Ғайрат Шералиевнинг халқчил, ўйноқи, юракка яқин шеърларини ўқир экансиз, инсон руҳиятининг гўзал манзараларини, туйғуларнинг ўзига хос ифодаларини кўрасиз. Айниқса, юморга бой шеърларда ҳам беғубор ҳаяжон, ўзгача фалсафа бор.
Инсонни ўзига оҳанрабодай тортгувчи шеърларнинг ритми, оҳанги, услуби борлиги туфайли бўлса керак, кўпгина шеърлари таниқли санъаткорлар томонидан қўшиқ қилиб куйланмоқда.
Китобни ўқиб ўзбек шеъриятида ўзгача овозга эга шоир шаклланганини англайсиз. Шоирнинг орзу-армонлари, фикр-ўйлари қалбга ёрқин таассурот бағишлайди, ўқувчини яхлит мушоҳадага ундайди.
Ғайрат Шералиевнинг мазкур шеърий тўплами сизга манзур бўлади деган умиддамиз.