Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида IT Park Uzbekistan ваколатхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим босқич бўлди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов нутқ сўзлади.
– Ўзбекистон ва Саудия Арабистони инновацион экотизимлари ўртасидаги икки томонлама алоқалар жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Бу минтақадаги шерикларнинг мамлакатимизнинг жадал ривожланаётган технологик секторига бўлган қизиқишини акс эттиради, – деди Шерзод Шерматов.
Вазирнинг таъкидлашича, бундай ташаббуслар иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Янги иш ўринларини яратишга кўмаклашади, маҳаллий мутахассисларнинг касбий ўсиши ва ривожланиши учун имкониятлар очади.
Тадбир доирасида меҳмонлар Ўзбекистон IT секторини ва бизнес муҳитини қўллаб-қувватлашнинг асосий дастурлари, жумладан, ривожланаётган стартап экотизими ва уларни ривожлантириш учун яратилаётган шароитлар билан танишди.
IT Park'нинг Саудия Арабистонидаги ваколатхонаси икки мамлакат инновацион экотизимлари ўртасидаги ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини қўллаб-қувватловчи кўприк бўлади.