Бир асрлик бадиий тафаккур қомуси

    Адибнинг “Ўтган кунлар” романи каби бошқа асарларининг шу қадар шуҳрат топишининг сири-синоати нимада? Бизнинг назаримизда, бу саволга жавобни академик Наим Каримовнинг “Абдулла Қодирий замондошлари” китобидан топамиз.

    “Ўткан кунлар” романида ўз халқининг ўтмиши, миллий маданияти ва қадриятларига бўлган собит муносабат, миллатнинг келажагини унинг эркида, озодлигида, маърифатида кўриш, ўзбекона тафаккур, ўзбекона урф-одат, ўзбекона характер ва образ, ўзбекона менталитетни бетакрор бадиий тасвир воситалари орқали тасвирлаб бериш Абдулла Қодирийнинг бош мақсади бўлган. Шунинг учун ҳам асарни ўзбек халқи қадриятларининг бадиий “қомуси” дейишимиз мумкин.

    Адибнинг “Ўтган кунлар” романи каби бошқа асарларининг шу қадар шуҳрат топишининг сири-синоати нимада? Бизнинг назаримизда, бу саволга жавобни академик Наим Каримовнинг “Абдулла Қодирий замондошлари” китобидан топамиз.

    ХХ аср адабиётшунослиги, янги аср маданияти ҳамда адабиётида академик Наим Каримовнинг алоҳида ўрни бор. Бу фидоий, заҳматкаш олимнинг умри том маънода адабиёт ва санъатимиз ривожига, улуғларимиз ҳаётининг кўпчиликка номаълум бўлган томонларини ёритишга бахшида бўлди. Айниқса, олимнинг мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш йўлидаги хизматлари чексиздир. Атоқли олим Чўлпон, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Усмон Носир, Мақсуд Шайхзода каби ХХ асрнинг улуғлари ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар, олий ва ўрта ўқув юртлари учун нашр этилган қатор дарслик, мажмуа ва ўқув қўлланмалари яратди. У шу даврдаги ўзбек адабиёти ва унинг йирик вакиллари ижодини миллий ғоя мезонлари асосида ўрганиш ишини биринчилардан бўлиб бошлаб берди. Унинг илмий фаолиятида адабиёт ҳодисаларини тарихий воқеалар, бадиий асарни эса ёзувчи ҳаёти ва маънавий-эстетик олами билан узвий алоқада ўрганиш устуворлик қилади.

    Ўз даврида академик Бахтиёр Назаров олимнинг адабиётимиз тарихи олдидаги хизматларига: “Наим Каримов ўзбек адабиётшунослигида замонавий асарлар матншунослигига асос солди. Олим бу меҳнати мобайнида адабиётимиз тарихида биринчи бўлиб адибнинг чала қолган асарлари билан танишдигина эмас, уларни чуқур ва атрофлича ўрганиш бахтига ноил бўлди... Айниқса, “Чўлпон” ҳамда “Мақсуд Шайхзода” маърифий романлари, Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди борасида олиб борган тадқиқотлари бу адиблар ҳаёти ва ижодини ўрганиш бўйича адабиётимизда янги саҳифалар очишдан ташқари, буюк сўз санъаткорлари ҳаёти ва ижоди ҳақида наинки илмий, балки бадиийлашган илмий тафаккур юритишнинг ўзбек адабиётидаги жаҳон андазаларидан қолишмайдиган гўзал нануналаридан бўлди”, дея юксак баҳо берганди.

    “Абдулла Қодирий замондошлари” асари академик Наим Каримов томонидан сўнгги йилларда яратилган фундаментал асарлардан бири, буюк адиб ҳақида тўлақонли маълумот берувчи, қомусий асардир.

    Ҳар даврнинг ўз қийинчикликлари, мураккабликлари бўлса-да, ҳар қандай ижтимоий муҳитнинг ижодкор ҳаёти ва руҳиятига таъсирини инкор этиб бўлмаса-да, Қодирий ва унинг замондошлари яшаган давр, муҳит тамомила бошқача эди. Олим шунчаки Абдулла Қодирий ва унинг замондошлари ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берибгина қолиш эмас, балки китоб муқаддимасида айтилганидек, жаҳон тамаддун тараққиётига муносиб ҳисса қўшган Аҳмад Яссавий, Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби алломалари билан бир қаторда, бу анъаналарнинг ХХ асрда ҳам давом этганлиги, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Қодирий каби ўз даврининг “машъал адиблари” бўлганлигини, Абдулла Қодирий ижодини ўрганиш орқали ўтган аср бошида янгиланишга юз тутган ўзбек адабиёти, ўзбек тафаккуридаги эврилишлар босқичини ёритиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Наим Каримов бу даврни адабиётимизнинг “олтин давр”и деб атайди.

    Бу қомусни яратиш учун Наим Каримов узоқ тайёргарлик кўрган. Салкам етмиш йиллик умри ушбу китобда акс этган воқеалар, фактлар, таҳлиллар билан бевосита боғлиқ десак, хато қилмаймиз. У киши 1955–1958 йилларда Ўзбекистон давлат университетининг ўзбек адабиёти ихтисослиги бўйича аспирантурада таҳсил ола бошлаган кундан эътиборан Қодирий даврига тааллуқли маълумотларга тўқнаш келган. Ҳамид Олимжон ёхуд Ойбек ҳақида ёзадими, барибир Қодирий даври ва унинг замондошлари билан боғлиқ фактларга дуч келаверган.

    Бундан салкам қирқ йилча олдин ёзган бир мақоласига “Адиб яратган боғ” деб сарлавҳа қўйганди. Орадан йиллар ўтиб академик олимимиз бу боғнинг ҳақиқий “боғбони” эканини яна бир карра исботлади.

    “Абдулла Қодирий замондошлари” китоби тарих ва адабиёт бирлашганлиги ҳамда тақдирлар чамбарчас уйғунлик касб этганлиги билан қимматли, икки соҳа учун ҳам бир хилда бой манбадир.

    Академик Наим Каримов ХХ асрнинг бугун тарихга айланган оғир қатағон йилларида яшаган ва Абдулла Қодирий билан бевосита мулоқотда бўлган одамлар билан кўришган, суҳбат қурган ва илмий хулосаларга келган. Шунинг учун китоб бой ва турфа хил асосли маълумотларга эга. Муаллифга китоб қаҳрамонлари, уларнинг тақдирига бегона ёки узоқ эмас. Бу китобни “бир асрлик тадқиқот” деб аташ мумкин. Зеро, Абдулла Қодирий ҳақида бу нашрга кирган маълумотлар салкам бир аср мобайнида йиғилган, ўрганилган, тажрибага бой нигоҳ ила тадқиқ этилган. Шунинг учун Абдулла Қодирий ижоди бўйича олиб борган тадқиқотлар ичида фидойи адабиётшунос олимнинг ишлари улкан аҳамиятга эга ва ишончлилиги билан ажралиб туради. Наим Каримовнинг тили равон ва руҳиятнинг лирик тасвирларига алоҳида эътибор қаратиши китобнинг янада ўқишли қилган.

    Муаллиф “Абдулла Қодирий замондошлари” китобидаги қаҳрамонларни адиб асарларидан айро қилмайди, уларни шунчаки тадқиқ ҳам қилмайди, балки тарихий сабабиятларини чуқур ўрганиб, шахс ҳаёти, замон талотўплари, асарларининг матн тарихи ва матншунослик жиҳатларидан келиб чиқиб ёндашади. Бу эса муаллифга катта ва кенг манбалар йўлини очиб берган.

    Китобнинг кўлами шу даражада каттаки, буни бутун бошли бир институт илмий ходимлари эмас, балки ёши тўқсонни қоралаётган олимнинг бир ўзи ёзгани ҳайрат ва катта ҳурмат уйғотади.

    Ушбу китоб улуғ адибимиз Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодини ўрганиш ва тадқиқ қилишда катта янгилик, ёзувчи ижодини таҳлил қилишда янги бир жабҳа очди. Унда

    адиб яхши таниган, билган, яқиндан муносабатда бўлган олим ва ёзувчилардан тортиб, оддий одамларгача қамраб олинган. Шу жиҳати билан бу китоб Абдулла Қодирийнинг биз билган ва билмаган жиҳатларини янгидан англаш ва идрок этиш имконини беради. Ушбу асар нафақат мутахассислар, адабиётшунос олимлар, балки кенг китобхонлар даврасида севиб мутолаа қилинаётгани заҳматкаш олимнинг узоқ йиллик меҳнати самараси натижасидир.

    Академик Н.Каримовнинг мазкур қомуси Ўзбекистон маданияти ва адабиётини ўрганишда ғоят долзарб бўлиб, унда деярли унутилиб кетаёзган ўнлаб зиёлилар номлари ўрин олган. Янги давр ва айниқса, учинчи Ренессансга қадам қўйилар экан, ушбу китоб ёш авлодга тарихимизнинг қоронғу нуқталарини ёритишга, миллатимиз фидойиларни танитишда бир улуғ мужда бўлади. Ҳеч шубҳасиз, бугунги адабий жараён, миллий маънавиятимизда мазкур асарнинг ўрни бениҳоя юксак.

    Абдулла Қодирий ижодини ўрганиш миқёсини Наим Каримов олиб борган илмий ва ижодий изланишларсиз тасаввур қилиш, тадқиқ қилиш мумкин эмас. Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов таъбири билан айтганда: “ХХ аср ўзбек адабиётини иккинчи ярмидаги ўзбек адабиётидаги ривожланишни Наим Каримовсиз тасаввур қилиб бўлмайди”.

    Қомусни варақлар экансиз, муаллиф унда келтирилган фактлар муҳрланган минглаб саҳифалар чангини ютиб, уларни эринмай ҳижжалаб, миридан-сиригача ўрганиб, катта бир илм билан ёзганлигига амин бўламиз.

    Наим Каримовнинг ушбу қомусий асари буюк ёзувчи ҳаёти ва ижодини ўрганишда янги бир босқични бошлаб беради ва ҳеч шубҳасиз миллий маънавиятимизда, ёшлар тарбиясида алоҳида ўрин тутади. Абдулла Қодирий сиймосида ўзбек адабиёти тарихини ўрганишдаги энг муҳим манбалардан бири бўлиб хизмат қиладиган ушбу муҳташам асар адабиёт соҳасида давлат мукофотига ҳар жиҳатдан муносиб.

    Жаббор Эшонқулов,

    Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори,

    филология фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates