Болаларни ҳақоратлаб, урган тарбиячи ишдан бўшатилди

    20 июнь куни тармоқларда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги 16-боғчада тарбиячи болаларни ҳақоратлаб, ургани акс этган видео тарқалди.

    Тасвирда тарбиячи оёқ кийим билан болаларнинг қўлига, оёғига ва юзига бир неча марта ургани, тарсаки туширгани ҳамда қулоғидан чўзганини кўриш мумкин.

    Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ бераркан, ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат ўрганилгани ва тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, у ишдан бўшатилганини маълум қилди.

    Хизмат текширув ишлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.