Мамлакатимизда Президент мактаблари ҳамда ихтисослашган мактаблар ташкил этилмоқда. Президентимиз бу йилги Мурожаатномада таъкидлаганидек, келгуси йилда юртимизда 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди.
Мазкур таълим муассасалари фарзандларимизга улар қизиққан фанлар бўйича чуқур билим бериш учун ташкил қилинмоқда. Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида очилаётган Президент мактаблари илғор хориж тажрибасини мамлакатимизга олиб келиш ва уларни апробациядан ўтказиш ҳамда таълим тизимида жорий қилиш учун ташкил этилмоқда.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб, Мирзо Улуғбек номидаги астрономия, физика, математика ва информатика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ва Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати алоҳида фанлар бўйича ўзларининг методологиясига эга. Мазкур ўқув муассасалари янги ишга туширилаётган ихтисослаштирилган мактаблар билан ўз методологияси ва тажрибасини ўртоқлашишга тайёр.
Мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларнинг билим, кўникма ва малакасини оширишга қаратилган замонавий тизимни яратиш олдимизда турган долзарб вазифалардан бири. Таълим муассасаларида ўқувчиларимизга нақшинкор деворлар, замонавий лабораториялар эмас, балки ўқитувчилар билим беради. Шундай экан, педагогларнинг касбий маҳоратини узлуксиз ошириб боришга қаратилган тизим бўлиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ҳам бу йўналишда қатор амалий ишларни бажармоқда. Жумладан, Президент мактабларига жалб қилинган хорижлик ўқитувчилар маҳаллий мактабларга бориб, ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тажриба ва методларини ўртоқлашмоқда. Бу эса, маҳаллий педагогларнинг малакасини оширишга ёрдам беради.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда биз хорижлик ҳамкор ташкилотлар билан бирга маҳаллий мутахассисларнинг малакасини оширишга қаратилган тадбирлар ташкил этишни режалаштирганмиз.
Шу ўринда ўқитувчиларнинг фаолиятини муносиб рағбатлантириш тизимини яратиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Илғор хориж тажрибалари ўрганилмоқда ва унинг асосида янги тизим яратилади. Тизим ўқитувчиларнинг фаол ва юқори натижага эришиши, профессионал ўсиши учун туртки бўлиши лозим. Бу ҳам педагогларимизнинг ўз устида мунтазам ишлаши учун муҳим омил бўлади.
Мамлакатимизда 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди. Ёшларимизда кўплаб ғоялар ва ижод маҳсуллари бор. Уларни рўёбга чиқариш ҳамда ривожлантириш, маҳсулотларини тарғиб қилиш учун кўмак ва маслаҳат керак.
Шу маънода, ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлайдиган ва тажрибали менторлар томонидан уларга маслаҳат ва кўмак берадиган механизм яратиш зарурати мавжуд.
Агентлик тасарруфидаги мактабларнинг аксар ёшлари наср ва назм йўналиши бўйича ижод қилади. Олдимизда уларнинг ижод маҳсулини аҳоли ўртасида тарғибот қилиш платформа ҳам ташкил этиш вазифаси турибди.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз раҳбари айтганидек, ёшларимизнинг ташаббус ва таклифларини амалга ошириш вақти келди.
Ҳилола УМАРОВА,
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган
мактабларни ривожлантириш агентлиги директори