Жўғорғи Кенгаш раиси топшириғи билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги «Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 472-сон қарори талабларининг бажарилиши Кегейли туманидаги 1-, 8-, 19- ва 55-мактабда ўрганилди.
Маълум бўлишича, мазкур мактабларда болаларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган меъёрдан кам бўлиб, мактаб ичимлик суви билан таъминланмаган, ошхонада эса иссиқ чой тайёрлаш учун жиҳозлар ўрнатилмаган.
Энг ачинарлиси, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ўрганилганда мевалар истеъмолга яроқсиз (чирик) ҳолатда. Бундан ташқари, қадоқланган маҳсулотлар зараркунандалар билан зарарланган.
Қолаверса, мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари махсус автомашиналарда эмас, йўловчи транспортида етказиб берилади. Бундан ташқари, турли мактабларда кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилувчи комиссия таркиби тузилмаган.
Бугунги кунда кузатув ташкилотлари томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш, айбдорларга чора кўриш бўйича тегишли тартибда ишлар олиб борилмоқда, дея хабар беради Қорақалпоғистон Республикаси Жўғорғи Кенгаш ахборот хизмати.
Айтиш жоизки, болаларнинг овқатланиши талаблари бажарилиши юзасидан республикамизнинг барча мактабларида ўқув-тарбия ишлари олиб борилиб, мактаб директорлари ва айбдорларга қаттиқ жазо чоралари кўрилмоқда.