Учинчи Ренессанс ватанпарварлик туйғусидан бошланади

    Фикр 18 апрел 2025 289

    Ватан аслида арабча сўз бўлиб, она юрт маъносини англатади. Ватан кишиларнинг ўзи яшаб турган, авлод ва аждодлари ўсган, миллати шаклланган жой, ижтимоий муҳит, мамлакатдир.

    Шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, Учинчи Ренессанснинг пойдевори Ватанни севишдан бошланади. Янги Ўзбекистон – ўзбек халқининг ватани, муқаддас саждагоҳдир. Она юртимиз Янги Ўзбекистон ўзбек халқининг Аллоҳ томонидан тарихан ато этилган муқаддас Ватани эканлиги саналади. Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, «ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш — давр талабидир».

    Ватан – бу инсон ва унинг авлод-аждодлари киндик қони тўкилган муқаддас даргоҳ саналиб, инсонда шу заминга нисбатан ватанпарварлик туйғусини шакллантиради. Шу маънода, Учинчи Ренессанс аждодлар маскани, эл-юрт, халқ вояга етган, унинг тили, тарихи, маданияти, урф-одатлари, қадриятлари шаклланиб, ўсиб камол топиб борадиган заминдан бошланади. Ватан деганда, ҳамиша туғилиб ўсган, кўз очиб кўрган, таълим-тарбия олиб вояга етган, неча-неча авлоду аждодларимиз яшаб ўтган, уларнинг ақл-идроки, меҳнати сарф қилинган юрт кўз олдимизга келади.

    Ватан она каби азиз ва мукаррамдир. Ватан инсонга бахт-иқбол берадиган заминдир. Абдулла Авлоний айтганидек: «Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғилган, ўсган жойини жонидан ортиқ суяр... Биз туркистонликлар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйганимиз каби, араблар Арабистонларини, қумлик иссиқ чўлларини, эскимослар шимол тарафлар, энг совуқ қор ва музлик ерларни бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши Туронлик осон ерларга ўз ватанларини ташлаб ҳижрат қилурлар эди». Ватан – аждодлардан авлодларга қоладиган энг буюк, бебаҳо мерос, энг азиз хотира.

    Ватан остонадан бошланади, деб бежиз айтилмайди. Бироқ инсон улғайгани сайин унинг Ватанга нисбатан ватанпарварлик туйғуси ва тасаввурлари ҳам кенгая боради. Аввало уй, сўнгра маҳалла, қишлоқ ёки шаҳар ҳамда бутун мамлакат Ватан экани қалбан англаб олинади.

    Учинчи Ренессанс ёшларда ватанпарварлик туйғусини ҳис этишда, Ватанни авайлаб асрашда, унинг бойлигини эъзозлашда, унинг барча бойлигини: табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, мусаффо осмонини ва бошқаларни келгуси авлодларга қолдиришдаги жонбозлигида намоён бўлади. Ватанпарварлик туйғуси – муқаддас қадрият. У инсоннинг киндик қони тўкилган жой, инсонни ижтимоий етимликдан асровчи манзил, маънавий камолот ва фуқаролик майдони, ҳаёт мактаби, фаровонлик ва бахт-саодат ўчоғини чин юракдан ҳис этиб турувчи туйғудир. Мавлоно Фузулийнинг, «менинг битта ҳаётим бор, бордию мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини ватан учун сарфлаган бўлур эдим», деб айтган сўзлари ҳар биримиз учун бебаҳо ватанпарварликдир.

    Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда халқимизни, айниқса, ёшларни ватанпарварлик вакцинаси билан эмлаш, мустаҳкам ватанпарварлик иммунитетини юксалтириш муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирда ватанпарварлик ўзининг қандай қирралари билан намоён бўлаётир? Ватанпарварликнинг моҳияти нималарда, қандай амалий ишлар фаолиятида намоён бўлади? Умуман ватанпарварлик нима, уни қандай тушунмоқ керак, у ҳақда донишмандлар нима деганлар.

    Ватанпарварлик – Ватанга нисбатан садоқат, унга хизмат қилиш, юрт тинчлигини асраш, Ватан равнақи учун фаол бўлишга ундайдиган ижтимоий, маънавий-ахлоқий фазилат. Унинг мазмуни–Ватанга меҳр-муҳаббат ва содиқ бўлишдан, юртнинг ўтмиши ва ҳозири учун фахрланишдан, мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишга интилишдан иборат. Ватанпарварлик ота-боболардан мерос қолган заминни севиш, халқ урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она Ватанини душманлардан, ёт ва бегона ғоялардан ҳимоя қилиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямаслиги назарда тутилади.

    Ватанпарварлик вакцинаси қалбда жо этган инсонгина Янги Ўзбекистонда ўзларининг ғаразли ва жирканч ниятларини амалга ошириш мақсадида юртимизга ҳар хил йўллар билан кириб келаётган, мустақил дунёқараши шаклланиб улгурмаган ёшларимизни қалби ва онгини қандайдир зарарли ва бузғунчи ғоялар билан эгаллашга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши кураша олади ва ўз юртини ғанимлардан ҳимоя қилади.

    Учинчи Ренессансни шакллантиришда катта ижтимоий аҳамият касб этадиган маънавий қадриятлардан бири ёшларда ватанпарварлик туйғусини кучайтиришдир. Ватанпарварлик она юртининг, халқининг тарихи ва тақдирига чуқур ҳурмат билан қарайдиган, Ватан манфаатлари йўлида фидойилик намуналарини кўрсатишга қодир бўлган инсонгагина хос фазилат.

    Мамлакат, миллат тараққиётининг имкониятлари, шон-шуҳрати, обрў-эътибори ҳам шу миллат кишилари ватанпарварлик туйғусининг даражаси билан боғлиқ бўлади. Ота-боболаримиз, авлод-аждодларимиз учун Ватанга, элига муҳаббат муқаддас туйғу бўлган. Улар Ватан, халқ манфаати, миллий қадр-қиммат, ор-номус масаласини ҳамма нарсадан устун қўйганлар, керак бўлганда бу манфаатлар йўлида ўз жонларини, ҳаётларини қурбон қилишни ўзлари учун шараф деб билганлар.

    Агар ҳар бир одам ўзи туғилган қишлоқ ёки шаҳарнигина ватаним деб тушунса, бу маҳаллийчилик кайфиятларини кучайтиради, кишиларни муайян ҳудудда яшаётган ижтимоий-этник бирлик сифатида уюшишига, бирлашишига, бутун мамлакат, миллат манфаатларини бир ёқадан бош чиқариб ҳимоя қилишга тўсқинлик қилади. Яхлит ягона Ватанни тан олмаслик миллий парокандалик, Ватан таназзулининг белгисидир.

    Ватанпарварлик туйғуси муайян мамлакатда яшовчи барча миллат ва элатларнинг вакилларини аниқ мақсад ва манфаатлар йўлида бирлаштирувчи умуммиллий ғоя ҳамдир. Агар бирор мамлакатда яшовчи барча фуқаролар тарқоқ, уюшмаган, умуммиллий манфаатлар бирлигини англамаган, қабила-уруғчилик, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик гирдобига ўралиб қолган бўлса, уларда муштарак ватанпарварлик туйғуси ҳамда эътиқоди бўлмайди. Бундай миллат кишиларини бир-бирига қарама-қарши қилиб қўйиб, асоратга олиш осон кечади. Ватанпарварлик туйғуси ва эътиқоди билан суғорилган миллий бирлик, бирдамлик, аҳиллик, ҳамкорлик, ҳамдардлик туйғуси миллатнинг кучи ва қудратини белгиловчи, истиқболини порлоқ қилувчи маънавий омил ва мезондир.

    Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс тараққиёти миллий ва умуминсонийликка уйғунлашган ватанпарварликни талаб этади. Биз Ватан туйғусини мана шундай яхлит ҳолда, яъни дунёда ягона ўзбек миллати, ўзбек халқининг фарзанди деб, ёшларни шу руҳда тарбиялашимиз зарур. Ватанга, унинг истиқболига бўлган муносабат маънавият даражасига кўтарилиб, инсон фаолиятига мақсад ва йўналиш бериш – ватанпарварликдир. Ватанпарварлик – бир ижтимоий этник гуруҳга мансуб бўлган кишиларнинг ўз тарихини, тили, маданияти, урф-одатларини, миллий обрўси, қадр-қимматини билиш, ҳурмат қилиши, уларга таяниши, шу билан бирга бошқа халқларнинг ҳам обрў-эътиборини, манфаатларини ҳурмат қила билишни ифодаловчи маънавий мезондир.

    Ватанпарварлик – Ватанни улуғлашдан ташқари, унинг қадр-қимматини, унинг ҳар бир қарич ерини, мустақиллигини ҳимоя қила билишдир. Ватанпарварлик Ватан тақдири, унинг тараққиётининг энг масъулиятли даврларида яққол кўзга ташланади.

    Биринчи Ренессанс даврининг уламоларидан Шайх Нажмиддин Кубро ҳақиқий ватанпарвар, қаҳрамон бўлгани элимизга маълум. Эл-улус, мамлакат бошига оғир кунлар келиб турганида мамлакатни ташлаб кетишни, жонини асраб қолишни ўзи учун номус деб билди. У қўлига қурол олиб, жанг майдонларида ажнабий мўғул босқинчиларга қарши курашда ҳалок бўлди.

    Ватанпарварлик сўзда эмас, балки амалий ишларда, хатти-ҳаракатларимизда намоён бўлгандагина тараққиётнинг ҳал қилувчи омилига айланиши керак. Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанснинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий асослари мустаҳкамланаётган бир даврда ватанпарварлик эътиқоди ҳар биримизнинг амалий ишларимизда, фуқароларнинг кундалик фаолиятида намоён бўлиши айниқса катта аҳамиятга эга. Бунда ҳар бир инсон фаолиятида онглилик билан фидойилик бирлашмоғи зарур. Инсон Ватанининг, халқнинг қадр-қимматини, аҳамиятини руҳан англаб етгандагина ватанпарварлик унинг қалбидан чуқур ўрин олади.

    Ватанпарварлик билан боғланган фаолиятнинг катта-ю кичиги бўлмайди. Инсон ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқасида, босган қадами, қилган иши-ю, айтган сўзларидан Ватан олдидаги бурчи ва масъулиятини унутмаслиги лозим.

    Ҳовлимиз, кўчамиз, маҳалламиз обод бўлсин деб кўчат эксак, уни парваришласак, бирор жой ифлос бўлса, уни ачиниб, куйиб-пишиб тозаласак, оилавий низолар келиб чиқса яхши ният билан ўртага тушиб эр-хотинни, қуда-андаларни яраштириб қўйсак, билимимизни мунтазам оширишга, замонавий илм-фан, техника ва технологияларни қунт билан эгаллашга интилсак, уларни ҳаётга татбиқ этсак, ишбилармонлик, тадбиркорлик йўлидан бориб, яхши сифатли, арзон маҳсулотлар ишлаб чиқиб, кишиларнинг эҳтиёжини қондиришга ўз ҳиссамизни қўшсак, атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлсак, исрофгарчиликка йўл қўймасликка ҳаракат қилсак ва бошқаларда ҳам ватанпарварлик туйғуларини ўзимизда намоён қиламиз. Хуллас, ватанпарварликнинг қирралари ҳар биримизнинг барча ижобий хатти-ҳаракатимизда намоён бўлади.

    Ватанпарварликни энг олий туйғу сифатида ўтмиш мутафаккирлари алоҳида қайд этганлар ва ўзлари ҳам унга содиқ қолганлар. Цицерон (Румо нотиғи ва файласуфи): Бизга ота-оналар, болалар, яқин хеш-ақраболар қимматлидир, лекин муҳаббат бобидаги барча тасаввурларимиз биргина «Ватан» деган сўзда мужассамлашган. Ватанга нафи теккудек бўлса, қайси виждонли одам у учун жонини беришга иккиланар экан! ёки В.Гегель (немис файласуфи): Маърифатли халқларнинг ҳақиқий жасорати Ватан йўлида қурбон бўлишга ҳозир эканликларида акс этади, деган эди.

    Ёшлар ватанпарварлик туйғусини қуйидагиларда қалбан англаб етишлари лозим:

    • ўз халқини, тарихини яхши билиш ва у билан фахрланиш;
    • қадимий обидалар, мислсиз иморатлар, аждодлар яратган моддий ва маънавий меросларни кўз қорачиғидай асраш ва авлодларга тақдим этиш;
    • халқимизнинг, аждодларимизнинг гўзал ва маъноли урф-одатлар, расм-русум ва удумларини қадрлай билиш, уларни давом эттириш;
    • ажойиб ватандошлар – аждодлар номи билан, уларнинг улуғ ишлари, ижодлари билан фахрланиш, уларнинг ишларини давом эттириш, уларга муносиб ворис бўлиш;
    • Туронзаминни ҳимоя қилиб, томирида охирги қони қолгунча душманга қарши курашган баҳодирларни, аёвсиз жангларда ҳалок бўлган қаҳрамонлар номини ёд этиш;
    • бу азиз ва гўзал ватанимизда юксак эътиқод билан яшаш, унга ҳамиша садоқатли бўлишдир.

    Ватанпарварлик туйғуси ёшларнинг ўз ишига масъулият билан қараш, Ватаннинг бойликларини кўз қорачиғидек асраш, бойликларига бойлик қўшишга ўз ҳиссасини қўшиш, илм-фан чўққилари сари интилиш ва бошқалардир. Ватанпарварлик бир сўз билан айтганда ўз ижобий ишлари, бунёдкорлик ҳаракатлари билан унинг куч-қудратига, гуллаб яшнашига имкон даражасида ҳисса қўшиш, она юртда тинчлик, барқарорлик ва осойишталикни сақлашга интилиш, халқаро муносабатларда Ватан, миллат манфаатларини биринчи ўринга қўйишдир.

    Жаҳонда мамлакат мудофаасининг асосий кўрсаткичи ватанпарварлик ҳисси юқори даражада ривожланган, фидойи, билим ва тажрибасини Ватанга бахшида этувчи авлодни тарбиялаш ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, мазкур фазилатларни шакллантириш механизмларини, ривожлантириш технологиясини ишлаб чиқишни тақозо этади. Дунёда рўй бераётган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий ва мафкуравий ўзгаришларнинг шиддати миллий давлатлар олдига янги-янги вазифалар қўймоқда. Улар ўз суверенитетини мустаҳкамлаш, халқи осойишталигини ва миллий хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришишнинг конструктив йўлларини топиш, интеграцияни ўзаро манфаатлар уйғунлигига қуриш механизмларини яратишга интилмоқда. Ҳозирги даврда халқимиз энг ривожланган мамлакатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, янги жамият қуришдек улуғвор мақсадлар билан яшамоқда. Мамлакатимизнинг замонавий ва жозибадор қиёфасини яратиш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ватандошларимизнинг асосий мақсад-муддаосига айланди.

    Айни пайтда биз эришилган ютуқлар билан кифояланиб қолмаслигимиз, хотиржамликка берилмаслигимиз лозим. Бу йўлда кўзлаган марраларимизга эришиш ва янги жамиятнинг мустаҳкам пойдеворини яратиш, Ўзбекистон донғини оламга ёйиш билан боғлиқ долзарб вазифаларимиз борлигини яхши англаймиз.

    Бугунги кунда Янги Ўзбекистон стратегияси ҳаётбахш хусусият касб этмоқда, халқимизни ёруғ келажакка чорлаб ва янгиланишга сафарбар қилиб, умумий мақсадлар йўлида бирлаштириб турадиган яхлит маънавий асос ва мезонга айланиб бормоқда. Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш ҳамда унинг тадрижий ривожланишга ватанпарвар шахс сифатида ҳисса қўшиш барча ватандошларимизнинг эзгу орзу умидларидан бирига айланмоғи керак. Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон – барчамизнинг эзгу орзумиз, меҳнаткаш, тинчликсевар халқимизнинг орзуси. Унда халқимизнинг азалий умид-ниятлари, юксалиш сари интилишлари ўзига хос тарзда акс этмоқда. Узоқ ўтмишдан ҳозирги давргача миллий тафаккуримиз негизида шаклланиб келган, турли ғоя ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топган эл-юртимизнинг орзу-умидлари бугунги кунда янги Ўзбекистон тушунчасига жамулжам бўлди.

    Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар ёшлардаги ватанпарварлик ва миллий ғурур туйғусини янги босқичга кўтаришни Учинчи Ренессанснинг объектив эҳтиёжига айланди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ёшларда ватанпарварлик тарбияси, миллий руҳни юксалтириш ҳамон долзарб масала бўлиб қолмоқда.

    Учинчи Ренессанс ривожида ёшларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши, ватанпарвар бўлиши, шу азиз ватанга дахлдорлик ҳиссини кучайтириши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз кучи, билим ва салоҳиятини юқори, дунёқараши кенг, мустақил фикрлайдиган авлодни вояга етказиш ва тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир.

    Ватанпарварлик – шахс маънавиятининг ажралмас қисмидир. Юрт келажаги, ватанимиз тараққиёти ва халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимиз ва ёшларимизнинг қай даражада ватанпарвар эканликларига боғлиқ. Ҳозирги кунда таълим муассасаларида ватанпарварлик тарбиясини амалга оширишга ягона илмий асосланган ёндашувни ишлаб чиқиш кам сонли олимлар гуруҳининг эмас, балки бутун бошли сиёсий-тадқиқот ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳам муҳим вазифаси ҳисобланади.

    Мамлакатимизда тинчликни ёшларда шаклланган миллатпарварликда, бағрикенгликда кўриш мумкин. Буларнинг юксалиши кўп миллатли Янги Ўзбекистоннинг миллий-маънавий тараққиётини асоси, десак адашмаймиз. Ёшларнинг миллатпарварлиги миллий-маънавий тараққиётни белгилаб, ижтимоий тараққиётга катта ҳисса қўшади. Бу сабаб ва оқибат занжирида қуйидагича намоён бўлади:

    • биринчидан, янги Ўзбекистон учун ўтмишдан мерос бўлиб қолган тарихий-маданий ютуқларни, тажрибаларни, бойликларни асраш, сақлаш ва уни ривожлантириш ишларида;
    • иккинчидан, ўзбек миллати ўз ойкумениясини чуқур англаганлиги, миллатлараро, этнослараро тарихий-маданий алоқаларни сақлаб келаётганлиги, миллий-маданий интегратсияни янада чуқурлаштиришга бўлган интилишларида;
    • учинчидан, халқимиз ўтмишдан мерос бўлган қоришиқ маданий-маънавий, этномаданий бойликларни ўрганиш ва уни кенг тарғиб этишда;
    • тўртинчидан, миллатпарварликни яққол намоён бўлиши миллатимиз ва ўзга миллат вакилларини буюк аждодларининг улуғ номини тиклаш, улар билан боғлиқ жойларни (хусусан, тинчлик, дўстлик рамзи бўлган қаҳрамонлар, халқ ёзувчиларини) ободонлаштириш ишларида;
    • бешинчидан, халқ анъаналари, амалий санъати, маросимлари, урф-одатлари ва байрамларига янги ижтимоий-маданий моҳият бериш, уларни этнотуризм объекти сифатида тикланишда;
    • олтинчидан, жамиятда барча миллатларни бирлашувига сабаб бўладиган диний қадриятларни қайта тиклаш, муносиб шарт-шароитлар яратиш, ўзига хос қонунчилик ишлаб чиқишда;
    • еттинчидан, миллий давлатчилик анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш, шарқона ахлоқ, одоб, маънавият анъаналарини янги авлод тарбиясига татбиқ қилиш;
    • саккизинчидан, миллий театр, қўшиқчилик, рақс, бахшичилик анъаналарини ривожлантириб, бошқа тилларда уларни тарғиб қилиш ва фольклор мактабларини қўллаб-қувватлаш кабиларда акс этмоқда.

    Учинчи Ренессанс ютуқлари сифатида ватанпарварлик туйғусининг олий рамзлари халқимиз, ёшларимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олаётганлиги ниҳоятда қувончлидир. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Бирлашган миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳи олдида 200 дан ортиқ мустақил давлатлар байроқлари қаторида мағрур ҳилпираб туришини кўриш ва ҳис этиш нақадар катта бахт, инсонни нақадар кучли бир туйғу ва ҳиссиётга чулғаб олади. Давлатимиз мукофотлари – «Ўзбекистон қаҳрамони» олий унвони, орден ва медаллар, фахрий унвонлар ҳам мамлакатимиз фуқароларида ўз Ватанидан ғурурланиш туйғуларини оширишга хизмат қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда ватанпарварлик тарбиясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

    • Ёш авлодда ўз «кичик ватанига» муҳаббат, ватанга хизмат қилишга, керак бўлса уни қуролли ҳимоя қилишга шайлик туйғуларини шакллантириш;
    • Ёшлар шон-шуҳрат тарихи мисолида ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш;
    • Ватан ва она юрт тарихи ва маданиятини ўрганиш, Ватан ҳимоячилари хотирасини абадийлаштириш тадбирларини ўтказиш;
    • Фуқароларда Ўзбекистон Республикаси рамзлари – Герб, Байроқ, Мадҳия, бошқа ўзбек рамзлари ва ватаннинг тарихий зиёратгоҳларига ғурур, чуқур ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини уйғотиш;
    • Ирқий, миллий, диний бағрикенгликни шакллантириш, халқлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш;
    • Фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонун устуворлигига ва жамият ҳаётининг нормаларига ҳурмат руҳида тарбиялаш.

    Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашда ватанпарварлик ҳиссини ёшларга сингдиришда хорижий давлатлар тажрибаси ва ютуқларини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда Ўзбекистондаги тарбиявий ва ватанпарварлик йўналиши бўйича олиб борилаётган ишлар фонида дунёнинг қудратли давлатларидан бири – АҚШда ватанпарварлик тарбияси бўйича фалсафий парадигмаси ва уни амалга ошириш стратегияси таҳлил қилиб кўрсак. АҚШда ватанпарварликни шакллантириш тарихий, маданий, ахлоқий, мафкуравий ва ҳаётий қадриятларни ривожлантириш асосида амалга оширилади: «Неw Wорлд Ордер» («Янги дунё тартиби»).

    Бугунги кунда АҚШнинг дунёдаги роли жуда зиддиятли. Бир томондан, бу давлат ташқи сиёсатида турли усуллар билан дунёдаги ттакчилик мавқеини сақлаб қолишга интилса, бошқа томондан эса, дунёдаги энг катта, қудратли иқтисодиётлардан бири бўлиб, ўз фуқароларининг фаровонлигини жуда яхши таъминлайди.

    АҚШ қудратининг асоси фуқароларнинг ватанпарварлигидир. Кўпчилик Америка ватанпарварлиги ноёб ҳодиса эканлигини таъкидламоқда. Америкача ватанпарварликнинг этник, миллий ёки лингвистик асослари йўқ. Америка ватанпарварлигининг моҳияти — «Неw Wорлд Ордер»да (сўзма-сўз «асрларнинг янги тартиби») — Америка демократик қадриятларининг устунлигига бўлган ишонч. У ўтмишдаги идеалларга интилмасдан, келажакка қаратилган. Ватанпарварликнинг марказий ғоялари эркинлик, тенглик ва адолат тамойилларидир. АҚШ жамиятининг ҳаёти ана шу уч ғояга асосланади. Улар инсоният ҳозирги пайтда эришмоқчи бўлган ва келажакда авлодларига беришни истаган ғояларни ўзида мужассам этади. Ватанпарвар характерининг фазилатлари жасорат, масъулият, таъсисчиларга миннатдорчилик ва умумий манфаатлар учун фидойиликдир. Америка халқининг ўз-ўзини англаши Америка миллий ғоясининг адолатнинг махсус шакли сифатида ўзига хослигини англатади.

    Ватанпарварлик руҳида тарбиялашда АҚШ университетлари алоҳида ўрин тутади. Қўшма Штатларда 1350 дан ортиқ жамоат коллежлари ва 2000 га яқин коллеж ва университетлар мавжуд. Хусусий ўқув юртларининг умумий сони 65 фоизни ташкил қилади. Америка олий таълим тизими бошқалардан фарқли ўлароқ муҳим иқтисодий, ижтимоий ва мафкуравий функwияларни бажарадиган, шу жумладан, талабаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялайдиган ягона ижтимоий институтни ташкил этадиган ўқув режалари, курслари ва фанлари мавжуд.

    АҚШда ватанпарварликнинг асосий таркибий қисмлари қуйидагиларда намоён бўлади:

    • АҚШ Конституциясига мувофиқ ахлоқ ва эркинликларнинг амалга оширилиши ватанпарварликнинг асосини ташкил қилади. Америкаликлар ўз ҳуқуқларидан фойдаланишни ватанпарварлик деб ҳисоблашади. Бу ҳукуматни очиқ танқид қилиш, сиёсатдаги ўзгаришларни излаш ва умумий муаммоларни ҳал қилиш учун бошқа фуқароларни жалб қилиш имконини беради. 1791 йилда қабул қилинган Конституция сўз, матбуот, йиғилиш ва дин эркинлигини чеклаши мумкин бўлган қонунларни қабул қилишга имкон бермайдиган қилиб ишлаб чиқилган.

    Таъкидлаш жоизки, Америка ватанпарварлиги бу мамлакатга янги ҳаёт излаб келган миллионлаб Америка фуқароларини, турли мамлакатлардан келган муҳожирларни тўплайдиган макондир. Агар ватанпарварлик тарбиясининг пухта ўйланган ва самарали дастури бўлмаганида эди, АҚШ энг қудратли давлатлардан бирига айланмаган бўларди. Биз бу ўринда битта давлатни кўриб чиқдик, жаҳоннинг барча давлатларида ватанпарварликни шакллантиришнинг ўзига хос стратегияси ишлаб чиқилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасини ватанпарварлик стратегиясида ҳам ўзига хос парадигмал ёндашувлар мавжуд. Улар қуйидагилар:

    Тизимли ёндашув. Тизимли ёндашув ватанпарварлик тарбиясини ўрганишда бир ёқлама педагогик ёндашувни бартараф этишга, турли фан соҳалари (тарих, адабиёт, маданият, фалсафа, педагогика) «ватанпарварлик» тушунчаси бўйича маълумотларни умумлаштиришга ёрдам беради. Ягона давлат сиёсати асосида ватанпарварлик тарбияси муаммоларини ҳал қилишда республика ва маҳаллий ҳокимият органлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари ва ижодий уюшмаларнинг ўзаро ҳамкорлигини белгилаш имконини беради; ўқув жараёни субъектларининг (ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар ва қўшимча таълим ўқитувчилари) ўзаро боғлиқлигини очиб бериш; ватанпарварлик тарбиясининг барча таркибий қисмлари (мақсадли, мазмунли, мотиватсион, фаоллик ва диагностик ва самарали); ўқув ва дарсдан ташқари машғулотлар; ижтимоий муҳит; авлодлар давомийлигини таъминлаш, ҳозирги тажрибани бугун ва келажак билан боғлаш.

    Шахсга йўналтирилган ёндашув. Шахсга йўналтирилган ёндашув замонавий таълимнинг этакчи йўналишларидан биридир. Шундай қилиб, таълим олувчига йўналтирилган ёндашув шахс маънавиятининг пайдо бўлиши, унинг табиий, биологик ва ижтимоий табиатини англаш имконини беради. Таълимнинг мақсади – инсоннинг маънавий бой, ахлоқий жиҳатдан барқарор, руҳий соғлом бўлиши учун шароит яратишдир. Замонавий тараққиётни умумлаштириш асосида таълимда шахсга йўналтирилган ёндашувнинг муҳим хусусиятларини ажратиб кўрсатиш муҳим. Таълимнинг асосий мақсади ўқувчи шахсини ривожлантиришдир. Шахс ўқув жараёнини ташкил этишнинг тизимли омили сифатида ишлайди; таълимнинг этакчи мотивлари, унинг қиймати барча ўрганиш субъектларининг ўз-ўзини ривожлантириш ва ўзини ўзи амалга оширишга айланади; кучли билим, кўникма ва малакаларни шакллантиради, шахснинг компетенсиясини таъминлаш шартига айланади; субъектив тажрибани киритиш орқали ўқувчининг тўлиқ малакаси таъминланади; ўқувчига йўналтирилган таълимнинг мақсади мустақиллик, масъулият, барқарорлик, маънавий тинчлик, фикрлашни ривожлантиришга айланади.

    Аксиологик ёндашув. Ватанга мос аксиологик ёндашув қадрият сифатида қабул қилинади. Аксиологик ёндашувга кўра, меҳнатга, ижодкорликда билим олишга ва ижодкорликка қизиқишга айланади. Чуқур битмас-туганмас ватанпарварлик туйғуси шахснинг фаол ижодий позициясини белгилайди.

    «Ватан» тушунчасининг бир қанча маънолари бор:

    • Бу буюк тарихга эга буюк юрт ва у туғилиб ўсган, аждодлари қабри жойлашган, ҳаётнинг қувончу қайғусини илк бор бошидан кечирган кичик Ватандир. Минтақашунослик ҳаётнинг «тирик мактаби» сифатида атрофдаги воқелик ҳодисалари билан боғлиқликни ўрнатади. Аксиологик ёндашув оила, насл, қабила, миллат, миллатнинг асосий қадриятларини сақлашга имкон беради. «Оқил, эзгу, боқий», яъни азалий умуминсоний қадриятларга даъват бугунги кун мактаблари фаолиятида мезондир. Бу ёндашув маданий-гуманитар ёндашув билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, у ижтимоий-гуманистик дастурни белгилайди, фаолият йўналишини, қадриятларини, натижаларини белгилайди Цивилизациянинг моддий неъматларига эмас, балки маданиятга йўналтирилган тарбия шахснинг ахлоқий ва маънавий ривожланиши учун катта имкониятларга эга.

    Этнопедагогик ёндашув. Этнопедагогик ёндашув ватанпарварлик тарбиясига миллий маданият асарларида очиб берилган ижтимоий ҳодиса сифатида қарайди ва шахснинг миллий ва ватанпарварлик онгининг синтезини таъминлайди. Ушбу ёндашувга кўра таълим ўқувчиларнинг лингвистик муҳитини, халқлар, минтақа мамлакатлари маданий анъаналарини ҳисобга олган ҳолда қурилади. Бу миллий тафовутлар хиралашишига, ўзбек менталитетига ёт хусусиятларни ўрнатишга йўл қўймайди. Ўз-ўзини тарбиялашнинг этник педагогикаси ватанпарвар шахсни миллий ғурур ва инсон қадр-қиммати юксак даражада ривожланган халқ фарзанди сифатида шакллантиради. Миллий маданиятнинг бой меросини билиш одамларнинг бир-бирини билиши ва тушунишига, миллатлараро муносабатларни ривожлантиришга ёрдам беради.

    Фаолиятли ёндашув. Замонавий фалсафий нуқтаи назаридан фаол ёндашув ўқувчини ўқув жараёнининг субъектига айлантириш зарурлигига қаратилган. Фаолият ёндашуви предметли моддий фаолиятни инкор этмайди, балки ўқувчи шахсининг мотивлари, эҳтиёжлари, қизиқишлари, идеаллари ва эътиқодларини шакллантириш соҳасида устувор аҳамиятга эга, яъни у шахсий фидойилик билан тавсифланади. Ўқувчи ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириши, ватанпарварлик характеридаги фаолиятни ташқи сабаблар, одамлар, шароитларнинг таъсири билан эмас, балки ички мотивлар ва унинг ўзи, оиласи, жамият ва давлат учун амалга оширилиши мумкинлигига ишончи туфайли амалга ошириши керак.

    Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимиз ҳарбий соҳадаги давлат сиёсати, Қуролли Кучларимизнинг мудофаа салоҳиятини ошириш борасида ислоҳотлари мамлакатимизда ватанпарварликни шакллантириш борасида янги босқичи бошлаб берилди. Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ҳарбий хизматчилар билан суҳбатлашиб, мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитар экан, соҳада кўп йиллар давомида йиғилиб қолган жиддий, тизимли муаммоларни ҳам кўрсатиб ўтиб, «Булар – кадрлар масаласи, қўшинларни замонавий қурол-яроғлар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга тааллуқли муаммолардир», деб таъкидлаган.

    Янги Ўзбекистоннинг ёшларда ватанпарварликни шакллантириш стратегиясида мавжуд тажрибани модернизация қилиш, ёшларни ватанпарварлик туйғусини тарбиялашнинг инновацион ва креатив тенденцияларини ишлаб чиқиш ва улардан самарали фойдаланиш бугунги глобаллашган давр талабидир. Янги Ўзбекистонда ёшларда ватанпарварлик туйғусини тарбиялашнинг қуйидаги усулларини таклиф этамиз.

    Тарғибот усули. Ватанпарварликнинг тарбиявий-ахлоқий мазмуни ва бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни илмий-фалсафий жиҳатдан асослаш, унинг замон талабига мос усулларини ишлаб чиқишдан иборат. Бу борада илмий ҳамжамиятни ўзида юксак ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш, уларга халқчил ватанпарварлик назариясини ишлаб чиқиш талабини қўйиш. Мамлакат миқёсида ишлаб чиқилган ватанпарварликни тарбиялаш бўйича назарияларни умумлаштириб, уйғунлаштириб халқ орасида кенг тарғиб қилиш бугунги кун талабидир.

    Жамоавийлик усули. Космополитизм, аморализм, лудомания, нигилизм, старизм жараёнларини жадаллашуви натижасида инсонларнинг ватанига ва ўз оиласига бўлган муносабатлари сезиларли ўзгариб, оила ва ватанни сақлаб қолишга, ҳимоя қилишга бўлган маънавий-ахлоқий бурчлари таназзулга учраб бормоқда. Ватанпарварлик туйғуси шаклланган тоифалар ватанига нисбатан ижтимоий-ғоявий таҳдидлар вужудга келганда, жамиятнинг сиёсий тизимидаги ўзгаришлар бўлиб, давлат оғир вазиятга тушиб қолганда, мамлакатни иқтисодий инқирозлар ўз домига тортаётган паллада барча муаммоларини унутиб жамоавий бирлашиши, муштарак ғоя атрофида жипслашиши она юртни озод диёр сифатида сақлаб қола олишини англаб этадиган тоифани шакллантириш лозим. Бунда Ватан манфаати йўлида хизмат қилиш амалий характерга эга бўлиши, бу эса ватанпарварликнинг шарти ва мазмунигина эмас, энг муҳими, унинг мезони: Ватан учун ҳақиқий амалий ҳаракатлар керак, «Ватан менга нима берди эмас, мен ватан учун нима қилдим» шиорини шаклланиши билан изоҳланади.

    Анъанавийлик усули. Ёшларнинг кундалик турмуши билан боғлиқ бўлган, тарихан шаклланган, авлоддан авлодга ўтувчи ғоя, қоида, урф-одат, хулқ-атвор меъёрларида намоён бўлади. Ёшларни миллий қадриятларга, илғор анъаналарга, ахлоқий тамойилларга, юксак маданиятга содиқлик каби хислатларини ҳосил қилмасдан туриб ватанпарварлик туйғусини тарбиялаб бўлмайди. Янги Ўзбекистонда барпо этилаётган фуқаролик жамиятининг асосий мақсади ҳам Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигига бефарқ бўлмаган авлодни шакллантиришдан иборат. Бунда миллий ва умуминсоний қадриятлар прагматик асос бўлиб хизмат қилади.

    Қадриятлар устуворлиги усули. Бу асосан, қиймат категориясига эга:

    • биз нимани ҳимоя қиламиз, биз нимага интиляпмиз, мақсадимиз нима, вазифамиз нима? Ушбу консепсиянинг мазмуни қатор ижтимоий омиллар билан боғлиқ. Биринчидан, давлат, жамият ва халқ олдида турган вазифалар: Ватанни ҳимоя қилиш, босқинчилардан озод қилиш, Ватан манфаати учун меҳнат қилиш. Иккинчидан, одамларнинг ушбу вазифаларни англаш даражаси, муайян ижтимоий жараённи (урушлар, инқилоблар, халқ хўжалигини тиклаш, мамлакат тараққиёти ва ривожланиш) таҳлил қила олиш қобилияти.

    Замонавийлик усули. Қийинчиликлар, тўсиқлар, номутаносибликлар, ҳатто жиноий ҳаракатларнинг ошиб бориши ҳам соф виждонли киши қалбида Ватан туйғусини, агар у чуқур эътиқодга айланган бўлса, ўчиролмайди. Ранг-баранг мақсад ва манфаатларга эга ижтимоий гуруҳлар мавжуд экан, умуммақсадни турлича, гоҳо бир-бирига зид тарзда идрок этиш ҳам сақланиб қолади. Янги-янги авлодларнинг туғилиши, ҳаёт саҳнасига чиқиши жамият олдига янги-янги муаммоларни кўндаланг қўяверади; айнан ушбу узлюксизлик, тадрижийлик ижтимоий ҳаётнинг ҳам узлуксиз, тадрижий давом этишини таъминлайди.

    Бугунги кунда ёшларда ватанпарварлик асосан уч босқичда шакллантирилади ва ривожлантирилади:

    • билиш – Ватан тўғрисидаги қадриятларни эгаллаш;
    • эътиқод – ватанпарварлик қадриятлари тўғрисида олган билимларини эътиқодга айлантириш;
    • ҳаракат – бу эътиқодни амалий ишлар орқали намоён этиш. Шу боис, ёшларда ватанпарварлик даражаси кўрсаткичларини фалсафий таҳлил қилиш ва баҳолашда ёшларнинг ўз она юрти тўғрисидаги қадриятларга эга бўлганлик даражаси, фуқаролик эътиқодининг шаклланганлиги, ижтимоий-сиёсий фаоллик даражасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

    Хулоса қилиб айтганда, Учинчи Ренессансни яратишда ватанпарварлик ҳар бир инсоннинг ўзи туғилиб ўсган юртини, элини эъзозлаш, унинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий, маънавий тараққиёти ҳақида қайғуриш, ғамхўрлик қилиш, тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш, ўз давлати, мамлакатининг мустақиллигини сақлаш учун жон куйдириши ва керак бўлганда унга ўз ҳаётини бағишлашга йўллайдиган юксак маънавийлик мезонидир.

    Шундай қилиб, ҳозирги ўзбек ватанпарварлиги ота-боболаримиз, авлод ва аждодларимиз яратувчанлик, бунёдкорлик ишларининг бевосита давомидир. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш учун ҳозир ҳар дақиқада улуш қўшмоқ, Ватанга муҳаббат туйғуси – ватанпарварликнинг асл кўриниши ва намоён бўлишидир. Ватанга муносиб фарзанд бўлиш, унинг ери, суви, эли билан чамбарчас боғлиқ эканлигимизни теран англаш, уни асраш, ардоқлаш ватанпарварлигимизнинг қирраси.

    Янги Ўзбекистон – муқаддас Ватан, ота-боболаримиз ётган ер, ўзимиз ётадиган ер. Фарзандларимизни шу заминга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбларида шу муборак заминнинг ҳар қаричига меҳру муҳаббат уйғотиш бугунги куннинг энг устувор фазилатларидан бирига айланаётгани ҳаммамизни қувонтиради.

    Отабек Ғайбуллаев,

    Самарқанд давлат чет тиллар институти

    Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор,

    фалсафа фанлари доктори, профессор