— Бу кўкариш (цианоз) билан кузатиладиган туғма юрак нуқсонларининг бир белгиси ҳисобланади, — деб фикр билдиради тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳакимжон Абролов. — Бундан ташқари, тез-тез шамоллаб, тузалиши чўзилаётган ёки пневмонияга чалинадиган бемор болаларни ҳам кардиолог чуқур текшириши керак. Ота-она бунга эътиборсизлик қилиб, болага ўз билганича дори ичириши мумкин эмас.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун болалар тарбияси ва соғлиғига эътиборли бўлиш, тез-тез шамоллайдиган, инжиқ, нимжон болаларни алоҳида кузатувга олиши мақсадга мувофиқ. Шунда туғма юрак нуқсонли бемор болаларни ўз вақтида аниқлаб соғломлаштиришга эришиш мумкин.
Шуни унутмаслик керакки, туғма юрак нуқсони билан хасталанган болани парваришлашда тўғри овқатлантириш, ўз вақтида ухлатиш баробарида, оилада тозалик ва гигиена қоидаларига ҳам тўла риоя этилиши керак.
Акс ҳолда, болада сурункали инфекцияли жараёнлар юзага келиб, бошқа касалликларни ҳам пайдо қилиши, беморнинг аҳволини янада оғирлаштириши мумкин.
Яна бир муҳим ҳолат, туғма аномалиялар, яъни туғма юрак нуқсони ва марказий нерв системаси, ошқозон-ичак тизими ва бошқа аъзо-системаларнинг туғма аномалияси биргаликда келиши ҳолатларида даволаш тактикасини белгилаш жуда ҳам қийин ҳисобланади. Бундай ҳолатларда бола ҳаёти учун хавф туғдираётган ҳолат биринчи бўлиб даволаниши керак.
Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.









