Байроққа ҳурмат — юртга муҳаббатдан далолат

    Дунёдаги барча давлатларда миллий байроққа нисбатан ҳурматсизлик, яъни уни камситиш давлатга қарши жиноят деб ҳисобланади ҳамда қонун йўли билан жазоланади.

    Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири ўзлигимиз ва ғуруримизни ривожлантиришга хизмат қилиб, миллий юксалишнинг ҳаёт дарслиги, энг кучли тарбия воситасидир.

    Ўттиз йилдирки, Ўзбекистон давлати томонидан миллий тарихимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш орқали мард ва жасур, меҳнаткаш халқимиз улуғ авлиё-аждодларимиз хотирасига муносиб эҳтиром кўрсатиб, боқий анъаналар ҳамда умумқадриятларимизни асраб-авайлаб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари зарурий пойдевор яратиш йўлида саъй-ҳаракатларни изчиллик билан амалга ошириб келмоқда. Бундай жараёнларда халқимизнинг тарихий анъаналари ва миллий қадриятлари ҳамда маданий-маънавий меросини ўзида тўлиқ акс эттирган миллий байроғимиз – яловимиз муқаддас рамз сифатида беқиёс аҳамиятга эгадир.

    “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун мамлакат Олий Кенгашининг навбатдан ташқари VII сессиясида (1991 йил 18 ноябрь) қабул қилинди. Сўнгги йилларда мазкур Қонунга бир нечта ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди, ҳужжат янги таҳрирда қабул қилинди, янги моддалар билан бойитилди. Мисол учун, 5-моддага киритилган ўзгартиришларга кўра, нодавлат ташкилотларнинг ҳужжатлари ёки материаллари тафсилотларига Давлат байроғининг элементларини киритишга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, Давлат байроғи тасвирини акс эттирувчи белгилар тижорат мақсадларида товарлар ёки сотишни тарғиб қилиш учун ишлатилиши мумкин эмас. Аслини олганда, миллий тарихий қадриятлар асосида яратилган, ўтмиш, бугун ва келажакни акс эттирувчи Давлат рамзи бўлмиш байроғимизни ҳурмат қилиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи ва мажбуриятидир.

    Байроқлар қадим-қадимдан ҳар бир давлат ва жамият учун мустақиллик, озодлик, тинчлик ва осойишталик ҳамда барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар. Дарвоқе, жангу жадалларда байроқнинг қулаши ёки душман қўлига ўтиб қолиши мағлубият билан баробар турган. Мисол учун, Буюк Амир Темур салтанатида ҳам байроқ давлат ва миллат ғурури саналиб, энг ишончли баҳодирлар, саркардалар томонидан қўриқланган. Душманларга қарши курашларда мардлик ва жасорат кўрсатган амиру сипоҳийларга эҳтиром рамзи сифатида махсус туғ ҳадя қилинган. Жанг пайтида Соҳибқирон қўшинларида байроқдор, байроқ кўтарган аскарларнинг улуғланиши учун унинг номига аламдор ёки аламбардор тахаллуси қўшиб айтилган. Зурриёдлари эса бу номни фахр ва ғурур билан тилга олганлар. Соҳибқирон буйруғига кўра, қўшинда биргина жангчи қолса ҳам байроқни кўтариб туриши шарт ҳисобланган. Байроқни тушириш қўшиннинг руҳига салбий таъсир кўрсатган, унинг мағлубиятини билдирган.

    Давлатимиз байроғидаги янги чиқиб келаётган ярим ой, юлдузлар, мовий, оқ, яшил ранглар ҳамда қизил ҳошия чизиқлар уйғунликда халқимиз ғурури ва келажакка бўлган ишончининг ифодаси ҳисобланади. Байроғимиз халқимизнинг ифтихор тимсолига айланди. Зеро, мамлакатимизда ўтказилаётган ҳар қандай ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, айниқса спорт тадбирлари Давлат байроғини тантанали суратда кўтариш, мадҳиямизни куйлаш билан очиладиган бўлди.

    Мен фуқаро сифатида қувониб, озодлик ва мустақиллик рамзи бўлган байроғимизда сеҳр тимсоли бор дейишга хақлиман: унинг сеҳрини ҳис қилмаган қалбда миллий ғурур, Ватандан фахрланиш туйғуси бўлмайди ҳисоб.

    Президентимизнинг хорижий давлатларга расмий ташрифлари давомида байроғимиз ўша мамлакатлар кўчаларини безайди. Турли байрам тантаналари ва мамлакатимиз делегациялари қатнашаётган халқаро тадбирлар ҳамда нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимиз шарафи, халқимизнинг ғурур ва ифтихорини ёрқин акс эттирадиган омиллардан бири ҳам айнан миллий тимсолимиз рамзи – байроқ.

    Ватан ҳимояси учун ҳарбий қасамёд қилаётган ўғил-қизлар байроғимиз олдида тиз чўкиб, уни кўзларига суради. Дунёдаги барча давлатларда миллий байроққа нисбатан ҳурматсизлик, яъни уни камситиш давлатга қарши жиноят деб ҳисобланади ҳамда қонун йўли билан жазоланади. Минг йиллар оша давлатлар уни кўз қорачиғидек авайлаб-асраб келганлари бежиз эмас. Озодлигимиз, ободлигимиз, ифтихоримиз ва ғуруримиз, шон-шавкатимиз, муқаддас қадриятларимиз рамзи бўлган байроғимиз ҳар биримизга фуқаролик бурчи ва масъулиятини юклайди. Байроққа бўлган муносабатидан кишининг Ватанга бўлган ҳурматини билиб олиш қийин эмас. Зеро, тарих учун қисқа муддат бўлган ўттиз йил юрт байроғига чуқур меҳр қўйиш, уни юракка мустаҳкам ўрнатиб олиш учун етарли бўлса керак...

    Карим Норматов,

    тарих фанлари доктори, профессор.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates