“UNITAMS 2024 йил 29 февралда Судандан қўшинларини олиб чиқишни якунлади. Бош котиб барча маҳаллий ва халқаро UNITAMS ходимларига миссия мандати давомида Судан халқига фидокорона хизматлари учун чуқур миннатдорчилик билдиради”, дейилади жаҳон ташкилоти раҳбари идораси томонидан журналистлар учун эълон қилинган баёнотда.
Қайд этилишича, 1 мартдан бошланадиган миссияни тугатиш жараёнини назорат қилиш учун кичик UNITAMS гуруҳи Порт-Судан шаҳрида қолади.
Шу билан бирга, БМТ Бош котиби вакили жаҳон ташкилоти мамлакатга гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этишини ва “Судан халқини тинч ва хавфсиз келажакка интилишини қўллаб-қувватлашини” таъкидлади.
2023 йил декабрь ойида БМТ Хавфсизлик Кенгаши Судан ҳукуматининг ноябрь ойида UNITAMS фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қароридан сўнг Буюк Британиянинг UNITAMS фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини ёқлаб овоз берди. Ҳукумат БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга йўллаган мактубида жаҳон ташкилотининг миссияси мамлакатдаги вазиятни фақат оғирлаштиргани ва энди халқ ва ҳокимиятнинг орзу-умидларига жавоб бермаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, мактубда Судан Вазирлар Маҳкамаси мамлакат учун ижобий натижалар бериши мумкин бўлган янги формулани ишлаб чиқиш бўйича БМТ билан конструктив ҳамкорлик қилишга тайёрлиги қайд этилган.
Судандаги вазият 2023 йилнинг апрелида армия қўмондони, Суверен кенгаш раиси бўлган Абдел Фаттоҳ ал-Бурхон ва тезкор ҳаракат кучлари раҳбари Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли кескинлашган эди. Улар ўртасидаги асосий қарама-қаршиликлар ягона қуролли кучларни шакллантириш вақти ва усуллари, шунингдек, армиянинг бош қўмондони ким бўлиши кераклиги билан боғлиқ. 15 апрель куни Меровдаги ҳарбий база яқинида ва пойтахтда икки тузилма ўртасида тўқнашувлар бошланган. БМТ маълумотларига кўра, Суданда можаролар оқибатида 10 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, деб хабар беради report.az.