Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити минтақамиз учун муҳим воқеа бўлди. Ушбу саммит Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика ва маданий соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Президентимиз “Euronews”га берган интервьюсида бу саммитнинг минтақа учун қанчалик муҳимлиги, у орқали Марказий Осиёнинг халқаро майдондаги ўрни янада мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, бугунги мураккаб геосиёсий шароитда минтақа давлатларининг ўзаро яқинлашуви, ҳамкорликни мустаҳкамлаши барқарорлик ва тараққиёт гаровидир.
Саммит давомида Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи томонидан Global Gateway стратегияси асосида Марказий Осиёга 12 миллиард евролик инвестиция пакети ажратилишини ва минтақалар ўртасида стратегик шериклик бошланганини эълон қилди. Ушбу маблағ янги савдо йўлакларини ривожлантириш, инвестиция оқимларини ошириш ва саноатни ривожлантиришга йўналтирилади. Шунингдек, минтақадаги тоза энергия манбаларини ривожлантириш ва глобал энергетика ўтиш жараёнига ҳисса қўшиш мақсад қилинган.
Сўнгги етти йилда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланди. Шу йиллар давомида Марказий Осиё давлатларининг Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми тўрт баробар ўсиб, 54 миллиард еврога етди. Ўзбекистон бу жараённинг энг етакчи иштирокчиси сифатида Европа бизнесининг Марказий Осиёга қизиқиши ошишига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Таъкидлаш жоизки, саммит арафасида Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида шартнома имзоланди. Бу нафақат тарихий келишув, балки Европадаги интеграцион жараёнларга ўхшаш тарзда Марказий Осиёда ҳам ўзаро яқинлашув йўлида илк амалий қадамлардан бири бўлди. Бу интеграцион ҳаракатлар фонида Европа Иттифоқининг тажрибасидан фойдаланиш, айниқса, демократик институтларни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий адолат ва фуқаролик жамияти қуриш борасидаги тажрибаси биз учун беқиёс аҳамият касб этади.
Европа Иттифоқи томонидан демократия ва инсон ҳуқуқлари масалаларида сиёсий босим ўтказмаслик, ўзаро ҳурмат ва тенгликка асосланган мулоқот юритилиши ҳамкорликни янада барқарор ва самимий асосга олиб чиқади. Ўзаро тенгликка асосланган ҳамкорлик замирида чинакам манфаатдорлик ётади. Минтақа давлатлари кўп векторли ташқи сиёсат юритар экан, Евроиттифоқ билан муносабатлар геосиёсий мувозанатнинг муҳим элементи ҳисобланади.
Кўп қутбли дунё тартиботида Европа Иттифоқи ўзини алоҳида қутб сифатида намоён этишда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликка таяниши мумкин. Минтақа учун эса кўп векторли ташқи сиёсат юритиш, кучлар мувозанатидан фойдаланиш ва қулай геосиёсий муҳит яратишда Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик муҳимдир. Савдо-иқтисодий муносабатларда бугунги дунёдаги савдо урушлари шароитида Европа Иттифоқи учун ҳам Марказий Осиё билан ҳамкорлик фойдали бўлади.
Жумладан, ушбу саммит фақат Марказий Осиё давлатлари учун эмас, балки Европа Иттифоқининг ўзи учун ҳам стратегик аҳамиятга эгадир. Бугунги геосиёсий вазиятда, айниқса, Евроиттифоқ учун энергия хавфсизлигини таъминлаш, барқарор транспорт йўлакларини шакллантириш ва янги бозорларни излаш зарурий стратегик вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё географик жойлашуви, табиий ресурслари ва сиёсий барқарорликка интилаётган давлатлари билан Европа учун ишончли ва истиқболли ҳамкор сифатида қаралмоқда.
Европа Иттифоқига бу минтақа энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, айниқса, Россиядан мустақил энергетик манбаларни диверсификация қилиш имконини беради. Марказий Осиё давлатлари билан барқарор савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш ЕИнинг глобал таъминот занжирларидаги ишончлилигини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, илм-фан ва таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш ҳам минтақа ривожи учун устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Айни пайтда ҳамкорликни янада чуқурлаштиришда маданиятлараро мулоқот, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар лойиҳаларни кенгайтириш жиддий асосга эга бўлиши керак. Бу борада, хусусан, талабалар алмашинуви дастурлари, профессор-ўқитувчилар мобиллиги, қўшма тадқиқот марказларини ташкил этиш каби ташаббуслар самаралидир.
Маданий мулоқотларни ривожлантириш ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири. Ўзаро маданий тадбирлар, таълим алмашинувлари ва санъат соҳасидаги лойиҳалар орқали халқларимиз ўртасидаги тушуниш ва ҳурмат янада мустаҳкамланади. Шу боис, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги маданий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қуйидаги таклифларни илгари суриш мумкин.
Биринчидан, таълим алмашинув дастурларини кенгайтириш, хусусан, талабалар ва ўқитувчилар учун қўшма дастурлар ва стипендиялар сонини ошириш, бу орқали ёш авлоднинг глобал дунёқарашини кенгайтириш лозим.
Иккинчидан, ҳамкорликда маданий тадбирларни сифат ва сон жиҳатдан ошириш, Европа ва Марказий Осиё санъаткорлари иштирокида концертлар, кўргазмалар ва фестиваллар ўтказиш орқали маданий алмашинувни кучайтириш муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Учинчидан, тарихий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишда ҳамкорликни кучайтириш лозим. Бунда қўшма тадқиқотлар ва лойиҳалар орқали минтақаларимизнинг бой тарихий меросини ўрганиш ва дунёга танитиш катта ўрин эгаллайди.
Ушбу ташаббуслар Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Дилшодбек РУСТАМОВ,
филология фанлари доктори