Сўзнинг каштаси

    Фан 21 август 2024 787

    Мухтасар синглимиз – ёш ижодкорларнинг “Зомин” семинар-кенгашининг биринчи иштирокчиларидан. Иштирокчи бўлганда ҳам унча-мунча анжуман эмас, ўша пайтда Жиззах вилоятининг биринчи раҳбари вазифасида ишлаган ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва бевосита иштирокида ташкил этилган, ўхшаши йўқ адабиёт байрамининг қалдирғоч қатнашчиси ва ғолибидир.

    Ўша илк анжуманда устоз Абдулла Ориповнинг адабий сабоқларидан баҳраманд бўлган, Ҳалима Худойбердиева ва Эркин Вохидовнининг эътирофидан ҳаяжонланган ва албатта устозларнинг назарига тушган. Қанча сувлар оқиб ўтдилар, Ўриклисой сувлари ҳануз мавжланмоқда, ёш ижодкорларнинг “Зомин” семинари ҳамон давом этмоқда. Не тонгки, бугун пойтахтимизнинг қоқ марказида олам адибларини ҳайратга солиб турган “Адиблар хиёбони”, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги кўркам биноси ва бунда бўлаётган қизғин мушоиралар ва халқаро адабий анжуманларнинг илк тамал тошлари ўшандаёқ қўйилган эди. Фарғонанинг Учкўпригида туғилган, Фарғона давлат университетини тамомлаган шоира қизимиз ўтган йиллар давомида анча-мунча тажриба соҳибаси бўлиб, камол топди. Газета-журналлар таҳририятлариятларида қалами чархланди, радио-телевидение мухбири сифатида нутқ ва сухандонлик синовларидан муваффақият билан ўтди.

    “Истиқлол умидлари” туркумида чоп этилган “Тавоф” номли биринчи тўплами билан “Зомин” семинарининг ғолиби, “Кўнглим шуълалари” номли иккинчи китоби эса “Энг улуғ, энг азиз” республика танлови мукофотига сазовар бўлди. Мухтасарнинг шеърлари исмига муносиб мухтасар бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Аслида ҳам шундай. Ҳамма шеърларида ҳам нозик нуқталар, ўзбек аёлига хос нафис шевалар, ташбеҳ ва ўхшатишлар талайгина. Менга маъқул бўлгани – шоирамизнинг шеърлари миллий сўзаналаримизга, момоларимизнинг қалб ифодаси бўлмиш қуроқ-кашталарга ўхшайди. Сўзлар ва сатрлар билан ҳам яхлит шеърий сўзаналар тикиш мумкин экан-да... Бу энди чеварнинг қувваи ҳофизаси, нозик диди билан кўнглидаги дард ва соғинчларга боғлиқ. Мисол келтирамиз:

    Сочларимни гуллатган дардини кўзга сурай,

    Ёруғ тонглар нафаси оташидан ўргулай,

    Момомнинг дилсавағич майдонидаман, нетай,

    Сизга айтсам сўзимнинг каштасини, Бибижон.

    Бибихоним момомизга бағишланган бу сатрларда “дилсавағич” деган сўз билан “сўзимнинг каштаси” иборалари ниҳоятда нозик ва жўяли ифодаланган. Аёл кўнгли ва назокатига хос ибо ва ҳаё, латофат ва малоҳат шоиранинг шеърларида уялибгина қараб туради. “Эгатлар оқ рўмоллар ўраб” турган пайтда мана бундай сатрлар туғилади:

    Теракларнинг баргида титроқ,

    Рўмол учин тишлайди гумон.

    Юпатмоқчи бўлди қалдироқ,

    Бироқ... йиғлаб юборди осмон.

    “Ҳазрат Навоий ва Бобурни ўқиб, Ҳазинийни тинглаб ўсган болалар...” тақдири ижодкор қалбини хавотирга солади, ўйга толдиради. Шунинг натижаси ўлароқ янги ва янги шеърий сатрлар безовта кўнгилдан қоғозга тўкилади. Мен рости гап, Мухтасар шоирамиз ҳақида сўзни жуда ҳам мухтасар қилмоқчи эдим, лекин янги шеърий туркумини ўқиб, таассуротларимни ҳар қанча уринмайин, қисқартиролмадим. Икки нозик нуқтага урғу берилган бўлса-да, кўп гапларим қолиб кетгандай... Бугунги кунда Янги Ўзбекистонимизнинг кўркам газеталаридан бўлмиш “Янги Ўзбекистон” рўзномасида замонамизнинг долзарб мавзуларида кўркам чиқишлар қилаётган Мухтасархонга бундан кейин ҳам чиройли ва нафис шеърий кашталар битишига дилчеварлик тилаймиз.

    Сирожиддин САЙЙИД,

    Ўзбекистон халқ шоири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates