Сўнгги лаҳзагача ҳарбий либосда хизмат қилган генерал

    1949 йилнинг айни саратон пайти, кун ниҳоятда қизган, бутун борлиқ жазирама ҳукмига топширилгандек. Дарахтлар, буталар ва ўт-ўланлар қовжираб кетган. Фақатгина ҳовуз ва ариқлар бўйларида яшиллик сақланган.

    Бу пайтда Келес шаҳарчасининг тупроқли ва тош кўчаларида ўзгача тароват ва сокинлик ҳукмрон эди. Ушбу сокинликни 1949 йилнинг 14 июлида шаҳарча хонадонларнинг бирида янги туғилган чақалоқ йиғиси бузди. Бу паҳлавон келбат чақалоқ Ниёзқул ака ва Бузаҳро опа Чиналиевлар хонадонида дунёга келди. Тўнғич фарзанди дунёга келган Ниёзқул ака унга яхши ният билан Шуҳрат деб исм қўйди.

    Ниёзқул ака зиёли одам бўлиб, асли Қозоғистоннинг Чимкент вилояти Сайрам туманининг Бодом қишлоғида туғилган. Сайрам буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида бир неча бор тилга олинган ва кўплаб авлиёларнинг сўнгги макони бўлмиш сўлим гўшадир. Мана шу ажойиб туманнинг Бодом қишлоғида болалик даврлари ўтган. Ниёзқул ака фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор берарди. Кўнгли ва қўли очиқ бўлганлиги учун ҳам кўпчилик у кишига мурожаат қиларди. Унинг ёнига ёрдам сўраб келган одамларга қўлидан келганча ёрдамини аямаган. Отамларнинг айтишича, Келес шаҳридаги тахта омборида мудир бўлиб ишлаган Ниёзқул ака, қурилиш ашёси тақчил вақтда ҳам ҳеч кимни норози қилмаган эканлар. Ниёзқул ака Бузаҳро опа билан тўққиз нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тараган, булар: Шуҳрат, Ҳожиакбар, Шокир, Шерали, Шаҳло, Шукур, Ботир, Зокир ва Барнолардир.

    Ниёзқул ака фарзандларини оилада ватанпарварлик руҳида тарбиялади. Бу эса ўз навбатида тўнғич фарзанди Шуҳратни 1966 йил мактабдан сўнг, собиқ СССР ИИВ Саратов ички қўшинлар билим юртига олиб келди. Тошкентда зилзила бўлган ва давом этаётган вақт эди. Бўйи баланд ва келишган йигит билим юрти офицерларини диққатини ўзига тортди, лекин барибир биринчи уриниши зое кетди, ўқишга кира олмади. Лекин ёш Шуҳрат чекинмади ва кейинги йил яна ҳаракат қилди. Бир йил олдин имтиҳон вақтида Саратовдаги билим юрти раҳбарларнинг диққатини ўзининг тиришқоқлиги билан тортган ёш Шуҳрат муваффақият билан имтиҳонларни топшириб, ўқишга қабул қилинди. Бу воқеа 1967 йили бўлган эди.

    Шундай қилиб Шуҳрат Ниязов ўз ҳаётини она Ватанга хизмат қилишга бағишлади. Ўқишдаги муваффақиятлари учун билим юрти қўмондонлиги Шуҳратнинг ота-онасига бир неча маротаба миннатдорлик мактубларини юборди. Ҳарбийлик Шуҳратнинг қон-қонига сингиб кетди ва у ҳаётини бошқа соҳада тасаввур қила олмас эди. Билим юртини тамомлагач, 1971 йили Шуҳрат Ниязов Ўзбекистон ҳудудидаги собиқ Иттифоқ ИИВ тизимидаги ички қўшинларда хизмат қила бошлади. Бу ерда ёш офицер генерал-лейтенант Бурхон Сирожиддиновдек забардаст қўмондонлардан сабоқ олди, ҳаёт мактабини ўтади, ҳарбий хизмат сирларини ўрганди. Қўмондонлик уни қаерга юбормасин, у вазифаларни сидқи дилдан бажариб, командирнинг эътирофига сазовор бўлади. Шуҳрат Ниязов командирлик қилган бўлинмалар ҳамиша илғор бўларди. Бунга Саратов Олий ҳарбий билим юртида олган билимлари асосий омил ҳисобланарди. Ёш офицер ўз устида тинмай ишларди, касбий маҳоратини оширарди. ИИВ тизимидаги Ички қўшинларда оддий взвод командиридан бошқарма штаб бошлиғи лавозимигача кўтарилди ва полковник унвонини олди.

    1993 йил март ойида Республика Олий бош қўмондони ва ҳукумати уни ИИВ Тошкент Олий ҳарбий-техник билим юрти бошлиғи лавозимига тайинлади. Бу билим юрти 1990 йил 15 октябрда ташкил этилган бўлиб, собиқ Иттифоқ ИИВ тизимига офицер кадрларни тайёрларди. Шуҳрат Ниязовга билим юрти моддий техник базаси аянчли аҳволда, таълим жараёни ҳам ҳаминқадар аҳволда топширилди. Эндиликда таълим муассасаси бошлиғи этиб тайинлаган Шуҳрат Ниязов бўлажак офицерларни Ватанимиз ва мустақилликка содиқ фарзанд этиб тарбиялашга эътиборини қаратди. Давлатимиз ёш, мустақилликнинг биринчи одимларини қўяётган вақт эди. Шуҳрат Ниязов олдида ўқув жараёнига халақит бермасдан, таълим муассасаси моддий-техник базасини яратишдек улкан вазифа турар эди. 44 ёшли раҳбар кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлади. Айниқса, Қозоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган билим юртининг “Дарбоза” ҳарбий полигонини Ўзбекистонга кўчириш муайян қийинчиликлар туғдирди. Лекин Шуҳрат Ниязов буни уддасидан чиқди ва у ердаги асбоб-ускуналар, жиҳозларни ҳамда инфратузилмани ҳеч қандай йўқотишларсиз Ўзбекистонга кўчириб келишга муваффақ бўлди. Мана шунинг ўзи ҳам бир жасорат эди. Билим юртидаги ўқув жараёнини юқори савияга кўтариш, моддий-техник базасини яратиш, борини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш каби вазифалар билан бирга шахсий таркиб маънавий тарбиясига ҳам катта эътибор берарди. Мажлислар ва йиғинларда шахсий таркибни биринчи навбатда оилавий муҳитни мўтадиллаштиришга ундарди.

    Сир эмас, ҳарбий хизматчи асосан хизматда бўлиб, уйга нисбатан камроқ боради ва бу оилада турли норозилик ҳамда келишмовчиликларни келтириб чиқарар эди. Шуҳрат Ниязов оилани муқаддас билиб: “Оиласига хиёнат қилган ҳарбий хизматчи, ватанига ҳам хиёнат қилади!”, дерди. Ўзи ҳам тўрт фарзандни рафиқаси Мияссар Ниязова билан вояга етказди. Фарзандларининг барчаси Иззат, Икром, Рустам ва Алишер отасининг йўлидан боришиб, ҳарбий бўлди. Ҳозир иккинчи ўғли полковник Икром Ниязов Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларида хизмат қилмоқда. Бошқа фарзандлари нафақада. Генералнинг набиралари Акмал, Адҳам ва Достон Шухратовлар бобосининг изидан боришмоқда. Шуҳрат Ниязовнинг укалари ҳам акаси изидан бориб, Саратов ҳарбий билим юртини тамомлаб, ИИВ тизимидаги турли бўлинмаларда хизмат қилишди. Ҳожиакбар подполковник, Шукур ва Шерали полковник бўлишди. Шокир капитан унвонигача хизмат қилиб, тадбиркор бўлиб ишлади. Укаларидан фақат Ботиргина ҳарбий бўлмади. Кенжа укаси полковник Зокир Чиналиев Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси сафида хизматни давом эттирмоқда.Синглиси Барно ИИВ Қоровул қўшинларида сержант бўлиб хизмат қилиб, ҳозирги кунда нафақада. Тўнғич ўғли Иззат Ниязов ҳам отаси ва амакилари битирган Саратовдаги билим юртида ўқиган.

    Маълумки, давлатимиз сарҳадларига суқилиб кирган террорчи гуруҳларга қақшатқич зарба беришда генерал Шуҳрат Ниязов шахсан ўзи қатнашиб, жанговар амалиётларни нафақат режалаштиришда, балки амалга оширишда ҳам иштирок этарди. Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг тоғли ҳудудларига бостириб кирган террорчи гуруҳларни йўқ қилишдаги жангларда генерал қўлига қурол олиб жанговар амалиётларда қатнашди. “Сизга нима? Генерал бўлсангиз! Ана аскар ва офицерлар етарли-ку, ўзлари эплашади”, деб бошқа генераллар айтишганда ҳам. “Йўқ бу аскар ва офицерларни уйда ота-онаси кутиб ўтирибди. Ўзим уларнинг ёнида бўлсам кўнглим хотиржам бўлади”, деб жавоб берарканлар. Бобомиз буюк Соҳибқирон Амир Темур айтганларидек: “Лашкар бехато бўлмас экан”.

    Аввалига тажрибасизлик қилиб, талафотлар ва йўқотишлар бўлди. Мана шу йўқотиш ва қурбонларни олдини олиш учун генерал Шуҳрат Ниязов қўлидан келганча ҳаракат қилди. Генерал Шуҳрат Ниязов қўл остидаги ҳар бир ҳарбий хизматчини ўз фарзандидек кўриб, уларнинг ҳаёти учун жавобгарликни қаттиқ ҳис қилар эди. Жангларда ҳарбий хизматчилар талафот кўрмай, жанговар вазифани бажаришларини истарди. Оилада ягона фарзанд бўлган йигитларни жанговар амалиётга жалб қилмасликка ҳаракат қилардилар. Жанговар амалиётдан аввал, шахсан ўзи ҳарбий хизматчиларга йўриқнома ўтарди ва жангда беҳудага ўзларини ўққа-чўққа урмасликларини таъкидларди. 2000 йил кузида республикамиз заминига суқилиб кирган террорчиларни йўқ қилишда генерал шахсан ўзи махсус бўлинма ҳарбий хизматчилари билан вертолётда учиб, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Қирғизистон чегараси билан ёндош бўлган тоғли ҳудудларини жангарилардан тозалашда қатнашиб, саккиз нафар террорчиларни ер тишлатишда фаол иштирок этиб, ғалаба билан қайтиб келган. Энг асосийси, мазкур амалиётда шахсий таркиб орасида йўқотишлар бўлмаган. Ҳамма соғ-саломат базага қайтиб келган. Жанговар амалиётларда қатнашган генерални, айниқса, шахсий таркиб алоҳида ҳурмат қиларди ва яхши кўрарди. Генерал Шуҳрат Ниязов: “Биринчи навбатда шахсий таркиб саломатлиги, қолгани секин бўлаверади”, деб кўп такрорларди.

    Генерал Шуҳрат Ниязов доим шахсий таркиб учун жон куйдирарди. Қолаверса, ҳарбий хизматчилар Ниязовни жанговар генерал, дейишарди.

    Жаннатмакон Ўзбекистонимиз ҳақида генерал Шуҳрат Ниязов шундай дерди: “Мен Ўзбекистонни ажойиб бир хилқатга ўхшатаман, ич-ичимдан яхши кўраман. Лекин бирор кимса юртимга тажовуз қилса, сўнгги томчи қоним қолгунча ҳимоя қиламан.”.

    Бундай сўзларни фақат ҳақиқий ватанпарвар айта олади. Янги Ўзбекистонни қураётган ёшлар учун мана шундай инсонлар ҳақида кўпроқ маълумотлар керак. Чунки ҳарбий ватанпарварлик янги Ўзбекистонни қураётган ёшлар учун энг керакли ҳис-туйғудир. Ҳукуматимиз генерал Шуҳрат Ниязовнинг меҳнатини муносиб тақдирлади: иккинчи даражали “Шон Шараф” ҳамда “Шуҳрат” орденлари ва бошқа медаллар ҳамда Президент ёрлиғи билан мукофотлади.

    Ўша куни ИИВ Марказий госпиталида даволанган генерал Шуҳрат Ниязов, рафиқаси дазмоллаган хизмат кийимини кийишдан олдин сартарошга соч-соқолини олдирди. Тошойнага қараб хизмат кийимини кийди, яна сочини тараб олди ва рафиқаси Муяссар опага меҳр билан боқиб: “Бу йил иккимиз ҳам 60 ёшга тўлар эканмиз, чарчадим, пенсияга чиқиб, бир дам оламиз”, дедилар. Муяссар опа: “Унақа деманг, сизни ҳеч ким пенсияга қўйиб юбормайди. Мен ҳозир келаман.”, деб қўшни хонага чиқиб кетдилар. Дақиқа ўтмасдан: “Муяссар!!!”, деган генералнинг овози янгради. Муяссар опа зудлик билан генерал ўтирган хонага қайтиб келди. Хонадаги диванда кўксини чангаллаганча генерал ўтирар эди. Ёрдамга етиб келган шифокорларнинг муолажаларига қарамасдан генерал Шуҳрат Ниязов бу ёруғ оламни тарк этди. Истиқлол фидоийси, мустақиллигимизнинг атоқли ҳимоячиси, бўлажак офицерларнинг меҳрибон устози, жанговар генерал Шуҳрат Ниязовнинг оташин юраги уришдан тўхтади. Жон бераётганларида ҳам хизмат кийимига содиқ қолдилар ва жанговар постда вафот этдилар. Генерал ҳарбий хизматда кеча-кундуз меҳнат қилиб тинмаганлари учун бир кун ҳам меҳнат таътилига чиқмаганлар. Бу воқеа 2009 йил 5 январда содир бўлди.

    Дарвоқе, билим юртига қарийб ўн олти йил бошлиқ бўлдилар. Мана орадан роппа-роса 15 йил ўтди, генералнинг қабри узра ҳар баҳор гул-чечаклар гуллайди. Агар ҳаёт бўлганларида бу йил 75 ёшга кирардилар. Муборак ёш. Набираларнинг ўз изидан борганлигини кўриб хурсанд бўлардилар, кексалик гаштини яқин дўстлари Хайрулла ака билан сурардилар. Афсуски, бешафқат ўлим у кишини орамиздан олиб кетди. Бу ёруғ оламни тарк этган бўлсалар ҳам генерал Шуҳрат Ниязов хотираси ҳозирги кунда Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликларида, Давлат Божхона қўмитаси ва Давлат Хавфсизлиги қўмитасида хизмат қилаётган минглаб шогирдлари ва ватандошлари қалбида мангу яшайди. Ҳар йили 5 январ ҳамда 9 май саналарида генералнинг сафдошлари у кишининг қабрларини зиёрат қилишади. Буюк бобокалонимиз ва жадидларни энг илғори Абдулла Қодирий айтганидек: “Мозийга қараб иш кўрмоқ хайрлидир!”. Биз ёшларга генерал Шуҳрат Ниязовнинг ҳаётини ибрат сифатида тарғиб қилишимиз керак.


    Тўлқин САЙДАЛИЕВ,

    филология фанлари номзоди, доцент, истеъфодаги подполковник

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates