Ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган иллатлардан бири – коррупциядир. Корруция ва пораxўрлик давлатни ич-ичидан емириши ривожланган давлатлар тажрибасидан яхши маълум. Коррупция муаммолари билан шуғулланувчи “Transparency International” ташкилотининг маълумотларга кўра, айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва пораxўрлик натижасида йилига бир триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилар экан. Шу боис коррупция ва пораxўрликни ҳеч иккиланмай тараққиёт кушандаси, деб аташ мумкин.
Маълумки “Коррупция” тушунчаси лотин тилидаги “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, мазмуни “бузиш, сотиб олиш” маъносини беради ва унинг грамматик бир илдизли маъноси яна “коррозия” сўзи, яъни “чириш” ёки “занглаш” деган мазмунни ҳам беради. Шундан келиб чиқиб, бу сўзнинг ижтимоий кўриниши “ҳокимиятни бузиш, чиритиш орқали сотиб олиш” деган маънони беради.
Коррупция, албатта, бугун пайдо бўлган иллат эмас. Қадимги юнон файласуфи Аристотель шундай деган: “Ҳар қандай давлат тизимида – қонунлар ва бошқа фармойишлар орқали ишни шундай ташкил қилиш керакки, унда мансабдор шахсларнинг ноқонуний йўл билан бойишига йўл қўймаслик лозим”. Француз мутафаккири Шарл Монтескьё фикрича, “... ҳар қандай ҳокимият ваколатига эга бўлган шахс, уни суиистеъмол қилишга мойил бўлади ва у маълум бир мақсадга эришмагунча шу йўналишда юради”.
Ғарбий Европа давлатларининг кейинги тарихида ҳам коррупциянинг турли кўринишлари ва коррупцион муносабатларнинг авж олиши нафақат тарихий манбаларда, балки ўша даврнинг илғор ёзувчи ва файласуфлари асарларида ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, нафс балоси билан боғлиқ воқеалар силсиласи Шекспирнинг “Венециялик савдогар”, “Қонга қон, жонга жон”, Дантенинг “Дўзах”, “Тозаловчи” каби асарларида ҳам ёритилган. Данте бу офатга йўлиққан коррупционерларни дўзахнинг энг қоронғи ва энг чуқур жойига ташлаш керак, деган ғояни илгари сурган.
Коррупция элементлари ва коррупцион муносабатлар ўзбек адабиётида, хусусан, халқ оғзаки ижоди намуналарида ҳам, ёзма адабиётда ҳам ўз аксини топган. Ўзбек миллий романчилигининг дунёга келишига асос бўлиб хизмат қилган Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи ва ҳамон ўзининг бадиий қимматини йўқотмаган Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўғри” ҳикояси фикримизнинг яққол далилидир.
Баркамол бадиийлик намунаси бўлган «Ўғри» ҳикоясида ўтмишда рўй берган оддий воқеа – Қобил бобо ҳўкизининг ўғирланиши тасвирланса-да, уч саҳифага ҳам етмаган мўъжазгина асарда бутун бир ҳаёт картинасини кузатиш мумкин. Ҳикоянинг эпиграфида таъкидланганидек, отнинг ўлимидан итлар манфаатдор бўлишгани, нафс балоси гирдобидаги одамларнинг манфур башаралари-ю, ўз манфаатинигина кўзлаган саъй-ҳаракатлари энг ишонарли бўёқларда тасвирланади.
Бор бисоти бўлган ягона ҳўкизидан айрилган Қобил бобо унинг топилишидан умидвор бўлиб топган-тутганини амалдорларга ташийди. Ахир, “текинга мушук офтобга чиқмайди”. Унинг қайғусидан хабардор бўлган ва оғизда бўлса ҳам, “ҳўкизни жуда нақд қилиб қўйган” қўшниси ҳам элликбоши бўлиш учун озмунча пул сочганми? Мингбошининг бир ўзига етти юз боғ беда, бир той бергани маълум...”.
Кечқурун аминнинг олдига борадиган Қобил бобо қуруқ қошиқ оғиз йиртишини-да, берганга битта ҳам кўп, олганга ўнта ҳам озлигини-да, яхши билади. Агар элликбоши берганнинг бетига қарамай оладиганлар тоифасидан бўлса, амин ҳали топилиши гумон бўлган ҳўкизни қидиртириш учун ҳам топилмасдан туриб суюнчисини талаб қилишдан тап тортмайди.
Аминники приставники олдида ҳолва экан: “маълум бўлдики, уни бегим дегунча кишининг бели синар экан. Учта товуқ, гарчи бири курк бўлса ҳам, Қобил бобонинг ўзидан чиқди. Юзта тухумни қўни-қўшни, ёр-биродарлар ўзаро йиғиб берди. Аммо бу тортиқ билан тилмочдан нари ўтиб бўлмади. Тилмоч тортиқни олди ва бетўхтов приставга яхшилаб тушунтиришни ваъда қилди. "Яхшилаб тушунтирилган" пристав битта кулангир, битта фаранги товуқ, уч сўм пулни олганидан кейин, Қобил бобонинг бахтига, "бетўхтов ҳокимга хабар бераман" демасдан, "аминга бор", деб қўя қолди. Амин "элликбошига борилсин", деди[1].
Кўриниб турибдики, мўъжазгина ҳикояда давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шаxсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон бериши ишонарли тарзда очиб берилган.
Бугунги кунда ҳам "Ўғри" ҳикоясида кўриб ўтган тимсолларга ўхшаш айрим нусхалар, иллатлар — мавқеидан фойдаланиб халқни, давлатни алдайдиган, ҳамиша ўз фойдасини кўзлаб, чўнтагини тўлдирадиган шахслар оз бўлса-да, учраб туриши бу асарнинг ҳали-ҳануз ўз қимматини йўқотмаганидан дарак беради..
Сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса бўлган коррупция элементлари биринчи ўзбек миллий романи “Ўткан кунлар”да бирмунча кенгроқ тасвирланади. Гарчанд, китобхонлар наздида, ёзувчи икки ёш – Отабек билан Кумушнинг оловли муҳаббатинигина баён қилган бўлса-да, унда “тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги “хон замонлари” воқеалари қаламга олинади. Шубҳасиз, ана шундай “энг кирлик” ҳодисалардан бири амалдорларнинг порага сотилиши ва манфаатпарастларнинг ўз қора ниятлари йўлида уларни пора орқали айнитишдир.
Жамиятнинг ҳам, давлатнинг ҳам юзига доғ бўлиб тушган, чин маънода тараққиёт кушандасига айланган коррупциянинг туб илдизлари ва у олиб келиши мумкин бўлган муқаррар оқибат – тўғри, ҳалол одамларнинг ноҳақ жабрланиши, манфаатпараст амалдорларнинг ноқонуний бойлик орттириши ва алал-оқибат миллатнинг инқирозини кўрсатувчи воқеалар тасвири романнинг салмоқли қисмини эгаллаган.
Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартириб юбориши ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқариши романнинг “Чақимчилик” деб номланган бобидан бошланган воқелар тизимида яққол кўрсатиб берилган. Даставвал, “қўланса сўзлик, ичи қорароқ бир йигит” – Ҳомид ўзининг манфур ниятини амалга ошириш мақсадида, қўрбошини ўн тилло танга эвазига сотиб олади. Кейинчалик қўрбошининг нафси шунчалик ҳакалак отадики, ҳар нарсани баҳона қилиб, Ҳомиддан олтин ундириш йўлига ўтиб олади...
Ёзувчи қоронғида топишган бу икки нусханинг ботинида юз берган кечмишларни қуйидагича тасвирлайди: “Хоин ила сотилғон кўзлар тўқнашдилар-да, бир-бирисидан маъно олишдилар ва орага бир неча дақиқа сўзсизлик, жимлик кирди. Қўрбоши чиндан ҳам бу ўрингача Ҳомиднинг ички сиррига мутталиъ бўлмаған, қўлиға кирган олтинларни ҳам ёлғиз унинг қариндошларининг қутилишлари йўлидағи чойчақалар, деб билар эди. Аммо энди илгари ва ҳозирда киссасига тушкан олтинларни Отабек ила қутидорнинг қон баҳолари эканлигини сезиб виждони тўлқинланаёзди ва мутараддид бўлди. Қўрбошининг бу ҳоли Ҳомидни маълум икки йўл устида қолдирған эди. Ўзини жаҳаннамга юбориш ва нажотка чиқариш ихтиёри қаршисидағи бекнинг қўлида эди. Унга тез-тез қарар ва ҳоли тили билан унга яна кўб олтинлар ваъда қилар эди. Бу ваъдаларни Ҳомиднинг юзидан ўқиған қўрбоши – “икки кишининг хун баҳолари!” деб қичқирмоқда бўлған виждон садосини эшитиб ўтирмади”[2].
Натижада “Ҳомиднинг номаълум бир ғарази йўлида” бегуноҳ одамлар қурбон қилинишига бир баҳя қолади. Бир тасодиф ва “қипчоқ бекларининг тузукларидан бўлган Ўтаббой қушбеги” сабабли дордан боши омон қолган Отабек “бир ғариби бечора” (Ҳомид)нинг туҳмат тўла мактуби туфайли яна азият чекишга мажбур бўлади. Отабек тақдирига бефарқ бўлмаган Ўтаббой қушбеги ҳам ғаразли мактуб натижасида унинг ёнига қўшилади.
Шундай қилиб, ёзувчи воқеадан-воқеага ўтган сайин амалдор бекларнинг тутуриқсизлиги, ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тоймаслиги, юзсиз ва виждонсизлигини ёрқин бўёқларда акс эттира боради. Натижада коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодиса эканлиги ўзининг бадиий исботини топа боради.
Хулоса ўрнида Президентимиз томонидан билдирилган “мамлакатимизнинг келажагини ва обрў-эътиборини қадрлайдиган ҳар бир виждонли фуқаро бу таҳдидни эсда тутмоғи даркор. Ҳалол меҳнат қилиш, ўз билими, куч-ғайрати ва ижодий қобилиятини сарфлаш учун барқарор шарт-шароит бўлишини истайдиган, фарзандлари ва яқин кишилари келажакда ҳам демократик, фуқаролик жамиятида цивилизациялашган бозор муносабатларининг самараларидан тўла-тўкис фойдаланишни орзу қиладиган ҳар бир фуқаро, жиноятчилик ва коррупция йўлига ўз вақтида зарур тўсиқ қўйилмаса, бу иллатлар қандай аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яхши англаб етмоғи лозим”, деган фикрларни яна бир бор таъкидлаш жоиздир.
Т. САЙДАЛИЕВ,
Фан ва технологиялар университети тиллар кафедраси доценти,
филология фанлари номзоди, истеъфодаги подполковник
[1] Abdulla Qahhor. Anor: Qissa va hikoyalar. – T.: Gafur Gulom nomidagi nachriyot-matbaa ijodiy uyi, 2005. – 79-b.
[2] Қодирий А. Ўткан кунлар. Меҳробдан чаён: Романлар. – Т., 1994. – 93-б.