“Китобсевар миллат” ғоясининг узвий давоми

    “Ҳар қандай хазина бир кун келиб тугашга маҳкум. Фақат илм (билим) хазинаси қанча ишлатганингиз сари шунча кўпайиб бориш хусусиятига эга... Турли ходисалар, иншоотлар, кашфиётлар дунёнинг етти мўъжизаси сифатида келтирилади.

    Аслида китоб дунёнинг биринчи рақамли ва ҳайратланарли мўъжизасидир... Яхши ва ёмон асарни фарқлаш имконияти бўлиши, яхши китоблар эътироф этилиши керак... Асарнинг мукаммал таҳлили ўқувчини китобга қайтаради... Республика миқёсидаги “Болажон” ва “Ақлвой” телеканаллари фақат сақични эмас, кичкинтойлар учун чоп этилган янги китобларни ҳам реклама қилиб борса бўлади-ку!”.

    Шу ва бошқа эътироф ҳамда фикр-мулоҳазалар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, UzReport телеканали, Республика Манавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда юртимизнинг таниқли шахслари, соҳа мутасаддилари, ёзувчи-шоир, мунаққид, таржимон, ноширлардан иборат маърузачилар томонидан таъкидланди.

    Маърузачиларки, Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Минҳожиддин Мирзо ва яна кўплаб миллатимиз ойдинлари эди.

    Тадбирки, “Битмас хазина” китоб фестивали. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Green Hills Resort” дам олиш маскани мезбонлик қилган анжуманни ўтказишдан асосий мақсад жамиятимизда, айниқса, ёшлар орасида мутолаа маданиятини юксалтириш, китобга қизиқишни оширишдан иборат бўлди.

    Фестиваль дастурида мамлакатимизда чоп этилаётган китоблар сифати, мазмун-моҳияти, адабиёт, китоб савдосидаги муаммо ва уларнинг ечимларини ижодкорлар ва ноширлар иштирокида муҳокама қилиш масалалари бор эди. Шу билан бирга, китоб савдоси билан шуғулланадиган ташкилотлар, таржимонлар иштирокида давра суҳбатлари, баҳс-мунозаралар ҳамда “Битмас хазина” китоб кўргазма-ярмаркаси каби тадбирлар ўрин олди.

    Фестивалнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар китобхонликни, мутолаа маданиятини кенг тарғиб қилишда бундай тадбирлар сонини кўпайтириш зарур эканини таъкидлади. Шунингдек, “Китобсевар миллат” шиори остида китобхон ёшларни бирлаштираётган анжуманлар замонавий адабиётни ривожлантириш, мумтоз асарларни ўқувчиларга қимматини сақлаган ҳолда етказишда адабий майдон сифатида хизмат қилишини қайд этдилар.

    – Кенг кўламдаги яна бир “Битмас хазина” китоб фестивали ва кўргазма-ярмаркаси китобхонларнинг севимли байрамига айланишига ишонамиз, – дейди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев. – “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши нашриёт ва матбаа корхоналарининг эркин ривожланиши учун барча имкониятни яратиб берди. Натижада республикамизда 2020 йилда 168 та нашриёт фаолият юритган бўлса, 2024 йил 1 август ҳолатида уларнинг сони 562 тага етди. Бу даврда матбаа корхоналари сони 300 тага ошди. 680 дан ортиқ ихтисослашган китоб савдо мажмуаси ташкил этилди.

    Ушбу мажмуалар орқали республиканинг чекка ҳудудларига тезкор етказиб бериш бўйича лойиҳалар жорий этилди. “Китобсевар миллат” шиори остида фестиваль ва танловлар, ижодий семинар ва форумлар, халқаро китоб кўргазма-ярмаркалари мунтазам ўтказилмоқда.

    Нашриёт ва матбаа корхоналарини солиқлардан озод қилиш ва уларга имтиёзли кредитлар ажратиш, бадиий таржима соҳасида халқаро мукофот, болалар учун яратилган энг яхши асарлар бўйича Президент мукофотини таъсис этиш, маҳаллаларда китобхонлик даражасини ошириш қонунчилигимизда қатор меъёрий ҳужжатлар билан мустакамлаб қўйилган.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан миллий дастур тасдиқланган. Унга асосан, ташкилий-ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш юзасидан жами 44 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

    – Фестивалнинг “Битмас хазина” деб номланиши бежиз эмас, – дейди Uzreport TV ахборот агентлиги раҳбари Равшан Жўраев. – Телеканалимиз орқали 2016 йилдан буён эфирга узатилаётган, китобхонлик маданиятини ривожлантиришни мақсад қилган телелойиҳанинг номи ҳам айнан “Битмас хазина”. Энди кўрсатув қулоч ёйди, уни китоб фестивали сифатида анъанавий тарзда ўтказишга қарор қилинди. Шунингдек, лойиҳа доирасида “Битмас хазина” номли дурдона асарлардан иборат 5 томли китоблар тўпламини ҳар йили нашр қилиб боришни режалаштирганмиз. Ундан дунё тан олган мумтоз адабиёт намуналари, ўзбек адабиёти дарғалари қаламига мансуб асарлар, янги таржима ва назмий битиклар жой олади. Тадбир доирасида ўтказилган мазкур лойиҳа тақдимоти иштирокчилар томонидан қизғин қабул қилинди.

    Анжуман иши “Муалифлик ҳуқуқи ва таржима масалалари” мавзусидаги конференция, “Ноширлик иши, ёзувчилар билан ҳамкорлик” ва “Халқаро тажриба: Адабий агентлик ва меценатлик фаолиятлари” мавзусидаги давра суҳбатлари билан давом этди. Унда ўзбек адабиётларини хорижий тилга ва етук хорижий асарларни ўзбек тилига таржима қилиш, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялаш, қалам ҳақи ва бошқа муҳим масалалар юзасидан мулоқот бўлиб ўтди, таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

    – Ҳамма нарсанинг, барча эшикларнинг калити илмдир, бугун китоб ўқиётган бола эртага китоб ўқимайдиган ўнта болани бошқаради, дея бот-бот уқтириб келинади, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов. – Бугун китоб кўпайди, лекин сифат-чи? Дуч келган китобни ўқиш ҳам, унга вақт сарфлаш ҳам хато. Демак, бугун ёшларда китоб танлаш дидини уйғотиш лозим. Қайси китобни ўқиш, қайсисини ўқимаслик кераклигини саралай олиш даражасига етиш ҳам катта натижа.

    Мулоқотлар давомида бу борадаги камчиликларни бартараф этиш бўйича келгусида амалий ишлар, янги лойиҳалар ўтказишга келишиб олинди. Чунки китобхонлик ҳар қандай давр ва замонда ёш авлодни етук ҳамда комил инсон қилиб тарбиялашнинг энг яхши усули, маънавий озуқа манбаи экани урғуланди.

    – Яхши ва ёмон асарни фарқлаш имкониятини яратиб беришимиз лозим, – дейди “Akademnashr” нашриёти раҳбари Санжар Назар. – Яхши китоблар эътироф этиб борилиши керак. Афсуски. яхши асарлар таҳлили йўқ. Мунаққидларимиз бу масалада ташаббус кўрсатса, айни муддао бўлур эди. Таҳлил ўқувчини китобга қайтариш кучига эга. Қани эди, бир платформа яратилса-ю, у ерда янги ижод намуналарига тақриз ва таҳлиллар бериб борилса. Мактаб ва олий ўқув юртларида ўқувчи ҳамда талабалар дарслар доирасида ушбу чиқишларни ўқиб-ўрганишса, муҳокама қилишса...

    Фестивалда фаолият бошлаётган ёш ижодкорлар, ноширлар малакали мутахассислар билан тажриба алмашди, ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

    Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири


    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 190-сонида (2024 йил 18 сентябрь) чоп этилган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates