Британиянинг ноширлик ва таълим хизматларини кўрсатувчи компанияси Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширади

    Ўзбекистон элчихонасида Британиянинг «Hachette UK» таълим хизматларини кўрсатувчи ва ноширлик компанияси ижрочи бош директори Дэвид Шелли билан учрашув бўлиб ўтди.

    Мулоқот чоғида Дэвид Шелли «Hachette UK» компанияси фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, «Hachette Learning» бренди асосида компания томонидан таълим муассасалари ва мутахассислар эҳтиёжлари учун зарур бўлган дастурий таъминот маҳсулотлари ишга туширилган. Мазкур дастурий таъминот маҳсулотлари исталган ёшдаги ўқувчилар учун мўлжалланган.

    «Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг-кўламли ислоҳотларни ва ёшларнинг сифатли таълим олиши учун яратиб берилаётган шароитларни эътироф этиш керак. Ушбу омиллар бизни келгусида Ўзбекистон билан ҳамкорликларни йўлга қўйишга ундаяпти», — деди у.

    Учрашув чоғида «Hachette UK» компанияси номидан Республика болалар кутубхонаси учун энг янги китоблар ва инглиз тили дарсликлари топширилди, деб хабар беради «Дунё» АА.

    «Hachette UK» жаҳондаги энг йирик ноширлик ва таълим хизматларини кўрсатувчи етакчи компания ҳисобланади. Унинг Британиядаги фаолиятига 1846 йилда йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда компания 12 та ноширлик уйи ва 60 та босмахонага эгалик қилади.