Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Шодиеванинг таъкидлашича, банк ҳисобидаги ёки картасидаги пулларни ўғирлаш каби ҳолатларга нисбатан жавобгарлик белгиланмагани бундай қилмишлар такрор содир этилишига шароит яратмоқда.
Шунингдек, ахборотни ноошкора тўплашга мўлжалланган махсус воситаларнинг замонавий турлари мамлакатимизга эркин тарзда кириб келиши ва савдоси жадаллашиб, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб қилинаётганлиги сабабли истеъмолчилар қамрови кенгайиб бормоқда.
Ушбу махсус воситалардан фойдаланишнинг қонуний тартиби белгиланмагани ғараз ниятдаги шахслар томонидан сир ҳисобланадиган маълумотларни қонунга хилоф равишда унда тўплаш ҳамда улардан жиноий мақсадларда фойдаланишга шароит яратмоқда.
Шу боис “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, юқоридаги каби ҳолатлар билан боғлиқ маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган жиноятларни фош этишга ҳуқуқий асос яратади.
Бундан ташқари, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш ва қонунга хилоф равишда майнингни амалга ошириш учун жавобгарлик белгиланиши ва юзага келаётган бошқа ноқонуний ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.