Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги 41-мактабда бошланғич синф ўқувчиларига берилган ширинликнинг ичидан қум чиққани ҳақида видеомурожаат тарқалган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигинниг маълум қилинишича, ҳолат бўйича Хўжайли тумани ХТБ томонидан ўрганиш ишлари ўтказилган. Мактабга озиқ-овқат маҳсулотларини 2022 йил 10 октябрдан бери “Bekbergen Servis Orayi” МЧЖ етказиб бермоқда.
Ўрганишда аниқланишича, ушбу корхона томонидан 2023 йил 7 апрел куни тасдиқланган таомнома (меню) асосида ёнғоқли кекс, “СТЕЛ” шоколади, олма, ширин чой етказиб берилган. Келтирилган егуликлар соат 9:45 да махсус комиссиянинг 5 нафар аъзоси томонидан қабул қилиб олинган.
Расмий ахборотга кўра, шу куни 2-“Б” синф ўқувчиларига берилган “СТЕЛ” шоколадидан қум чиққан ва синф раҳбари Б.Бекбосинова ҳолат бўйича мактаб раҳбариятига видео хабар орқали мурожат қилган. Мактаб раҳбарияти бу ҳақда етказиб берувчи кейтеринг корхонасига маълумот берган.
“Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тартибда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, қўшимча ўрганиш ишлари амалга оширилишини, амалга оширилган ишлар натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, 7 феврал куни ювилмаган олма билан боғлиқ ҳолат рўй берган. Бу бўйича кейтеринг корхонасига ва мактабдаги қабул қилиб олувчи комиссия аьзоларига ХТБ томонидан огоҳлантириш берилган.
"Кекс ичидан қизлар сочига тақадиган “невидимка”, ун қопини тикадиган ип чиққан кунлар ҳам бўлган", дейилади видеомурожаатда. Аммо расмий ахборотда тўғнағич масаласига изоҳ берилмаган.