъкидланди.

    Бундан ташқари, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлод тарбияси учун зарур шарт-шароит яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

    Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси камайтирилди

    Тошкент тиббиёт академияси ташкил топганига 100 йилдан ошмоқда. ОТМ бугунга қадар 90 мингдан зиёд малакали тиббиёт ходими тайёрлаган. Шу билан бирга мамлакатимиздаги тиббиёт олий таълим муассасаларининг пайдо бўлиши ва шаклланишида ҳам муҳим ўрин тутди. Бугунга қадар Тошкент тиббиёт академиясидан қатор нуфузли тиббиёт ОТМлари ажралиб чиқди. Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент давлат стоматология институти, Ўзбекистон Қуролли кучлари ҳарбий тиббиёт академияси ва Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти шулар жумласидан. Бугун академия таркибидаги Урганч ва Термиз филиалларида тиббиёт кадрлари тайёрланмоқда.

    Мамлакатимиз аҳолисига кўрсатилаётган тез ва сифатли тиббий ёрдам кафолати, соҳага ажратилаётган маблағнинг ҳар бир беморга етиб бориши масаласи, аввало, соғлиқни сақлаш тизимининг устувор йўналиши бўлган кадрлар тайёрлаш сифати билан ўлчанади. Инсон қадр-қиммати улуғланган, манфаатлари устувор юртда юксалиш ва тараққиёт бардавом бўлади. Юртимиз бугун тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйди. Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Тошкент тиббиёт академиясини комплекс ривожлантириш дастури ва тубдан такомиллаштириш механизмлари ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилди. Натижада кафедралар моддий-техник базаси мустаҳкамланди ва модернизация қилинди. Замонавий ўқув-илмий лабораториялар, ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Бундан ташқари, ўқув дастурларида клиникагача ва клиник блоклардаги ўқув соатлари улуши 85 фоиз оширилди. Гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий блоклар бўйича ўқув соатлари 7 фоизгача қисқартирилди, 5, 6 ва 7 йиллик таълим йўналишлари тегишли равишда 4, 5 ва 6 йиллик этиб оптималлаштирилди.

    Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясида мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитиш тизими жорий қилинди. 2023 йилда Тил ўргатиш маркази очилди. Шу кунга қадар мазкур марказда 250 дан ортиқ профессор-ўқитувчи инглиз тили бўйича ўқитилди ва уларга “Medical English” сертификати тақдим қилинди.

    Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси қайта кўриб чиқилди ва охирги йилларга нисбатан ҳозир 20-25 фоиз камайтирилди. Уларнинг илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиши учун имконият яратиб берилди. Пухта назарий билим бериш билан бирга, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш бўйича ҳам муайян ишлар қилинди. Жумладан, талабалар амалиётини ташкил этиш жараёни такомиллаштирилди ва бу бўйича янги тартиб ишлаб чиқилди.

    Бугун беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш, масъулиятли дамда мустақил қарор қабул қилишга қодир мутахассиснинг аҳамияти кескин ортиб бораётир. Шу боис, бир неча йил олдин манфаат эвазига қўллаб-қувватловчи, ҳар қандай янгиликка суст жавоб қайтарадиган таълимдан муқобил, янгиликка ташна, инновацион таълимга ўтиш жараёни бошланди.

    Анъанавий услуб билан талабни қаноатлантириб бўлмайди

    Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ юртимизнинг барча ҳудудидаги тиббиёт муассасалари фаолияти рақамлаштирилмоқда. Шу мақсадда замонавий технологиялар ўзлаштириляпти. “Ақлли” ускуналар ўрнатиляпти. Бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида “Электрон поликлиника” ва “Электрон рецепт” дастурлари босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилаётганини келтириш мумкин.

    Яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда UZINFOCOM ягона интегратори томонидан рақамли соғлиқни сақлашнинг ягона платформаси тақдимоти ўтказилди. Тақдимотда мазкур янги тизим орқали шифокорлар беморларнинг касаллик тарихи ҳақидаги маълумотларни мамлакатнинг исталган ҳудудида онлайн кўриш ва янгилаш имкониятига эга бўлиши, илгари фаолият юритган 50 дан ортиқ ахборот тизими ягона платформага ўтказилиши билан тизим фойдаланувчилари учун қатор ноқулайликлар бартараф этилиши таъкидланди.

    Юртимиздаги кўплаб таълим муассасалари қаторида Тошкент тиббиёт академиясида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кредит-модул тизими жорий этилди ва мустақил таълимнинг улуши 50 фоизга етказилди. Натижада кредит-модул тизими асосида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тартиби ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, таълим йўналишлари бўйича касбий стандартлар, малака талаблари қайта ишланди. Улар асосида бакалаврларнинг касбий компетенцияси шакллантирилди.

    Талабалар амалий кўникмаларни пухта ўзлаштириши учун академияда Симуляция маркази очилди ва замонавий симуляция ускуналари билан таъминланди. Ушбу марказда тренинг, брифинг, дебрифинг хоналари, экспертлар зоналари ташкил қилинди. Шу тариқа талабаларнинг клиник кўникмаларни эгаллаганлик даражасига объектив баҳо бериш имконияти яратилди. Ҳозир марказдаги ҳар бир тренинг хонаси муайян ихтисосликка мослаштирилган, замонавий робот-симуляторлар билан жиҳозланган. Ўқитиш жараёнида ҳам инновацион платформалардан фаол фойдаланилмоқда. Хусусан, Academix 3D ва Pathology дастурлари ўзбек тилида тайёрланди, CyberPatient назорат ва баҳолаш платформаси ишга туширилди. AR&VR labs каби виртуал таълим технологиялари ўқув жараёнига татбиқ этилди.

    ОТМнинг бош ўқув биносидаги онлайн стационар ва онлайн поликлиника талабаларга масофадан туриб мураккаб жарроҳлик амалиётини кузатиш имкониятини беряпти. Битирувчи талабаларнинг оилавий шифокор сифатидаги кўникмаларини шакллантиришга шароит яратилди. Шунингдек, академияда Биотиббиёт технологиялари маркази очилди. Талабалар, илмий изланувчилар учун илм-фанга доир изланишлар олиб бориш учун имконият ҳозирланди. Марказда тиббий генетика, ҳужайра технологиялари, иммунология, электрон микроскопия, фармакотоксикология, экология каби лаборатория ва илмий мактаблар ташкил этилди.

    Халқаро ҳамкорлик — компетенциялар ривожи сари йўл

    Бугун мамлакатимиздаги барча ОТМ олдига дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари рейтингидан жой олиш вазифаси қўйилган. Халқаро алоқаларни йўлга қўймай туриб бу натижага эришиш қийин. Шу боис ҳам олий таълим тизимидаги халқаро ҳамкорлик масаласи мувафаққиятли натижаларни қўлга киритишда муҳим жиҳатлардан. Хориж тажрибаси синалган ва ишончли андозалар ишлаб чиқиш учун битмас-туганмас манбадир.

    Академияда халқаро ҳамкорлик борасидаги ишлари ҳам жадал ривожланмоқда. Жумладан, ОТМда 2024 йили хорижлик талабалар сони 1600 нафарни ташкил этди. Чет элнинг 70 га яқин етакчи ташкилоти билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Халқаро талабалар мобиллик дастури амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, хорижлик 50 га яқин мутахассис таълим жараёнига жалб этилмоқда. Жумладан, Жанубий Корея, Россия, Ҳиндистон, АҚШ каби давлатлардан келган соҳа мутахассислари ўқув жараёнида иштирок этмоқда.

    Халқаро рейтингларда ҳам академия муносиб поғоналардан жой олмоқда. Мисол учун, Times Higher Education WUR, Asia University Rankings рейтингида Reporter бўлди. THE Impact Ranking 2024 SDG3, SDG4: 601-800, SDG4 – 800-1000 QS Stars 4 юлдузли Very Good мақоми олинди. Бундан ташқари, академия RUR 2024 WUR рейтингида 887-ўринни, UI GreenMetric рейтингида 983-ўринни, WURI Ranking Top 100 in Thirteen Categories рейтингида 100-ўринни, Webometrics рейтингида Ўзбекистон тиббий ОТМлари орасида 1-ўринни, миллий рейтингда 7-ўринни, тиббий ОТМлари орасида 2-ўринни эгаллади.

    Жорий йилда академиянинг 10 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 9 та магистратура, клиник ординатура ва малака ошириш мутахассисликлари — жами 19 та таълим дастури Жаҳон тиббий таълим федерацияси халқаро стандартларига мувофиқлиги бўйича мустақил аккредитация ва рейтинг агентлиги – IAAR томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилди.

    Хуллас, қилинган ва қилиниши керак бўлган иш кўп. Бугун тиббиётнинг барча бўғинида — бирламчи тиббий санитария ёрдамидан тортиб, ихтисослаштирилган тиббий хизматгача — тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, кўрсатиладиган тиббий хизмат турлари кўпайди. Бундай хизмат кўрсатувчи муассасалар тармоқлари ҳудудлар, туман-шаҳарларгача етиб борди. Уларни кадрлар билан таъминлаш ва малакасини оширишга эътибор кучайди. Шу эътибор асло сусаймаса, яқин йилларда чинакам мукаммал тиббий хизмат ва тиббий маданият шаклланади. Мамлакат тиббиёт марказларида хизмат кўрсатишнинг очиқ ва шаффоф, янги тизимига юз фоиз ўтилади, халқимиз генофонди мустаҳкамланади.


    Шуҳрат БОЙМУРОДОВ,

    тиббиёт фанлари доктори, профессор


    Ҳамкорлик материали

    Телеграм каналимиз
    Text to speech