Азму шижоатли ёшларимиз ватанни севади ва дунёни ҳайратга солади

    Ўн етти ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон терма жамоаси тарихий ғалаба билан Осиё кубогини қўлга киритди!

    Навқирон футболчиларимизнинг рақиб жамоа майдонидаги матонатли ўйинини, тарихий ғалабасини кузата туриб Ҳазрат Бобурнинг ушбу байти ёдимга тушди:

    “Баҳор айёмидур, дағи йигитликнинг авонидур,

    Кетур, соқий, шароби нобким, ишрат замонидур”.

    Бу байтда ҳазрат соқийга хитоб этиб, энг тоза май — муҳаббатдан қалбларга қуй, баҳор байрами, йигитликнинг замонидир, дей­ди. Яъни баҳор уйғониш ва янги ҳаёт дебочаси. Бу замон — йигитлик даврида қалблар муҳаб­батга тўлсин, дейди. Май тимсолидаги муҳаб­бат илоҳий ишқ экани яхши маълум. Зеро, қалби — Аллоҳда, қўли — меҳнатда бўлган халқимиз буни яхши англайди. Юрагида ана шундай муҳаббати бўлган кишигина футболчиларимиз каби қаҳрамонлик қила олади. Ахир митти майсани, инсонларни, еру осмонни, муҳими, ватанни севмай туриб қаҳрамон бўлиш мумкин эмас!

    Президентимиз футбол бўйича ўн етти ёшгача бўлган Ўзбекистон терма жамоаси аъзо­ларига йўллаган табригида уларнинг қаҳрамонлигини бундай эътироф этди: “Сизлар каби навқирон, азму шижоатли ёшларимизнинг бутун турнир давомида биронта ҳам мағлубиятга учрамасдан, рекорд натижа кўрсатиб, жонажон Ватанимиз шарафини мардона ҳимоя қилганлари, ҳеч шубҳасиз, миллий футболимиз тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган шонли воқеа, десак, тўғри бўлади”.

    Тошкент аэропортида музаффар футболчиларимиз кенг жамоатчилик вакиллари, спортчиларнинг ота-оналари, яқинлари иштирокида тантанали кутиб олинди.

    Тантанали тадбирда Ўзбекистон Респуб­ликаси Бош вазири А.Арипов Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёевнинг футболчиларимизга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ­Администрацияси департаменти раҳбари О.Абдураҳмонов Президентимизнинг тегиш­ли фармони билан спортчилар ва уларнинг мураббийи, футбол тарғиботи йўлида фидойилик кўрсатиб келаётган спорт шарҳловчилари давлатимизнинг юксак мукофотлари — “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони, ­“Келажак бунёдкори“ ва “Шуҳрат” медали билан тақдирланганини эълон қилди.

    Фармон билан футбол бўйича Ўзбекистон U-17 терма жамоаси бош мураббийси Исломбек Исмоилов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони, футболчиларимиз эса “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланди. Шу билан бирга, бош мураббийга Президент совғаси — Chevrolet Equniox ва ёш футболчиларимизга Chevrolet Cobalt русумли автомобиллар топширилди.

    Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар бугун юртимизда спортга, хусусан, ёшлар футболига катта эътибор қаратилаётганини эътироф этди.

    Тантанали тадбирда Ўзбекистон Респуб­ликаси спорт вазири А.Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О.Умаров, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раиси Б.Қурбонов, Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев, Тошкент шаҳар ҳокими Ш.Умурзаков ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

    Тан олиш керак, рақиб майдони — Тоиф шаҳридаги “Қирол Фаҳд” стадионида ўтган ўйинда ғалаба қозониш осон бўлмади. Ўйин­нинг биринчи бўлими тугаши арафасида терма жамоамиз вакиллари иккита қизил карточка олди. Оқибатда жамоамиз икки ўйинчи кам бўлиб мусобақани давом эттиришга мажбур бўлди. Бу йигитлар учун ҳақиқий синов эди. Ўша онларда футболчилар ўрнида ўзимни тасаввур қилиб кўрдим. Бутун дунё — ўриндиқларни тўлдирган мухлисларнинг катта қисми, ҳуштагини дам-бадам чалиб йўл кўрсатмоқчи бўлаётган ҳакам ва унга кўмакчи бўлган байроқдорлар ҳам менга... йўқ, бизга қарши турган эди. Аксига олиб, кучли дея эътироф этиладиган (спортда куч нисбий тушунча!) рақиб жамоада 11, бизда 9 ўйинчи. Шундай лаҳзаларда нима ёрдам беради, қандай куч ғалаба сари етаклайди?! Албатта, муҳаббат! Бобур бобомиз айтмиш илоҳий ишқ — шу еру осмонга, муқаддас ватанга муҳаббат!

    Ана шу муҳаббат ҳосиласи бўлган қаҳрамонлик сабаб терма жамоамиз икки бора рақиб дарвозасини ишғол этди. Муҳаммад Ҳакимов, Садриддин Ҳасанов ушбу голларнинг муаллифи бўлди.

    Кубокнинг финал баҳсигача бўлган йўл ҳам шунчаки босиб ўтилмади. Ўзбекистон терма жамоаси илк ўйиндан токи финалгача шонли юриш қилди. Вакилларимиз ниҳоятда ажойиб натижаларни бирма-бир қўлга киритиб борди. U-17 ёш тоифасидаги терма ­жамоамиз дастлаб гуруҳ баҳсларида Таиланд термасини 4:1, иккинчи турда Хитойни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига йўлланма нақд бўлди.

    Гуруҳ босқичининг сўнгги турида ўсмирларимиз Саудия Арабистонини 3:0 ҳисобида, чорак финалда эса БАА терма жамоасини 3:1, ярим финалда КХДР термасини 3:0 ҳисобида енгди. Бундай натижа финалда дуч келадиган рақиб жамоани сергак торттиргани рост. Ана шу сергаклик сабаб ўйинчиларимиз турли босимларни бошдан ўтказди.

    “Эй миллат кўксида унган лолалар,

    Ҳақиқат синмагай, гарчи букилди.

    Бу шунчаки кубок эмас, болалар,

    Ўйинга ўзбекнинг ори тикилди!”

    Шоир Зоҳиджон Олов рост ёзди. Ўйинга миллатнинг ори тикилган эди. Азалдан бошини тик тутиб, орини ҳимоя қилган миллат болалари аждодларга муносиб авлод эканини кўрсатиб қўйди. Айни дамда янги Ўзбекистонда ёш истеъдодлар кучга тўлиб келаётганини яна бир карра дунё аҳлига эслатиб қўйди.

    Президентимиз терма жамоамизга йўллаган табригида “Эл-юртимиз сизларнинг тимсолингизда доимо олдинга интилиб яшайдиган, юксак марраларни забт этишга қодир янги Ўзбекистон ёшларининг энг ёрқин вакилларини кўради ва сизлар билан ҳақли равишда фахрланади”, деди.

    Шу ўринда ҳақли савол туғилади: инсон, айниқса, навқирон авлод қалбида юртга муҳаб­бат қандай пайдо бўлади? Ҳа, инсон, ­умуман, тирик жон борки, уйига интилиб яшайди. Уни яхши кўради. Шу жиҳатдан ватанпарварлик туғма бўлади деб қараш мумкин. Аммо яна бир ўзгармас қоида бор: жамият турфа қараш ва тафаккурдаги инсонлардан таркиб топади. Уларнинг аксари асл туйғулардан узоқлашиб, ўткинчи нарсалар атрофида ўралашиб қолиши ҳам рост. Шу боис, инсон қалби тарбияланади. Ана ўша тарбия сабаб ёшлар ватанпарварлик руҳида камол топади.

    Кейинги йиллардаги ўзгаришлар, инсон қад­ри учун амалга оширилган ислоҳотлардан ана шундай эзгу мақсад кўзланган. Ушбу тарихий ўйин туфайли мамлакатимизда спортга, хусусан, футболни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий натижасини кўрдик. Бундан ташқари, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Уларнинг бандлигини таъминлаш учун қилинаётган ишлар, тадбиркорлик ниятидаги йигит-қизларга берилаётган имтиёзлар ҳам шулар жумласидан. Ахир фойдали юмуш билан банд инсон қалбида бекорчи ўйларга, ёт ғояларга ўрин қолмайди. Ўрни келганда ватанпарвар, элга мададкор ёшларни камол топтиришда китобхонликка катта эътибор берилганини ҳам эътироф этиш керак. Президентимиз ташаббуси билан китобхон ёшларга автомобиль совға қилиш анъанага айланди. Бундан ташқари, олий таълимдаги ўзгаришлар-чи!

    Таълим коррупциядан холи соҳага айлантирилди. Олий таълимнинг қамрови ошди. Айни дамда хорижда таҳсил олаётган ёшлар сафи кенгайди. Бундай ижобий ўзгаришлар ҳамон давом этмоқда. Масалан, яқиндагина нуфузли халқаро фан олимпиадалари ғолибларига тўланадиган мукофот миқдори 5 баробарга оширилди. Буларнинг барчаси ёшлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотади. Ана шу ишонч хотиржамлик бахш этади. Бундай сокинлик қалбга қувват бериб, эзгу ўйларга эшик очади.

    Ҳа, ватанпарварлик деган улуғ туйғу ана шундай эзгу ишларнинг жамланмаси ўлароқ шаклланади. Ёш футболчиларимизнинг ғалабаси мисолида янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар ёшлари камол топаётганига яна бир карра амин бўлдик!

    Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    июн, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates