Европа Иттифоқи сув танқислиги муаммосини ҳал қилиш ва қувурлардан сув оқишини бартараф этиш ишларини молиялаштиришнинг янги усулларини топиши керак. Бу ҳақда Financial Times газетасида 3 январь, жума куни чоп этилган интервьюсида атроф-муҳит бўйича Еврокомиссар Жессика Росвалл айтиб ўтган.
Росваллнинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинадаги уруши бошланганидан сўнг, Европа Иттифоқи сув таъминоти инқирозини енгиш бўйича саъй-ҳаракатлар ўрнига энергетика хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратган. “Биз сув ҳақида жуда кам гапирамиз, энергия самарадорлиги ва энергия ҳақида гапирамиз ... Бу, албатта, жуда муҳим, лекин сув ҳам жуда муҳим ва Европада у етарли эмас”, деди у.
Европа атроф-муҳит агентлиги томонидан октябрь ойида чоп этилган тадқиқотга кўра, Европа Иттифоқи ҳудудининг бешдан бир қисми ва аҳолисининг деярли учдан бир қисми ҳар йили сув танқислигидан азият чекади. Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, Европа Иттифоқида қурғоқчилик сони ва жиддийлиги ҳам кескин ошган. 1976 йилдан 2006 йилгача ушбу ўзгаришлардан зарар кўрган майдонлар ва аҳоли сони деярли 20 фоизга ошди.
Фермерлар ҳосилдорликнинг кескин пасайишига дуч келишмоқда. Бу тенденция саноатда ҳам ўз аксини топди, тўқимачиликдан тортиб водород ишлаб чиқаришгача, бу ерда электролиз жараёнида сув ишлатилади, деб хабар беради dw.com.
Қишлоқ хўжалиги ва саноат юки ортиб бораётганига қарамай, Европа Иттифоқи қувурлар ҳолатини етарлича назорат қилмаяпти, деди Росвалл. Еврокомиссия маълумотларига кўра, улар орқали етказиб бериладиган сувнинг деярли тўртдан бир қисми тарқатиш вақтида йўқолади.
Еврокомиссарнинг сўзларига кўра, қувурларни таъмирлаш ва янги тозалаш иншоотларини яратиш учун “молиялаштиришнинг янги инновацион усулларини излаш” керак.