Номзодлар 2 500 нафар давлат хизматчиси орасидан сараланди. Улар учун бугундан масофавий малака ошириш курслари бошланди. Шунингдек, номзодлар учун вазирлик ва идораларда амалиёт, хорижий стажировка ҳам ташкил этилади.
Тизим илғор хорижий тажриба ва миллий амалиёт уйғунлиги асосида такомиллашди. Мақсад — раҳбарликка тасодифан келиб қолишнинг олдини олиш, миллий, республика, тармоқ ва ҳудудий даражаларда профессионал тайёрланган самарали раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш.
***
Бугун ZOOM платформаси орқали Миллий кадрлар захирасига олинган номзодлар иштирокида мулоқот ташкил этилди. Унда Президент Администрацияси ва Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Мазкур йўналишдаги ишлар ҳудудларга чиқилган ҳолда махсус Ишчи гуруҳ томонидан маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ташкил этилди. Ҳар бир ҳудудда комиссия таркиби тасдиқланди. Дастлабки босқичда, мазкур комиссия томонидан 2,5 мингга яқин номзоднинг белгиланган малака талабларига мослиги ўрганиб чиқилди.
Малака талабларига мос келган номзодларнинг билими ва интеллектуал салоҳияти, шунингдек, шахсий сифатлари ҳамда психологик ҳолатини аниқлашга қаратилган тест синовлари ўтказилди.
Шу билан бирга, номзодларнинг компетенцияларини баҳолаш мақсадида ҳудудий комиссиялар ва ишчи гуруҳ иштирокида 1 300 дан ортиқ номзод билан суҳбатлар ташкил этилди.
Натижаларга кўра, жами 761 нафар номзод кадрлар захирасига саралаб олинди (жами 246 та лавозимга ўртача 3 нафардан номзод).
Мулоқотда кадрлар захирасига киритилган номзодларнинг замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантириш орқали касбий компетенциясини ошириш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан бугундан бошлаб онлайн малака ошириш курслари бошлангани ҳақида маълум қилинди.
Мазкур малака ошириш курслари натижасида номзодларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги билимлари ҳамда раҳбарлик кўникмаларини янада ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, номзодлар учун ҳудудларда анъанавий таълим олиш, соҳа бўйича вазирлик ва идораларда амалиёт, хорижий стажировка ҳам ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, Миллий кадрлар захираси — давлат фуқаролик хизматида раҳбар кадрлар таркибининг барқарорлиги ва сифатини таъминлаш, давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенцияларини ошириш ҳамда хизматчиларни лавозим бўйича кўтариш мақсадида ташкил этилган.