Барқарор жамият ва бардавом тараққиётни таъминлаш сари

    Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда фуқаролар томонидан Конституциямизни такомиллаштириш бўйича кўплаб фикрлар билдириб келинаётган эди. Жорий йил 20 май куни Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан тузилган Конституциявий комиссияга ўтган бир ой давомида халқимиздан 48 минг 492 та таклиф келиб тушди. Халқимизнинг бундай фаоллиги, мамлакатимиз келажагига дахлдорлик ҳисси амалга оширилиши лозим бўлган ўзгаришларнинг келгуси ҳаётимиз, келажак авлодларимиз фаровон тақдири билан чамбарчас боғлиқ эканини билдиради.

    Муҳтарам президентимиз жорий йилнинг 20 июн куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда таъкидлаганидек бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир. Шубҳасиз, мамлакатимиз бош қомуси мустақиллик йилларида эришилган барча ютуқларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Ўтган йиллар давомида жамиятимиз ва унда илгари сурилаётган ғоя ва ташаббусларда халқимизнинг иштироки ва улар томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазаларининг аҳамияти ҳар томонлама ортди.

    Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларига янгича руҳ ва шиддат бериш, ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш бугун ҳар доимгидан ҳам зарурдир. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, конституциявий ислоҳотлар Ватанимиз тақдири ва келажаги учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган масаладир. “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур. Шу юртнинг бир жонкуяр фуқароси сифатида шуни айтишим мумкинки, сўнги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам.

    Учрашувда таъкидланганидек, инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим. Муҳтарам президентимиз томонидан илгари сурилган тўрт устувор йўналиш айниқса диққатимни тортди. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи биринчи йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. Конституцияга «Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади», деган нормани киритиш, маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши, озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан инсоний муносабатни таъминлаш каби инсон қадрини юкслатиришга хизмат қилувчи таклифлар айни муаддао бўлди.

    Иккинчи йўналиш эса «Ўзбекистон – ижтимоий давлат» деб номланди. Юртнинг ҳар бир фуқароси учун муносиб яшаш шароитларини яратиб бериш, уй-жой билан таъминлаш, оиланинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, болаларнинг манфаатлари ва тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, инсон саломатлиги ва экологияни асраш кабилар ижтимоий давлат белгиларидир. Шубҳасиз, барчамиз учун муҳим ва муқаддас қадрият – бу бизнинг оиламиздир. Шиддат билан ривожланаётган глобаллашув замонида оила мустаҳкамлигини сақлаш, ҳар тамонлама ҳимоялаш ва қўллаб қувватлаш жуда ҳам долзарб масаладир. Ушбу мавзуда муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан таклиф этилган оила институтининг конституциявий асосларини ривожлантириш мақсадида “оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланиши”, жамиятнинг табиий ва таянч бўғини, жамият ва давлатнинг алоҳида ҳимоясида эканини мустаҳкамлаб қўйиш таклифи жуда ҳам ўринли бўлди деб ўйлайман. Зеро оила тинчлиги ва фаравонлиги жамият тараққиёти демакдир.

    Учинчи йўналиш Конституцияда маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифаларини аниқ белгилаш ҳақида бўлди. бунда маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда маҳаллаларга янада эркинлик бериш, бунинг учун давлат органлари уларга кўмак кўрсатишига оид тамойиллар ўз ифодасини топади.

    Юртбошимиз томонидан таъкидланган тўртинчи йўналиш – Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш масаласидир. Демократик тамойиллар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлатнинг келажаги шубҳасиз порлоқ демакдир. Учрашувда қайд этилган “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” деган ғояни Конституциямизда аниқ мустаҳкамлаб қўйилиши ва Конституцияга давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни, мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш юзасидан қоидалар киритилиши барчамиз учун узоқ кутилган таклиф бўлди десам адашмаган бўламан.

    Фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини ошириш ва ўз қонунчилик таклифларини амалга ошириш мақсадида юртбошимиз томонидан Конституциямизга қонунчилик таклифларини киритиш институтини жорий этиш ва конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга ошир таклифлари “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир” деган тамойилга тўла мос келади.

    Шу юртнинг бир жонкуяр фуқароси сифатида барча ватандошларимизни конституциявий ислоҳот жараёнида ўз иштирокимиз билан юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва фарзандларимиз келажаги учун ҳисса қўшишга чорлаб қоламан.

    Расул РАҲМОНОВ,

    Тошкент шаҳридаги

    Вебстер университети

    ижрочи директори

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates