Ушбу байрам муносабати билан бугун тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўз ҳаётини инсон саломатлигини асрашдек олижаноб ишга бағишлаб келаётган тиббиёт ходимларига табригини Президентнинг Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Қутловда Янги Ўзбекистон эришаётган катта ютуқларда, инсон капиталини ривожлантиришда жонкуяр тиббиёт ходимларининг муносиб ҳиссаси эътироф этилиб, кейинги йилларда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли соғлиқни сақлаш тизимида юз бераётган туб ўзгаришлар қайд этилган. Тиббиётни янада халқчил соҳага айлантириш, одамларни ушбу тизимдан рози қилиш масаласи доимо давлатимиз эътибори марказида бўлиши таъкидланган.
Шунингдек, куни кеча Президентимиз фармони билан ибратли фаолияти учун соҳа ходимларидан бир гуруҳи орден ва медаллар билан мукофотланган эди. Бугунги тадбирда ушбу юксак мукофотлар Тошкент шаҳри ҳокими Ш.Умурзоқов ва соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи А.Худаяров томонидан ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.