БМТ Бош котиби Тошкент вилоятидаги йирик фотоэлектр станциясини бориб кўрди

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш 1 июль куни Юқори Чирчиқ туманидаги қуввати 200 мегаватт бўлган "ACWA POWER RIVERSIDE SOLAR" қуёш фотоэлектр станцияси фаолияти билан танишди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш 1 июль куни Юқори Чирчиқ туманидаги қуввати 200 мегаватт бўлган "ACWA POWER RIVERSIDE SOLAR" қуёш фотоэлектр станцияси фаолияти билан танишди.

    Дастлаб олий мартабали меҳмонга 2030 йилгача Ўзбекистонда яшил энергетикани ривожлантириш стратегияси, муқобил энергия ишлаб чиқариш соҳасида қувватларни яратиш дастури ҳақида тақдимот қилинди.

    Жумладан, Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан Тошкент вилоятида қиймати 400 миллион долларлик, 200 мегаватт қувватига эга бўлган лойиҳа амалга оширилди. Бунинг учун 460 гектар ер майдони ажратилган. Ҳозирги кунда 150 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, кейинчалик Паркент туманида 500 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилади.

    Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида 130 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилиб, атмосферага 180 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.

    Асосий мақсад аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни камайтириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришдир.