Болани анъанавий ўқитишга не етсин ёхуд янги дарслар учун тавсиялар...

    Кейинги авлод 6 октябр 2020 1581

    Таълимда ҳар бир жараёнда ўқув режа бўйича киритилажак янгиликлар жорий этилаверади.

    Бу йилги энг муҳим янгиликлардан бири - барча синфларда Тарбия дарсларининг жорий этилаётганлиги. Доим янгилик киритиш осон бўлавермайди. Дарслик бўлгани билан унга методик кўмак керак. Ўқитувчиларнинг катта гуруҳини қайта тайёрлаш керак. Осон кўринган тарбия мавзуларини мурғак қалбларга жо этиш осон эмас. Ўқитувчилар фанга мослашгунча маълум вақт кетади. Бизда методика бор, уни мослаштириш керак, холос.
    Маълумки, ўқитувчи дарсда асосан учта мақсадни ўз олдига қўяди: таълимий, тарбиявий, ривожлантирувчи. Ҳозирги вазиятда масофавий таълимда фақат таълимий мақсад амалга ошади. Тарбиявий ва ривожлантирувчи томонлари ота-онага боғлиқ бўлиб қолади. Анъанавий таълимда бу муаллим зиммасида эди. Бола бошқалар билан бирга ўқиса, у зерикмайди, фанларни ўзлаштиришга қизиқади, ўқувчи рақобат қилади, мусобақалашади, энг муҳими тенгқурлари жамоасида бўлади, бу - биринчидан.
    Иккинчидан, болалар бир-бири билан мулоқот қилса, муомала маданияти ривожланади. Учинчидан, болалар мактабда бир-бирини ҳурмат қила бошлайди, дўстлашади, уй ва синф вазифаларни муҳокама қилади. Буюк мутафаккир, қомусий олим Абу Али ибн Сино болани уй шароитида якка ўқитишга қарши бўлган. Мактабда ўқитишни тавсия қилади. Ҳозир мактабда масофавий ўқитиш мажбурий чора. Болани анъанавий ўқитишга не етсин? Нима бўлганда ҳам, бир-бирини тўлдирувчи ҳамма усулларни омухта қўллайвериш лозим.
    Жорий этилаётган Тарбия дарсларида оилада, маҳалладаги қадриятларимизга таяниш керак. Масалан, маънавий тарбия ўз асосини исломдан, муқаддас эътиқодимиздан олиши ўқувчилар қалбини тез забт этади. Қуръони Карим, ҳадис-шарифлар маъносидан фойдаланиш ҳам ўқитувчининг маҳоратига боғлиқ. Мисол учун, ота-онанинг қадри Тарбия дарсларидаги катта мавзу.
    Қуръони Каримнинг йигирмадан зиёд оятида ота-она ҳурмати, уларга яхшилик қилиш ва розиликларини топиш муҳим амаллардан экани баён этилган. Зеро, ҳар бир ота-она барча имкониятларини сарфлаб фарзандларини тарбиялайди ва таълим беради. Мана шу ерда ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги қуйидаги ҳадисни келтиришни тавсия қиламан: ”Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг розиликларига боғлиқ. Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг норозилигига қараб бўлади”. (Табароний риваяти). Шу асосида болаларга қобил ва ноқобил фарзандлар ҳақида ўнта тавсияни бериш фойдали. Қобил бола қуйидаги амалларни бажариш зарур.
    Биринчидан, барча ишларда ота-онадан розилик олиши, улардан яширинча иш қилмаслик, маслаҳат олишини тушунтириши ва мисоллар келтириш керак. Ҳар доим ота-онанинг дуоси билан бошланган иш хайрли бўлади.
    Иккинчидан, яхши нарсаларни ўзидан аввал ота-онага тақдим этиши. Тансиқ овқатлар, дастурхонга биринчи бўлиб қўл узатмасликни ҳам тушунтириб ўтиш керак.
    Учинчидан, ота-онанинг маслаҳат ва насиҳатларини жону дил билан қабул қилиши. Кўпинча болаларда бундай пайтларда ота-онасини жеркиши ҳолатлари учрайди. Асосан вояга етаётган болаларда бу ҳолатлар бўлади.
    Тўртинчидан, ота-онанинг рухсатисиз уларнинг хонасига кирмаслик. Тарбия дарсларида бу гаплар айтилиши шарт. Бу ҳам тарбиянинг бир бўлаги. Уларнинг рухсати билан кирилса ёки тозалаб берилса, бошқа гап. Бошқа пайтда мумкин эмас.
    Бешинчидан, ҳеч қачон уларнинг номларини айтиб чақирмаслик. Ҳатто ҳазиллашиб бўлса ҳам. Баъзида бундай ҳолатлар учраяпти. Бунинг гуноҳлигини болалигидан тушунтириш керак.
    Олтинчидан, уларнинг олдида баланд овозда гапирмаслик ва «Уфф» тортмаслик. Очиғини айтсак, кўпчилик оилаларда фарзандлар ва келинларни баланд овозда сўзлаши, ёқмаган пайтда уфф дейиши одат тусига кириб қолган. Баланд мусиқалар эшитиш, телефонга ота-оналар олдида муккасидан кетиш ҳам одобсизликдир.
    Еттинчидан, ота-онадан олдин таомга қўл узатмаслик, меҳмонга борганда дастурхонга суқланиб қарамаслик, қорни оч бўлса ҳам, назарини тўқ қилиши ҳам тарбиянинг бир бўлаги. Шуни боланинг қулоғига дарсликда ҳам уйда ҳам уқдириш керак.
    Саккизинчидан, уларнинг ҳузурида оёқларини чўзмаслик, ёнбошламаслик, улардан юқари ўтирмаслик. Афсуски, кўп хонадонларда шу нарсаларга беэътибор бўлади. Бу бошқалар олдида жуда хунук кўринади. Агар биз боланинг ёшлигидан шуни ўргатмасак, кейин одат тусига кириб қолса, уни тарк этолмай, ҳаммадан дакки эшитиб қолади.
    Тўққизинчидан, ота-онага доимо миннатдорчилигини билдириб уларни яхши кўришини изҳор қилиш, уларга яхши гап ва хабарларни етказиб, кўнгилларини чоғ қилиш. Ўқиган китоблар таассуротларини айтиб, шеърлар ёдлаб, қўшиқлар хиргойи қилишлари ҳам уларнинг кўнглини тоғдек кўтаради.
    Ўнинчидан, ота-онанинг озиқ-овқати, кийим-кечаги ва соғлиғидан ўз вақтида хабар олиб туриши. Кийим-кечакларини дазмоллаб туриш, оёқ кийимларини артиб, мойлаб туриш, дори-дармонларини ичишини назорат қилиб туриши ҳам яхши фарзанд тарбиясидир. Уларга ҳеч қачон ўқрайиб қараб бўлмайди. Доим очиқ чеҳра билан боқиш керак.
    Мана шу ўн қоидани Тарбия дарсларида болаларга ёдлатиш лозим деб биламан. Зеро,фарзанд зиммасида ота –онанинг ҳаққи улуғдир.Чунки ота - раҳбар, она эса фарзандини тўққиз ой қорнида кўтариб юради, туғилгач, бор меҳри, куч-қувватини бағишлаб, уни боқади, кечалари бедор бўлиб таомлантиради, оқ ювиб, оқ тарайди, шодлигида севинади, ғамга ботса, қайғуради, қўйингки, борлиғини фарзандига бахшида қилади. Биз имкон қадар Тарбия дарсларида шулар ҳақида инновацион усулларда тушунтириб боришимиз керак.
    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates