Бир ҳикмат ва бир ибрат

    Бу ҳаёт бизга омонат. Уни қандай яшаб ўтиш ўзимизга боғлиқ. Ҳаётда жисмонан соғлом бўлса-да, жамиятда ўз ўрнини топа олмаганлар қанча? Тўрт мучаси соғ бўла туриб, идорама-идорама ёрдам сўраб юрганлар-чи?

    Аммо шундай инсонлар ҳам борки, бахтсиз ҳодиса туфайли юришдан бутунлай маҳрум бўлиб қолганига қарамай, ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини олий инъом деб билади. Яримтагина вужуди билан тиним билмай меҳнат қилади. Ҳар бир кунига шукрона айтади. Имкониятлари чекланган бўлса-да, амалдорларнинг эшиги олдида сарғайиб, кўмак сўрашни ўзига ор билади. Ҳатто берилган имтиёзларни олишдан ҳам ийманади. Сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз — Юқори Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи, биринчи гуруҳ ногирони Марат Қурбонов ана шундай кўнгли кемтик, аммо шижоати баланд инсонлардан бири.

    У ҳақида эшитганимда, тўғриси, аравачага “михланиб қолган” одам қандай қилиб бир йўла икки-уч касбнинг бошини тутади, деб ўйлаб қолдим. Лекин туман ҳокимлиги матбуот котиби Маҳпал Айтматованинг “Опа, шу йигит ҳақида нимадир ёзсангиз, унинг ҳаёти, меҳнати, матонати ёшларга ибрат бўлармиди”, деган сўзларидан сўнг унинг ҳамроҳлигида Маратнинг уйига йўл олдик.

    Қаҳрамонимиз яшайдиган Тараққиёт маҳалласи ички кўчаларидан ўтиб, йўл четидаги кичкинагина косиблик дўкони олдида тўхтадик. “Бу Маратнинг ишхонаси, у шу ерда ишлайди, уйидан бир километр олис, лекин ёзнинг иссиғида ҳам, қишнинг совуғида ҳам ишини канда қилмайди”, деди ҳамроҳимиз.

    Чоғроққина шинам ҳовлида бизни Марат Қурбоновнинг аёли Дилбар ва укаси Ёдгорбек қарши олди. Марат худди эски қадрдони билан кўришгандай қуюқ сўрашди. Оқ-сариқдан келган, истараси иссиқ бу йигит билан сўрашар эканман, унинг самимий нигоҳлари ортида аллақандай маҳзунликни илғадим.

    Шу пайт дадасининг елкасига осилган қизалоқ унинг қулоғига нималарнидир шивирлади.

    — Аида кўзимнинг оқу қораси. Унинг беғубор ва шодон кулгилари мени яшашга, кучли бўлишга ундайди. Бир вақтлар мен ҳам соғлом эдим. 2012 йилда рўй берган бахтсиз ҳодиса туфайли 12 йилдирки юра олмайман. Йиллаб даволандим. Дўхтирларнинг “Сиз оёққа туриб кетасиз, фақат спорт билан шуғулланишингиз керак”, деган сўзларига ишониб, йиллар давомида тинимсиз ҳаракат қилдим, барча уринишларим тескари натижа берди, — дейди Марат. — Юриш нари турсин, янада бемажол бўлиб, қайта жарроҳлик столига ётдим. Бугунги имконияти чекланганларга яратилаётган шарт-шароитлар илгарироқ бўлганида эди. Қўлим калталиги, рўзғордаги йўқчилик туфайли ўз вақтида яхши даволана олмаганман. Лекин Худога минг шукрки, кеч бўлса-да, ҳукуматимизнинг биз каби ёрдамга муҳтожларга ғамхўрлиги, Юқори Чирчиқ тумани ҳокимлиги ва ўзим яшаб турган маҳалламнинг кўмаги билан кичик устахонамга эга бўлдим. Косиблик, чархчилик қиламан, эски велосипедларни тузатаман. Насиб қилса, бу йил олий ўқув юртига ҳужжат топширмоқчиман.

    Марат Қурбонов 2003 йилда ўрта мактабни тугатиб, Юқори Чирчиқдаги иқтисодиёт коллежига ўқишга кирган. 2006 йилда тумандаги текстиль фабрикасига оператор бўлиб ишга жойлашди. Келажагини бунёд этиш йўлида ишлаб, пул йиғди. Бу орада чирчиқлик ҳамшира Дилбар билан танишиб, кўп ўтмай оила қуришди. Қизи Аида дунёга келди. Ҳаммаси яхши кетаётганди. Аммо бахт ва бахтсизликнинг ораси бир қадам, дейишади. Шундай бахтиёр дамларда ўз ҳовлисидаги дарахтдан гилос теришга чиққан Марат бехосдан оёғи сирпаниб, баланд шохдан қулаб тушди...

    Барча кўргиликлар шундан сўнг бошланди. Шифокорлар текширувлардан кейин умуртқа синиши ташхиси билан жарроҳлик амалиётини бошлайди. Улар Маратни илк бор жарроҳлик столига ётқизиб, онаси ва яқинларига “Ўғлингиз, албатта, юриб кетади”, деган сўзни айтганида унинг оғриқдан титраётган танасига куч, мажолсиз лабларига табассум инганди. Аммо...

    У олти ой дам уйда, дам шифохоналарда қайта ва қайта даволанди. Шифокорнинг “Спорт билан шуғулланинг, ҳаракат қилинг, албатта, юриб кетасиз”, деган гапларига ишониб, нақ 4 йил тинимсиз ҳаракат қилди. Аравачада қолиб кетишни, бир умр юра олмаслигини хаёлига ҳам келтира олмасди. У чеккан азобларини кўрган онаизори ва аёли пана-панада жим кўз ёш ­тўккани ҳам чин.

    Самарасиз ҳаракатлар оқибатида белига қўйилган бириктирувчи механизм қийшайиб кетиб, яна жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлди. Қайта операция чоғида белига қўйилган боғловчи жисмни олиб ташлашди. Шундан сўнг соғлиғи яна ортга кетди...

    Марат билан билан суҳбатлашар эканман, унинг қилаётган ишлари, интилишлари ва эзгу ниятлари бир соғлом кишининг мақсадларидан тиниқроқ ва буюкроқ эканига тан бераман. Яхшиям юртимизда кечаётган ислоҳотлар ёлқини у сингари ёшлар ҳаётига кечроқ бўлса ҳам ёруғлик, орзуларига кенг қанот берди. Онаси Ўғилой опа билан бўлган суҳбатимиз эса жуда маҳзун кайфиятда ўтди. Гулдек ёшлигини тул аёл сиймосида яшаб ўтган, ҳаётнинг минг битта зарбасидан, меҳрсизликдан, ноҳақликдан кўкси зардобга тўлган онахоннинг мунгли ҳикояси нечоғлиқ аянчли бўлмасин, қоғозга туширишга мажбурмиз. Зеро, қаноат ортида фароғат, машаққат сўнгида роҳат, шукроналик изидан саодатли кунлар келишини ҳамма ҳам билавермайди. Билса ҳам, борига шукр, йўғига сабр қилишга журъати, саботи етмайди. Шунинг учун ҳам онахоннинг ўтмишини, ҳар қандай ҳолатда ҳам турмуш тарзига шукрона келтириб яшаганини ва фарзандларини ҳам меҳнатга чорлаганини бир ҳикмат, баъзилар учун эса керакли ибрат, дея қоғозга кўчиравердик.

    — Аслида, болаларимнинг болалиги тўкис ва текис ўтмаган. Турмуш ўртоғим оламдан ўтгач, катта ўғлим 6 ёшда, Маратим 4 ёшда, кенжам туғилиш арафасида бева қолдим. Кекса қайнотам ва қайнонам ҳам турмуш ўртоғимнинг эрта вафотига чидай олмай, куйиб, қадди дол бўлиб, вафот этди. Кенг ҳовлида вояга етмаган фарзандларим билан ёлғиз қолдим. Болаларимни боқиш, кўпроқ пул топиш илинжида ҳар қандай оғир меҳнатдан қочмадим. Бозорда, далада ишладим. Турмушдаги қийинчиликлар ва етишмовчиликлар фарзандларимни ҳам эрта улғайтирди.

    Эҳ синглим, нимасини айтай, ўша вақтларда “Бу аёл уч фарзанди билан ёлғиз қолди, болалари ёш, кийими, ўқиши, егулиги учун нимадир шароит қилиб берайлик, тиргак бўлайлик, ҳеч бўлмаса, савоб бўлади-ку”, дейдиган бирорта мард инсонни учратмадим.

    Фарзандларим улғайиб, энди оғзим ошга етганда Маратжоним бу аҳволга тушди. Шифохоналарга ётиш учун ҳужжат олишимиз, ҳар йили қайта кўрикдан ўтишимиз ҳам жуда ташвишли ва асаббузарликдан холи эмасди. Юра олмаслигини билишса-да, ҳужжатларни ойлаб чўзишарди. Эшикларда дўхтир қабулини кутиб, ярим кунлаб сарғайиб, оч-наҳор қолиб кетардик. Аллоҳ бор экан, мана ёруғ кунларга ҳам етиб келдик.

    Энди бизлар эмас, ҳокимиятдагилар, маҳалла идорасидагилар “тинчмисизлар, яхшимисизлар”, деб ҳолимизни сўраб келишади. Аслида, бу кўнгил бир оғиз ширин сўзга маҳтал. Ўғлим жамият қуршовида ва соғлом ҳаётда ўзини анча ўнглаб олди. Руҳияти ҳам тетик. Бир соғлом одамдан асло кам эмас. Шунинг учун ҳам ўғлимни ногирон деб ҳисобламайман, — дейди Ўғилой опа.

    Дарҳақиқат, мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар эпкини Марат каби инсонларга кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Отангга бор, онангга бор, деб ойлаб овораю сарсон бўлишлар, баъзи бир раҳбарларнинг биргина имзосига маҳтал бўлиб кутишларга барҳам берилди.

    Ўғилой опа билан узоқ суҳбатимиздан сўнг хайрлашиш учун яна унинг хонасига кирдим. У менга самимий табассум билан боқар экан, гапини шундай якунлади:

    — Опа, бир нарсани очиқ айтишим керак, буни газетангизда, албатта, ёзиб чиқаринг. Бундан 10 йиллар аввал юқори лавозимда ишлайдиган каттаконлардан бирортаси ҳам дарвозамизни тақиллатиб, кўнгил сўраб, ҳол сўраб келмаган, ёрдам бермаган. Ёлғон бўлмасин, ўша вақтдаги ишхонамиз раҳбари раҳми келганиданми ёки одамгарчиликданми, бир-икки марта ёрдам бергандай бўлди.

    — Қўлим калталиги, рўзғордаги йўқчилик туфайли вақтида яхши даволана олмадим, — дейди Марат Қурбонов. — Биз учун бутун ҳаётини бағишлаган онам, кўнгил қўйиб, орзу-ҳаваслар билан менга умрини бахшида этган рафиқам, бир ёшида “дадажон”, дея тил чиқарган-у, аммо елкамда опичиб юра олмаган ёлғиз қизимнинг орзуларини рўёбга чиқариш учун ҳам ногиронман, демасдан тану жони соғ одамлардай меҳнат қиляпман.

    Уйдагилар “Қўй, уринма, ўзингни асра”, дейишса, хўп, дейман-у, жим ўтира олмайман. Қўни-қўшни ва бошқа маҳалладагилар ҳам эшигимни қоқиб келаверади. 2015 йилда йиққан пулимга аравача сотиб олдим. Унгача уйда судралиб юрдим. Ҳовлига чиқиш азобини-ку, айтмай қўя қолай.

    Бир ёқда онам, бир ёқда турмуш ўртоғим, акам ва укам мени деб анча қийналди. Шундай вақтларда қаерга боришни, кимдан ёрдам кутишни билмай қолганман. 2022 йилда эса давлатимиз томонидан яна битта бепул аравача беришди. Аслида, ҳаммамиз бу синовли дунёда ожизмиз. Бироқ бугун ниятларим мўл, устахонамда мижозларим кўп. Ҳатто шогирдларим ҳам бор. Ўзимни фақат оиламга эмас, жамиятга ҳам керакли эканимни ҳис қилганимда баъзан кўзларимга ёш келади. Лекин бу илгаригидек хўрлик эмас, рўшнолик кўз ёшлари! Яқинларимдан бошқа ҳеч кимга кераксизман, деб ўйлаб, ўз дардимга ўзим қоврилиб яшардим. Энди эса мени, ­оиламни, фарзандимни ўйлаб, биз учун ғамхўрлик қиладиган, қайғурадиган, бошимизни силайдиган суянчиғимиз — давлатимиз раҳбари бор! Шу боис, эгилган бошим ҳам, қаддим ҳам тикланяпти. Аминманки, мен шу юртга керакман!

    Марат билан суҳбатлашар эканман, бир ҳақиқатни англаб етдим. Ҳаётга теран ва соғлом тафаккур билан ёндашиш саломатликдан ҳам муҳимроқ экан. Фақатгина тўхтаб қолган ва ўзига ишонмаган инсонгина ҳамма нарсадан қуруқ қолади. Мақоламиз қаҳрамони каби инсонлар ибрати мудроқ қалбларни уйғотиб, тийрак яшашга, яшаганда ҳам мазмунли яшашга, янгиланиш даврининг ҳар бир имкониятидан унумли ва самарали фойдаланишга ундайверади.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates