Икки мустақил давлат – Ўзбекистон ва Озарбайжон 1995 йилнинг октябрь ойида дипломатик муносабатлар ўрнатган бўлсада, икки қардош халқнинг ўзаро дўстлиги, айниқса, маданият, санъат, адабиёт борасидаги алоқалар тарихи қадим тарихга эга. Юртимизда доим Низомий Ганжавий, Фузулий, Насимий шеъру ғазаллари севиб мутолаа қилинади. Муслим Магомаев, Зейнаб Ханларова, Сами Юсуф ва бошқа бир қатор замонавий қўшиқчиларнинг юртимизда ихлосмандлари кўплаб топилади.
Ўз навбатида озарбайжонликлар ҳам ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятига, жаҳон ва ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган салмоқли ҳиссасига катта ҳурмат билан ёндашади. Икки қардош халқнинг маданияти ва санъати асрлар давомида ёнма-ён ривожланиб, бир-бирини ўзаро бойитиб ва тўлдириб келмоқда. Бунинг самарасида ўзбек ва озар халқларининг наср ва назм санъати шаклан, ғоявий ва мазмунан ҳамоҳанглашиб, бир-бири билан уйғунлашиб кетган.
Жорий йилнинг 1-4 август кунлари гўзал Боку шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон маданияти кунлари бу қизиқиш ва ҳурматнинг нечоғлик юксак эканини яна бор исботлади.
Таъкидлаш керакки, маданият кунлари доирасида ўтказилган барча тадбирлар ўзгача шукуҳда, файзли кечди. Қардош озарбайжонликларнинг ўзбек маданиятига нечоғлик ошуфта эканини уларнинг кўзларидан, сўзларидан сезиш мумкин эди.
Ўзбекистон маданият кунларининг Бокудаги бульварда бўлиб ўтган ёпилиши маросими ва катта концерт дастурини томоша қилиш учун минглаб санъат шайдолари йиғилди. Миллионлаб қалбларни забт этган афсонавий “Ялла” гуруҳи, икки халқнинг севимли санъаткори Насиба Абдуллаева, шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова, Илёс Арабовларнинг чиқишлари томошабинларнинг гулдурос олқишларига сазовор бўлди.
Бир неча кун давомида чексиз шукуҳ, бирдамлик, меҳр-оқибат ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлган Ўзбекистон маданияти кунлари ўз ниҳоясига етди. Дўстлик ва қардошлик тантаналари Ўзбекистонда давом этади.