Байроғимиз — куч-қудрат ва жасорат тимсоли

    Ер юзида икки юзи элликка яқин давлатлар бор ва албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.

    Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганинг 30 йиллиги арафасида Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ташаббуси билан Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Муқаддасдир ватан байроғи” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

    Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минхожиддин Ҳожиматов, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Таваккал Чориев, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Феруза Муҳиддинова, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори Александр Бекжанов иштирок этди.

    Тадбирда сўзга чиққанлар байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келгани, аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлари, у куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлганини алоҳида таъкидладилар.

    Тадбир давомида Давлат божхона қўмитасининг Божхона институт ходим ва курсантлари томонидан Ватанни мадҳ этувчи шеърий чиқишлари ҳамда карабинчилар жамоалари чиқишлари намойиш этилди.

    Муножат Мўминова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири.