Бебаҳо меросимизни тарғиб қилиш – ҳар биримизнинг вазифамиз

    Халқимиз маданияти ниҳоятда бой, хилма-хил. Унда тарих ва келажакнинг ўзаро уйғунлиги мужассам десак, тўғри таъриф берган бўламиз.

    Моддий бойликлар дейсизми, маънавий бойликларми – аждодларимиз қолдирган бебаҳо мерос билан ҳар қанча фахрлансак, бунга асосимиз бор.

    Меъморлик, ҳунармандлик, мусиқа каби соҳалардаги тарихий бойликларимизни ўз кўзи билан кўрган ҳар қандай хорижлик назарида ҳайрат акс этмай қолмайди. Халқимиз нақадар шонли ўтмишга эгалигига ишонч ҳосил қилади. Бироқ глобаллашув даврида фақат шулар билан фахрланиб ўтиришнинг ўзи етмайди. Бугун уларни ёш авлод тафаккурига сингдириш, қолаверса, дунё бўйлаб янада кенг тарғиб қилиш ҳар биримиз учун ўзига хос масъулиятдир.

    Давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихи, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий мероси ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш, улар билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси делегацияси тузилган эди. Шунга кўра, жорий йил 8-15 декабрь кунлари Тошкент кимё-технология институти ректори, профессор Ботир Усмонов бошчилигидаги жамоа ҳамда 10 кишилик делегация Австрия ва Словакияда хизмат сафарида бўлиб қайтди.

    Сафар давомида Вена шаҳридаги Вебстер университети филиали, Вена университети ҳамда Братислава иқтисодиёт ва менежмент университети билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг бой маданий мероси, иқтисодий, сайёҳлик ва гастрономик салоҳиятини тарғиб қилувчи тақдимотлар ўтказилди. Тадбир доирасида миллий ҳунармандлик намуналари, миллий либослар кўргазмаси, ЮНЕСКОга киритилган миллий рақс ва куйлар талабалар ижросида намойиш этилди, тадбир қатнашчиларига халқимизнинг миллий таоми – палов тортилди.

    Мазкур тадбирларда дипломатик корпус, сиёсий, бизнес, илмий-маърифий доира вакиллари ҳамда нуфузли олийгоҳларда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этди. Братислава иқтисодиёт ва менежмент университетида ўтказилган тақдимотда муассаса ректори Любош Чибак ўзи раҳбарлик қилаётган мазкур олийгоҳ Ўзбекистон ва Словакия ўртасида нафақат таълим, балки маданият соҳасида ҳам кўприк вазифасини бажараётганидан хурсандлигини таъкидлади.

    Вена шаҳридаги Вебстер университети филиалида ташкил қилинган тақдимотда олийгоҳ директори Самуэл Шуберт мамлакатимизга, халқимизга чексиз ҳурмат изҳор қилиб, бу каби тадбирлар халқлар, маданиятларни бирлаштиришга самарали хизмат қилишини қайд этди. Шунингдек, Вебстер университети бош директори Раян Гаффейнинг Швейцариядан Венага айни тадбирларда иштирок этиш учун етиб келгани Ўзбекистон билан таълим соҳасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканини яна бир карра исботлади.

    Тақдимотда профессор Туғрул Курт сўзга чиқиб, Ўзбекистон халқининг ислом цивилизациясига қўшган катта ҳиссасини нафақат китоблардан ўқиб, балки Самарқандга ташрифи чоғида ўз кўзи билан кўришга муяссар бўлганини мамнуният билан эътироф этди. У мамлакатимизнинг бой тарихини хорижий ёш олимлар ўрганиши учун махсус ўқув курслар ташкил қилиниши лозимлигини таъкидлаб, бу йўналишда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлиги ва келгуси йили Ўзбекистонга яна боришни режалаштираётганини айтди.

    Тақдимот доирасида делегациялар ўртасида 2025 йил давомида кимё соҳасида мутахассислар тайёрлаш мавзуси бўйича австриялик профессорлар билан онлайн учрашув ташкил қилиш ҳамда Вена университети талабаларидан бир гуруҳининг 2025 йил апрелида Ўзбекистонга сафарини уюштириш бўйича келишувга эришилди.

    Делегация раҳбари, профессор Ботир Усмонов Ўзбекистоннинг Австрия ва Словакиядаги фахрий консуллари ҳамда Вена университети физика-кимё департаменти раҳбари ўринбосари Питер Либерцайт билан икки томонлама учрашув ўтказиб, ўзбек талабалари, магистрант ва докторантларининг малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.

    Халқимизнинг шонли тарихини тарғиб қилишга мўлжалланган бу каби тадбирлар халқаро миқёсда мамлакатимиз обрўсини ошириш билан бирга сайёҳлик имкониятини юксалтиришга хизмат қилади. Боиси, бугун туризм тараққий этган мамлакатларнинг барчаси худди шундай йўл тутганини тарихий далилларнинг ўзи исботлайди. Бу каби маданият тарғиботларини янада ривожлантириш, қамровини ошириш, ёшларнинг иштирокини кенгайтириш устувор вазифаларимиздан бирига айланиши керак.

    Баҳодир БОБОРАЖАБОВ,

    техника фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates