Юртимиз энергетикалари 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий генерация қувватларидаги улушини 25 фоизгача етказиш бўйича улкан режаларга эга (бошқа мамлакатлар бунга ўнлаб йиллар мобайнида эришганлар).
Мазкур улкан лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун халқаро даражадаги малакали кадрлар тайёрлашга эҳтиёж сезиляпти. Ушбу омилларни инобатга олган ҳолда, “Ўзэнергоинжиниринг” АЖ хитойлик шериклар билан қатор келишувларга эришди.
“Ўзенергоинжиниринг” АЖ ва Хитойнинг электр энергетикасида режалаштириш ва инжиниринг институти (EPPEI) режалаштириш, инжиниринг ва маслаҳатлашувлар соҳасида биргаликда қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида келишиб олдилар.
“Ўзенергоинжиниринг” АЖ ҳамда Energy China International дастлабки инвестиция қиймати 30 миллион долларга тенг бўлган Ўзбекистон электр энергетикаси ва янги технологиялар соҳасида халқаро таълим муассасасини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишиб олдилар, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати “Ўзенергоинжиниринг” АЖ маълумотига таяниб.
Ушбу таълим муассасаси электр энергетикасининг мураккаб вазифаларини еча олиш ва Ўзбекистон электр энергетикасига янги технологияларни жорий этиш қобилиятига эга бўлган халқаро даражадаги мутахассисларни тайёрлайди.
“Ўзенергоинжиниринг” АЖ электр энергетикаси соҳасида муҳандислик тадқиқотлари, лойиҳалаштириш ва маслаҳатлашувларга ихтисослашган Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳа институти ҳисобланади. Корхона яқинда хусусийлаштирилган.
Иккинчи томондан, “Ўзенергоинжиниринг” акциядорлик жамиятининг хитойлик шериклари инжиниринг ва электр энергетикаси соҳасида Хитой ва жаҳон миқёсида йирик иштирокчилар ҳисобланади. Жумладан, EPPEI Хитой ва жаҳонда электр энергетикаси соҳасидаги етакчи институтлардан бири ҳисобланади. Институт электр энергетикаси соҳасида 60 йиллик тажрибага ҳамда турли соҳалардаги, шу жумладан энерготизимлар ривожини режалаштириш, электр станцияларини лойиҳалаштириш ва қуриш, шунингдек янги технологияларни тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқиш соҳасида кенг ваколатларга эга. Energy China International жаҳондаги энг йирик энергетика компаниялардан бири бўлган China Energy Engineering Group Corporation Limited компаниясининг шўъба корхонаси ҳисобланади. Компания электр станцияларини қуриш ва эксплуатация қилиш, электр энергетикаси учун кадрларни тайёрлаш бўйича катта тажрибага эга.
EPPEI иштирокида қўшма корхона ташкил этиш Ўзбекистонга Хитойнинг электр энергетикаси соҳасидаги илғор тажрибаси ва технологияларига кенг йўл очади. Қўшма корхона икки мамлакат етакчи институтлари тажрибаси ва ваколатларини бирлаштиради.
“Ўзенергоинжиниринг” АЖ ва Energy China International ўртасидаги келишув Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришдаги муҳим қадам бўлади.