Фидойилик формуласи

    Таниқли журналист Нодир Маҳмудовнинг ҳали сиёҳи қуримаган янги китобини варақлаётиб, устозимиз таниқли ёзувчи, филология фанлари доктори, профессор Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Журналистика – ижодий жараён майдони, журналист – ижодкор шахс. Тарихга назар ташланса, қачон ва қаерда бўлмасин матбуот муайян қарама-қаршиликлар оламида яшаган, фаолият юритган” деган сўзларини эсладим.

    Дарҳақиқат, журналист қалами инсонларга, жамиятга арзигулик фикр кўламини, ўзига хос мулоҳазалари залворини ҳадя эта олганидагина ўзини оқлайди.

    Нодир Маҳмудов «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти ташкил этилган илк йиллардан бошлаб фаолият юрита бошлаган чоғида айни талаб, яъни асл журналистга хос «қалам» залвори ниҳоятда зарур эди. У маданият, маънавият ва маърифат бўлими мудири сифатида ўзидан ҳам, бўлим мухбирларидан ҳам ана шу мезонни талаб қилди. Натижада бўлимда мўъжазгина самимий мулоқот ва қизғин мунозаралар майдони юзага келди. Айниқса, мақолаларга сарлавҳа қўйишда Нодир акага тенг келадиган йўқ эди. Мақоланинг «жон томири»ни ушлаб, муаллифнида ҳайратда қолдирадиган сарлавҳани бир зумда топиши билан бизни кўп бора лол қолдирган. Устоз баъзиларга жуда мураккаб туюладиган ижтимоий–сиёсий мавзуларнинг қаловини топиб, оддийгина сўзлар билан ёрита олади. Айниқса, ижодкорнинг «Янгиланаётган эски шаҳар», «Турма – югур, тинма – тириш, букилма – юксал», «Маънавиятдан иқтисод қилинган бир сўм», «Илтимос, савия билан ярашиб олинглар!» , «Юракка кўмилар асл шоирлар», «Тарихнинг очилмаган саҳифалари: «Қадимчилар кимлар?» номли мақолалари газетхонлар эътирофига сазовор бўлди.

    Маҳоратли журналист қайси мавзуга ёндашмасин, ўзбекона нигоҳ, қадрият ва анъаналаримиз истараси унинг сўзларидан балқиб туради гўё... «Фидойилик формуласи»ни варақласангиз ўзингиз бунга гувоҳ бўласиз.

    Устоз, қайноқ қалбингиз, зийрак нигоҳингиз жамланмаси бўлган китобларингиз сафи янада кенгаяверсин. Умрингизга, ризқингизга, ижодингизга Аллоҳ барака берсин.

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири,

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates