Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари

    Бўш вақтда 15 декабр 2024 52

    Давлатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш ва ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йуналиши бўлиб, Конституциямиз ва кодексларимизда, қонунларимизда инсон эрки, қадр-қиммати энг олий қадрият сифатида мустаҳкамланди.

    Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 58-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”. Бугунги кунда изчиллик билан амалга оширилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ушбу муҳим масала теран акс этган.

    Ўз навбатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида хотин-қизларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқларга барҳам бериш ҳамда ҳар қандай зўравонликларнинг олдини олиш бўйича қатор қонунлар қабул қилинган.

    2019 йил 2-сентябрда Ўзбекистон Республикасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуни қабул қилинди. Зўравонлик жамиятдаги энг ёмон иллат сифатида инсонлар ўртасидаги тенгликни, эркинликни йўққа чиқаради. Қарамлик, қуллик, бошқалар устидан ҳукм юритиш, уларни таҳқирлаш ва камситишга олиб келади. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш лозим.

    “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йилда қабул қилинган Қонун ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йилда қабул қилинган қонунларда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка барҳам бериш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши, уларни ижро этувчи ваколатли органлар, уларнинг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари, ижро этиш механизмлари, жамоатчилик назоратини олиб бориш имкониятлари каби қатор тартиб тамойиллар белгилади. Шунингдек, биринчи маротаба “ҳимоя ордери” тушунчаси киритилиб, уни бериш тартиби, ҳимоя ордери зўравонликдан жабрланувчига берилиши назарда тутилган.

    Тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ҳимоя ордерини ўттиз кун муддатгача беради ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Зўравонлик факти мавжуд бўлган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг бошпана бериш тўғрисидаги талаби бўйича тегишли ваколатли органлар ва ташкилотлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг махсус марказларга жойлаштирилишини таъминлайди.

    Қонун аёлларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга, шунингдек тазйиқ ва зўравонлик қурбонларини ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга қаратилган бўлиб, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек бундай қилмишларни содир этганлиги учун жавобгарлик белгиланган.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармонининг 69-бандида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш борасида қатор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш; гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни амалга ошириш; хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш; ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш; турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш; оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш; «Аёллар дафтари» билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш кабилар.

    Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ўтган йиллар давомида мамлакатимизда аёл-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида бир қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши жамиятда, турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда хотин-қизларга нисбатан муносабатни янада яхшилаш, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни тобора мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.


    Гулноза Юсупджанова,

    ТДЮУ Жиноят-процессуал ҳуқуқи

    кафедраси ўқитувчиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates