Беҳзод ҲОШИМОВ: ЖСТ талабларидан ташкилотга кирадиган давлатнинг ўзи кўпроқ манфаат кўради

    Ўзбекистондек иқтисодиётга эга мамлакатнинг ЖСТга кириши тез кечадиган жараён эди.

    Ўзбекистон илк бор 1994 йилда дунёдаги йирик иқтисодий тузилма — Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун ариза топширган эди. Орадан 30 йил ўтган бўлса-да, ҳамон ушбу ташкилотга кириш ҳақида гапиряпмиз ва бу жараён кейинги йилларда жадаллашди. Тўғри, орада танаффуслар бўлди, бир неча йиллар давомида ташкилотга кириш ҳаракати музлатилди. Аммо астойдил истасак, аллақачон халқаро ташкилотга аъзо бўлардик.

    Бу ушбу жараённи кузатиб бораётган иқтисодчиларнинг фикри, таҳлиллари асосидаги қарашлари. Умуман, бу масалада қарашлар, томонлар хилма-хил. Асосийси, мутахассислар ўз фикрлари билан жараёнда фаол иштирок этмоқда. Улардан бири таниқли ва ёш иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовдир. Марказий Осиё ишлари бўйича Оксус жамияти, Америка Иқтисодчилар ассоциацияси ва АҚШдаги Стратегик менежмент жамияти аъзоси Б.Ҳошимов Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш ҳаракатининг доимий кузатувчиларидан. Унинг бу масаладаги фикрлари, мулоҳазалари билан қизиқдик.

    — Бу борадаги саъй-ҳаракатлар йиллар давомида суст бўлганини кўпроқ хоҳиш етарлича бўлмагани билан изоҳлайман, — дейди иқтисодий таҳлилчи. — Чунки Ўзбекистондек иқтисодиётга эга мамлакатнинг ЖСТга кириши тез кечадиган жараён эди. Бироқ бу масалага унчалик ҳам жиддий эътибор берилмагани сабаби ташкилотга кириш учун қўйиладиган талаблар билан боғлиқ. Мазкур талаблар мамлакат иқтисодиётининг бозор иқтисодиёти тамойилларига ўтишини тақазо этади. Бу дегани, давлатнинг иқтисодиётга аралашуви чекланиши керак. Мақсад эса иқтисодиёт сиёсатидаги хатоларни камайтириш ва халқаро стандартларга мослашишга қаратилган.

    Масалан, дунё давлатларига очилиш, иқтисодиётда давлат улушини сезиларли камайтириш, монополияга чек қўйиш ва ҳоказо. Шуларга тайёр бўлган давлатларгина ЖСТга кириш талабларини бажара олади. Бундан ташкилотга аъзо бўлган мамлакат кўпроқ манфаат кўради. Айтайлик, россиялик иқтисодчилар ЖСТга кириш учун талаб этиладиган ислоҳотларни бажариш орқали қисқа муддатда иқтисодиёт 3 фоиз, ўрта муддатда эса 11 фоиз ўсишини ҳисоблаган. Амалда эса бу кўрсаткич бир неча баробар салмоқли бўлди. Буни бошқа давлатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Гап шундаки, юқори ўсиш кўрсаткичи ЖСТга кириш туфайли эмас, балки унгача бўлган жараёндаги ислоҳотлар натижаси, холос.

    Ўзбекистон охирги йилларда ЖСТга кириш ҳаракатини фаоллаштирганида ҳам шундай ислоҳотларга тайёрлигини намоён қилди. Намоён қилибгина қолмай, уларни амалиётга кўчира бошлади. Гарчи мамлакатимиз иқтисодиёти у қадар йирик эмаслиги боис, ташкилотнинг бизга қўядиган талаблари катта бўлмаса-да, қилиниши керак бўлган ишлар етарлича.

    Аслида ЖСТ талаблари — аллақачон қилиниши керак бўлган ислоҳотлар. Улар кечиктирилгани сари халқаро майдонга мослашув ортга сурилаверади. Ваҳоланки Ўзбекистон кейинги 7 йилда ҳар жиҳатдан дунёга очилган давлат сифатида бошқа мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик тарафдори.

    ЖСТга қўшилиш бу ҳамкорликни янада кенгайтириб, мутлақо янги босқичга олиб чиқади. Буни тушунганимиз ҳолда кейинги йилларда ташланаётган қадамлар жиддийлашди. Ўзбекистон 2026 йилгача ташкилот аъзолигига эришмоқчи. Бу борада халқаро ташкилот томонидан ўтказиладиган ишчи гуруҳ йиғилишлари жуда муҳим. Мамлакатимиздаги сўнгги учта ишчи гуруҳ йиғилиши 2022 йил июнь, 2023 йил март ҳамда ноябрь ойида ўтказилганига кўра, 2024 йил майдаги йиғилиш анча тез амалга ошганини кўриш мумкин. Бу ҳукуматнинг ЖСТга аъзо бўлишни тезлатишга уринаётганидан далолат.

    Шу мақсадда мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида халқаро стандартларга мослашиш жараёни жадаллаб, ҳуқуқий асослар яратила бошлаганини ҳам инкор этолмаймиз. Президентимизнинг жорий йил 3 июндаги “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги жиддий ва салмоқли қадам бўлди.

    Барчага тенг шароит

    Жаҳон савдо ташкилоти нуфузи ва ўрни жиҳатидан жаҳон иқтисодиётида катта таъсирга эга. Ташкилотга аъзо бўлиш 166 давлат билан кенг савдо алоқалари ўрнатиш имкониятини беради. Дунё савдосининг 99 фоизи ана шу ташкилот аъзолари ҳиссасига тўғри келишини ҳисобга олсак, кўламни тасаввур қилиш қийин эмас.

    — Ўзбекистоннинг бозордаги анъанавий ҳамкорлари ўрнини янги ва йирик иқтисодиётга эга мамлакатлар эгаллайди, — давом этди Беҳзод Ҳошимов. — Ҳозир мамлакатимиз Россия, Молдова, Қозоғистон, Тожикистон каби саноқли давлат билан эркин савдо шартномасига эга. Бу мамлакатлар дунё иқтисодиётининг 3 фоизини ҳам ташкил қилмайди. Бундан ташқари, биз атиги 47 давлат билан “Энг мақбул савдо ҳамкор” (MFN) режимини назарда тутувчи шартномага эгамиз. Лекин бу ЖСТнинг худди шу режимидан анча фарқ қилади.

    Иқтисодиётдаги юқори тариф ва нархлар, импорт ва экспортдаги чекловлар, эркин савдодаги чегаралар бунда яққол кўзга ташланади. Масалан, импорт ва экспортдаги юқори бож тўлови, нотариф барьерлар, савдо солиқлари, экспортдаги чекловлар — ўзимизга ўзимиз қўллаётган “санкциялар”дир.

    Жаҳон бозорига кенг очилиш учун булардан чиқиб кетиш керак. Чунки ЖСТнинг энг асосий талабларидан бири иқтисодиётда барчага тенг шароит яратишдан иборат. Бу ўз-ўзидан хусусийлаштиришни кенгайтириш, монополияга чек қўйиш, эркин ва очиқ савдо муҳити яратишни назарда тутади.

    Биз жаҳондаги узун ва мураккаб технологик ишлаб чиқариш занжирининг бир қисмига айланишимиз зарур. Бунга эса юқори тарифлар билан эришолмаймиз. Дунё бозорига очилар эканмиз, амалий саъй-ҳаракатларни ҳам шунга мослаштиришимиз керак.

    Масалан, импортни чеклаш озиқ-овқат хавфсизлиги мантиғига зид ва аҳоли даромадини ҳам қисқартиради. Савдодаги тўсиқларни тўлиқ олиб ташлаш эса фаровонликни оширишга хизмат қилади. Иқтисодиётдаги ислоҳотларнинг асоси, энг аввало, одамлар турмуш тарзига бевосита таъсир кўрсатади. Шу жиҳатдан ҳам ЖСТга аъзолик муҳим жараён.

    Оддий одамлар фаровонлиги ва камбағаллик даражаси ҳақида кўп фикримни билдирганман. Ўзбекистонда камбағаллик даражаси унчалик юқори эмас. Билишимча, бу тахминан 17 фоиз атрофида (Статистика агентлиги маълумотига кўра, ўтган йили бу кўрсаткич 11 фоизни ташкил этган). Камбағалликнинг мавжудлиги асоси эса иқтисодий ўсиш билан боғлиқ. Бу кўпроқ иш ўрни яратилиши, иқтисодий соҳаларни ривожлантириш ва бошқа кўплаб омилларга бориб тақалади.

    Юртимиз шароитида аҳоли даромади ўсишида биринчи зарурий омил иқтисодиётда самарадорликни оширишдир. Ўзбекистонда бошқа ривожланаётган давлатлардаги каби самарадорлик, меҳнат унумдорлиги нисбатан паст. Бунинг сабабларидан бири эса иқтисодиётда етарлича рақобат йўқлиги ҳамда барча муҳим секторда давлатнинг улуши баландлигидадир. Бу ўз-ўзидан рақобатни чеклайди. Рақобат бўлмаган бозорда эса самарадорлик ҳам ошмайди. Бунинг ечимларидан бири шуки, давлат ўз улушини хусусий секторга бериши керак.

    ЖСТ талабларидан бири ҳам айнан шундай. Халқаро ташкилот иқтисодий ривожланишда давлат эмас, хусусий ташкилотлар улуши ва манфаатдорлиги юқори бўлиши тарафдори. Муайян тоифадаги корхоналарга бериладиган имтиёзлар, яъни монополияга йўл қўйиш жиддий қораланади. Эркин бозор муҳитида ҳамма тенг рақобатга киришиши, имтиёз ва шароитлар барча учун бир хил бўлиши талаб қилинади. Ҳатто оддий одамлар ҳам ўша имтиёзлардан эркин фойдалана олиши керак.

    Масалан, импортга қўйиладиган юқори бож ва чекловлар ҳар доим ва ҳар ерда иқтисодиётни қисқартириб, катта зарар етказади. Янада долзарблиги шундаки, бу зарар бутун халққа тенг тақсимланади. Бож ва тақиқлардан манфаатдорлар эса чегараланган гуруҳ бўлиб, катта фойда кўради. Шу боис, улар кўпроқ фойда олиш мақсадида бож ва тақиқларни кучайтиришга ресурс аямайди. Бундан жабр кўрадиган халқ ва иқтисодиёт эса ундай сиёсий кучга эга эмас.

    Ана энди масаланинг асосий қисмига ўтамиз: хўш, ЖСТга аъзо бўлиш оддий одамларга нима беради? Бу борада шиширилган рақамларни келтириш ниятим йўқ. Таҳлилларга кўра, ЖСТга кирганимиз фойдаси дарров сезилмайди. Тўғри, қўшимча 1 фоиз ўсиш бўлса ҳам аҳолининг йиллик даромади 20 долларга ошади, буни шунчаки сезмай қолиш ҳам мумкин.

    Бироқ халқаро ташкилотга киришимизга қаршилик кўрсатаётган гуруҳларнинг айримларига таъсир сезиларли бўлади. Чунки улар олаётган имтиёз камаяди. Айнан шунинг учун ҳам, назаримда, савдо эркинлашуви масаласида олдинга силжиш қийинроқ кечаётгандек. Савдодаги эркинлик эса ЖСТнинг асосий талабларидан.

    Умуман бу каби талабларнинг бажарилиши осон ва тезкор жараён бўлмаса-да, имконсиз ҳам эмас. Шу жиҳатдан 30 йилдан буён Жаҳон савдо ташкилотига кирмаётганимиз кўпроқ ўзимиз билан боғлиқ ва бу тараққиётга халал бераётган ғовлардан бири, деб биламан. Айни пайтда жараён жадаллашгани яхши, аммо буни сустлаштириб бўлмайди. Мақсадни охиригача етказиш керак. Зеро, бунга имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етарли.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Ирода Тошматова ёзиб олди.

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 17.07.24 й, 142-сонида чоп этилган)


    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates