Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг маълум қилишича, 2024 йили Омбудсманга фуқаролардан иқтисодий ҳуқуққа оид 6 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.
Таъкидланишича, ушбу мурожаатларнинг 9 фоизи фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ. Фуқароларнинг шахсий маълумотлари асосида турли тижорат банкларидан кредит ажратиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган. 2023 йилда шундай мурожаатлар сони 110 тани ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 42 фоизга ошган.
Мурожаатларнинг 60 фоизида ўзини "Click" компанияси ёки Марказий банк ходими сифатида таништирган шахслар фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланган ҳолда, онлайн кредитлар расмийлаштирган. Айрим ҳолатларда эса бир шахс номига 5-6 та тижорат банкларидан кредитлар расмийлаштирилган.
Ушбу мурожаатлар юзасидан Ички ишлар органлари терговчилари томонидан тижорат банкларига ушбу фуқаролар кредит маблағларидан ўзлари фойдаланмаганлиги ҳамда фуқаровий даъвогар деб топилгани, шунингдек, айбдор шахслар топилгунига қадар кредит қарздорлиги ҳамда унга фоизлар ҳисоблашни тўхтатиб туриш юзасидан топшириқлар юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 36-моддасида терговчининг ўз юритувидаги иш бўйича қонунга мувофиқ берган ёзма топшириқлари ва қарорлари барча корхоналар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий экани белгиланган. Лекин, шунга қарамай, банклар томонидан фирибгарлик натижасида алданган фуқаролардан кредитни тўлаш талаб қилиб келинмоқда.
Омбудсман томонидан ушбу йўналишдаги мурожаатлар бўйича фуқаролар манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича судларга 5 та даъво аризалари киритилиб, банклар билан тузилган кредит шартномалари ҳақиқий эмас деб топилди. 1 нафар фуқаро номига олинган кредит маблағлари унинг фойдасига қайтарилиб, маънавий зарар ундирилишига эришилди.
Марказий банк томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024 йилда фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.