Барқарор ривожланиш: ютуқлар ва истиқболлар

    Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида “Янги Ўзбекистоннинг Миллий барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ): ютуқлар ва истиқболлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

    Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистондаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

    Унда асосий маърузачилар сифатида таниқли олимлар, давлат ва хусусий сектор, халқаро агентликлар, идоралар ва таҳлил марказлари вакиллари, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳал қилиш халқаро ассоциацияси (SDSN) президенти професор Жеффри Д.Сакс, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари доктор Содиқ Сафоев, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёти дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Аделаида университети профессори Ричард Помфрет (Австралия), Дьюк университети профессори Чарлс Бекер (АҚШ) иштирок этди.

    Конференция Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ислоҳотларнинг аҳамиятини муҳокама қилиш, билим ва тажриба, илмий тадқиқотлар ва ривожланиш стратегиялари натижаларини алмашиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик учун йўл хариталарини белгилаб олиш мақсадида ўтказилди.

    Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2015 йил сентябрда Ўзбекистон дунёнинг бошқа мамлакатлари каби, 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, барқарор, кенг қамровли ва изчил иқтисодий ўсиш, ижтимоий интеграция ҳамда атроф муҳит муҳофазаси, шунингдек, сайёрада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

    Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 20 октябрдаги 841-сон қарори қабул қилинган.

    Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) қашшоқлик ва очликни бутунлай йўқ қилиш, мамлакатлар ва улар ўртасида тенгсизликни камайтириш, соғлом турмуш тарзи, адолатли ва сифатли таълимни ҳамда бутун умр давомида барча учун таълим олиш имкониятини яратиш, гендер тенгликни таъминлашга қаратилган.

    Шунингдек, изчил, кенг қамровли ва барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашиш, барчани тўлиқ ва сермаҳсул иш билан таъминлаш, уй-жойга эга бўлиш ва “яшил иқтисодиёт”ни кенг жорий этиш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш билан боғлиқ бошқа муҳим масалаларга йўналтирилган.

    Конференциянинг иккинчи қисмида ёшлар вакиллари “Ёшлар сўзлари билан айтганда миллий Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш: ижтимоий ва инновацион лойиҳалар” мавзусида ўз тақдимотлари билан иштирок этди.

    Конференция орқали Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш жараёнида халқаро илғор тажрибалар кўриб чиқилиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазкур мақсадлар билан боғлиқлиги кўриб чиқилди. Шунингдек, бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга халқаро экспертларнинг баҳоси ва фикри олинди.

    Шу билан бирга, халқаро илмий ҳамжамият томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар, хусусан, Марказий Осиё/Ўзбекистон бўйича илмий-тадқиқот ишлари, миллий Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришиш ва мониторинг қилишда ёшлар иштирокининг аҳамиятига эътибор қаратилди.

    Бундан ташқари, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва улар таҳлилига бағишлан инглиз тилида китоб ёзиш бўйича иш бошлангани эълон қилинди ҳамда уни жорий этиш режалаштирилаётган “БРМнинг ёш элчилари” дастури кўриб чиқилди.

    Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates