Байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!

    Мамлакатимизда 18 ноябр 2023 975

    Давлат байроғи... Унинг шамолда ҳилпираб туриши кишида ўзгача туйғуларни уйғотади. Бу – ғурур, бирдамлик, илҳом, кўтаринки руҳ, умид, ҳамжиҳатлик туйғуларидир. Ватанимизнинг беқиёс рамзидир.

    Озод ва обод Ватанимиз — Ўзбекистоннинг байроғи ҳам бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир. Байроқ – давлатимиз рамзидан бири. Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.

    Байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар.

    Буюк соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди. Бу давр ватан тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Байроқ эса том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди. Жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида жанг майдонлари узра баланд ҳилпираб турди. Бу байроқ энг ишончли баҳодирлар томонидан қўриқланди. Бехос дайди ўқ келиб туғ кўтарган жангчига тегсада, у тупроққа қоришмади — дарҳол шаҳид сарбоз ўрнини бошқаси эгаллайди, мақсад жанггоҳдагиларга байроқ кўринмай қолмасин.

    Соҳибқирон бобомиз замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Бунга соҳибқирон алоҳида эътибор берган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган. Шунингдек, “Темур тузукларида таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу соҳибқирон давлатида салтанат рамзлари нечоғлик баланд мақом тутгани ва улар қандай катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этганидан далолат беради...

    Байроғимиз 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлади. Мана, қарийб 31 йилдирки, у халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимизнинг жаҳонаро ифодаси, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.

    Чет элларда юрганимизда ўша ерда ҳилпираб турган байроғимизга кўзимиз тушиши билан юрагимизда чексиз фахр уйғонади, руҳимиз кўтарилади. Байроғимиз тимсолида дунёнинг ҳар қайси нуқтасида ҳам Ўзбекистон деган ҳимоячимиз, суянчиғимиз борлигини ҳис қиламиз.

    Байроғимиз бугунги кунда миллий авиакомпания самолётлари, халқаро йўналишдаги поездларимиз орқали дунёнинг кўплаб мамлакатларига «парвоз қилиб», Ўзбекистондай келажаги буюк давлат борлигини жаҳонга намойиш этмоқда.

    Халқаро майдонда расмий делегацияларимизнинг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференциялар, жаҳон кўргазмалари ва спорт мусобақаларида мамлакатимиз тимсоли ҳисобланади. Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, фуқароларимиз, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар давлатимиз байроғини ҳурмат қилишлари шарт ва унга беҳурматлик учун жазо муқаррар. Байроғимиз давлат идора ва ташкилотлари, таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар — қўйингки, барча сарҳадларида ҳилпираб турибди. Қуролли кучларимиз сафига чақирилган, ҳарбий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларимиз Давлатимиз байроғи пойида Ватанни кўз қорачиғидай асраш, уни ўз шаъни ва номусидай муносиб ҳимоя қилишга қасамёд қилади.

    Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юртимиз байроғини баланд кўтараётган спортчиларимизнинг ютуқлари қалбимизни ватанпарварлик туйғусига тўлдиради.

    Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойлари Хитойда ўтказилган Осиё ўйинларида қатнашган йигит-қизларимиз Осиё китъасидан энг тез, энг зўр ва энг кучли спортчилари йиғилган спорт мусобақасида Ватанимиз байроғини энг олий даражага кўтаришлари ҳаммамизнинг ғурур ва ифтихоримиз бўлди!

    Мустақил Ўзбекистон байроғи сарҳадимизда қадимдан мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда ватанимизнинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Байроғимизда яхшилик, шон-шуҳрат, садоқат, поклик, халқнинг тарихи ва навқиронлиги акс этган.

    Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!

    Маҳбуба Расулова,

    Тошкент давлат юридик университети, Хорижий тиллар кафедраси ўқитувчиси

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates