баннер
26 апр 2025
09:55

    Янги босқичга кўтарилган муносабатлар: биз ягона кучмиз

    Марказий Осиё халқлари азалдан ёнма-ён яшашган, қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишган. Кейинги йилларда фаоллашган иқтисодий-сиёсий ва маданий-гуманитар алоқалар қардош мамлакатларни янада яқинлаштирмоқда.

    Албатта, мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни юқори даражага кўтаришда, уларни ривожланиш стратегиясини белгилашда ва амалга оширишда давлат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган сиёсати муҳим омил бўлмоқда.

    Жумладан, Ўзбекистон ички сиёсатида кузатилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, очиқлик ва янгиланишлар, мамлакатнинг ташқи сиёсатида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Мамлакатимиз халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида, минтақа ва глобал даражада фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантирмоқда. Бундай изчил, аниқ ва конструктив ташқи сиёсатни халқаро экспертлар ва кузатувчилар ҳам эътироф этмоқда.

    Хусусан, давлатимиз томонидан азалий ва ягона тарихий илдизларга эга бўлган Марказий Осиё мамлакатлари билан бўлган муносабатлар ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда

    Қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг минтақавий саъй-ҳаракатлари туфайли Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Бу вақт ичида минтақамизда дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорлик муҳитини яратишга эришилди.

    Хусусан, чегара постларининг очилиши ва улар сонининг кўпайтирилиши, визасиз режимнинг жорий этилиши кабилар халқларимизнинг ўзаро борди-келдисини енгиллаштирмоқда. Ўзбекистон олиб бораётган ташқи сиёсатдаги конструктив ёндашув туфайли йиллар давомида муаммо бўлиб келган кўпгина масалалар, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, трансчегаравий, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, фуқароларнинг чегара пунктларини кесиб ўтиши, ўзаро туризмни ривожлантириш каби долзарб масалалар минтақа давлатлари томонидан очиқ ва дўстона руҳда ҳал қилинмоқда.

    Жорий йилнинг 31 март куни Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган қўшма учрашуви ҳам ўзаро ҳамкорликнинг янги механизмлари ташкил этишда муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг дастлабки учрашувлари Рамазон ҳайити қутловлари билан бошланганлиги ҳам ушбу учрашувнинг нақадар хайрли тусда бошланганлигининг исботи бўлди. Учрашув давомида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик юксак даражага кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

    Жумладан, мамлакатлар ўртасида 2024 йилда товар айирбошлаш ҳажми 700 миллион доллардан ошди. Саноат, энергетика, электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Самарали ҳудудлараро алоқалар ва фаол маданий-гуманитар алмашинув йўлга қўйилган.

    Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари ҳузурида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари икки мамлакат ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг кучга кириши ҳақидаги баённомани имзоладилар ва ратификация ёрлиқларини алмашдилар. Шартнома ўтган йили 18 апрель куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги икки томонлама саммитда имзоланган эди. Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш лозимки, “Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани (Душанбе, 2024 йил 18 апрель) ратификация қилиш ҳақида” Ўзбекистон Республикасининг қонуни 2025 йил 12 февраль куни имзоланган бўлиб, 31 март яъни ҳужжат ратификация ёрлиқлари алмашилган кундан эътиборан кучга кирди.

    Шу куннинг ўзидаёқ давлатимиз раҳбари Тожикистон ва Қирғизистон етакчилари билан уч томонлама учрашувда иштирок этгани ташрифнинг нақадар долзарб ва натижавий бўлганлигининг исботидир.

    Президентимиз Тожикистон ва Қирғизистон томонларини барча масалалар узил-кесил ҳал этилгани ҳамда Давлат чегарасини делимитация қилиш тўғрисидаги шартнома имзолангани билан самимий табриклади.

    Ушбу ҳужжат, шунингдек, уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида имзоланаётган шартнома барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга, бутун минтақанинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Тантанали равишда очилган Дўстлик стеласи эса қардош мамлакатлар ўртасида мустаҳкамланиб бораётган яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларининг янги рамзига айланиши қайд этилди.

    Шу ҳафта Самарқандда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити ва минтақадаги умумий экологик таҳдидларга бағишланган Иқлим форумини, май ойида Кўрфаз араб давлатлари билан саммит, сентябрь ойида эса Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувини ўтказиш, чегарадош ҳудудларнинг ҳамкорлигини ривожлантириш, чегаралардаги божхона пунктларини комплекс модернизация қилиш ва кенгайтириш, қулай, замонавий савдо ва логистика инфратузилмасини шакллантириш, мамлакатлар ўртасида транспорт алоқаларини ривожлантириш, “Яшил” энергетика ва транспорт соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳалар, сув ва экология дастурларини илгари суриш каби долзарб ва стратегик масалалар юзасидан муҳокамалар ўтказилди.

    Учрашув якунида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди ҳамда уч давлат раҳбарларининг Қўшма декларацияси қабул қилинди.

    Куннинг энг қувонарли дақиқаларидан бири Президентлар иштирокида уч мамлакат давлат чегаралари туташган ҳудудда Дўстлик стеласини тантанали равишда очилиши бўлди. Чунки бугунги таҳликали замонда чегарадош республикалар тинчлиги ҳамда иқтисодий-сиёсий ҳаёти ҳар бир ривожланаётган давлат учун муҳим ҳисобланади. Бежизга қадимдан “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган нақл халқларимиз орасида муҳим жиҳатлардан бўлмаган. Ушбу ёдгорлик қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг янги рамзи бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

    Хўжанд шаҳрида ўтган уч томонлама саммит доирасида Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиб бораётганлиги алоҳида эътироф этилди. Товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 70 фоизга ошди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида, шу жумладан қўшма Инвестиция жамғармаси кўмагида саноат кооперацияси муваффақиятли ривожланмоқда.

    Уч мамлакат маданият ва санъат усталарининг концертида давлатимиз раҳбарининг “Бундан буён чегаралар – биродарлик чизиқлари, янги имкониятлар, бунёдкорлик ва ҳамкорлик маконидир”, деб таъкидлаган сўзлари қардош мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда дўстлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишида муҳим қадамлардан бири бўлганлигининг исботидир.

    Дадиллик билан таъкидласа бўладики, ўзбек-қирғиз-тожик халқлари ўртасидаги қардош-ҳамкорлик муносабатларининг янги саҳифаси бошланди. Ва ушбу ўтказилган уч томонлама саммит ушбу муносабатларнинг дебочаси бўлиб хизмат қилади.

    Муҳайё ИСМОИЛОВА,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази

    Тошкент шаҳар бўлими раҳбари

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech