Болаларни салбий ахборотдан асранг, акс ҳолда помидор емай қўяди. Нега?

    Ижтимоий ҳаёт 2 май 2023 4750

    Ҳеч эътибор бердингизми: охирги йилларда болаларнинг “тили чиқиши” кечикяпти. Айниқса, шаҳарда туғилаётган кичкинтойларнинг луғат бойлиги ёшига нисбатан хийла кам.

    Болалар аҳолининг ҳимояга энг муҳтож қатлами. Одатда улар муҳофазаси кўпинча кўзга кўриниб турган хавфлардан асраб-авайлашни назарда тутади. Бу ўринда кичкинтойларнинг ҳали мустақил қарор қабул қила олмаслиги, йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги, электр энергиясидан хавфсиз фойдалана олмаслиги кабилар инобатга олинади. Аммо уларнинг саломатлиги ва руҳиятига жиддий таҳдид солаётган кўзга кўринмас хавфлардан бири бўлмиш ахборотдан ҳимоялашга етарлича эътибор қаратилмаётганини сезмаётгандекмиз.

    Ҳолбуки, болалар ҳали мустақил ва онгли равишда медиага эҳтиёжини ҳамда ахборот истеъмолини белгилай олмайди. Визуал маълумот боланинг асаб тизимига ҳеч қандай тўсиқсиз таъсир ўтказади. Чунки улар катталарга қараганда ахборотни самарали ўзлаштиради. Ўзи кўрган, эшитган ҳамма маълумотни хотирасида тез сақлаб қолишга қодир. Шунинг баробарида ахборотни бевосита, яъни ички таҳлилсиз қабул қилади. Энг ёмони, кичкинтойлар кўчадаги ҳақиқий ҳаёт ва медиа тасвирлаган тўқима ҳаётнинг фарқини англай олмайди.

    Нутқи кечикаётган кичик томошабинлар

    Рақамли авлоднинг эрмагига айланган смартфон, планшет, ноутбукларнинг хавф кўрсаткичи кун сайин ошиб бормоқда. Ота-онаси бандлиги сабабли куннинг аксарият қисмини “ақлли” қурилма билан ўтказадиган болалар томошага мубталолик натижасида инсонга хос одатий хусусиятларини йўқотмоқда. Жумладан, болалар рақамли технологиялардан қанча кўп фойдаланса, нутқи шунча сустлашиб боради.

    Бугунги боланинг тили тарихда мисли кўрилмаган даражада кеч чиқмоқда. Кичкинтойларнинг ижтимоий муносабатга киришиши қийинлашиб, борган сари улар орасида “рақамли аутизм” авж олмоқда. Бундай болалар мулоқотга киришишга қийналади, диққат ва идрок етишмаслигидан азият чекади. Атрофда юз бераётган ҳодисаларга муносабат билдирмайди. Уларда асабийлик, жиззакилик кузатилади.

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти икки ярим ёшгача бўлганларга ҳар қандай рақамли контентни чеклашни тавсия этади. Рақамли контент мия ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

    Уч ёшдан кейин ҳам медиа билан муносабат рационал ва тартибли бўлиши лозим. Ўн ёшгача бўлган қарийб 7,5 миллион бола яшайдиган Ўзбекистон учун бу масала янада долзарб аҳамиятга эга.

    Текинхўрликка ўргатаётган мультфильмлар

    Болалар учун ишлаб чиқиладиган фаол ва самарали қабул қилинадиган медиамаҳсулот мультфильмлардир. Аслида улар ҳақиқий билан тўқима ҳаётнинг ижобий қирраларини бирлаштириб, боланинг дунёни англашида тарбиявий аҳамият касб этиши керак. Зотан, яхши мультфильмлар болаларда хурсандлик ҳиссини, севимли қаҳрамонларига тақлид қилиш истагини уйғотади ва фазилатларни шакллантиришга хизмат қилади. Мазмуни аксинча бўлганлари эса салбий кайфият пайдо қилиши мумкин. Масалан, машҳур анимацион роликлар муаллифи Павел Ким мультфильмларнинг болалар руҳиятига таъсири катта эканини айтаркан, “Йиғлоқи помидор” ролигини томоша қилган болалар помидор истеъмол қилмай қўйганини таъкидлайди.

    Салбий мазмундаги мультфильмлар ҳайвонларни ўлдириш, кучсизларга озор бериш, осонлик билан катта бойликни қўлга киритиш, текинхўрлик, ўғриликка ундайди. Бунга чорлов очиқдан-очиқ эмас, онгости даражасида юз беради, албатта. Бу мақсад-муддаоларни бола онгли равишда идрок этмайди. Шунчаки мультфильмнинг бош қаҳрамонларига ўхшашга интилади, уларнинг хатти-ҳаракатини такрорлайди. Қолаверса, болаларнинг эътиборини ўйин-кулги, ёрқин суратлар, баланд товуш тез тортади. Кўпинча ўғил-қизлар бу оламдан чиқиб кета олмайди. Шунинг учун ҳам тез-тез мультфильм қаҳрамони сингари тепаликдан ўзини ташлаган, укасига “қурол” ўқталган, бош қа дин ёки маданият вакили ҳаракатларига тақлид қилган болалар ҳақида эшитамиз.

    Айниқса, мультфильмни смартфонда интернет орқали томоша қилаётган бола ўзини тия олмайди. Лентадаги барча видео лавҳаларни охиригача томоша қилгиси келади. Лента эса тугамайди. Натижада у медиа қарамлигига учрайди. Кўп маълумот истеъмоли болани руҳан чарчатади. Жисмоний ва ақлий ўсишдан ортда қолишига сабаб бўлади.

    Ёш тоифаси белгиланиши бесамар

    Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни кичкинтойларнинг ахборот билан муносабати, медиа истеъмолини тартибга солади. Унга кўра, ахборий маҳсулотларни ёшга доир таснифлаш тизими жорий этилди. Жумладан, 0+, 7+, 12+, 16+, 18+ каби ёшга доир чекловларни жойлаштирган ҳолда маълумотни тарқатиш тартиби белгилаб берилди.

    Муайян ёшдаги болалар ўртасида тарқатилиши чекланган ахборий маҳсулотларга шафқатсизлик, жисмоний ва руҳий зўравонлик, жиноят ёки жамиятга қарши бошқа хатти-ҳаракатлар тасвири ёки баёни тарзида тақдим этиладиган маълумотлар киради. Шунингдек, ўғил-қизларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотадиган, жумладан, куч ишлатилмаган ўлим, касаллик, ўз жонига қасд қилиш, бахтсиз ҳодиса, авария ёки фалокатни ва уларнинг оқибатини инсон қадр-қимматини камситадиган, жинсий муносабатларни тасвирлаш ёки баён этиш тарзида тақдим этиладиган, уятли сўзлар жумласига кирмайдиган ҳақоратли сўзлар ва ибораларни ўз ичига олган ахборотларни тарқатиш ҳам чекланади.

    Экспертиза жараёнида ахборотларда эзгулик ёвузликнинг устидан ғалаба қозониши, раҳм-шафқат ифода этилиши, жиноят содир этишга ундамаслиги, дайдилик ва тиланчилик билан шуғулланишга чақирмаслиги, оилавий қадриятларни инкор этмаслиги, ахлоқсизликни тарғиб қилмаслиги ва бошқа белгиланган талабларга эътибор қаратилади.

    Бироқ бу каби ёш тоифаларининг белгиланиши ва экспертизадан ўтказилиши болаларни зарарли ахборотдан ҳимоялай олмайди. Чунки бу орқали назорат қилиш имконсиз. Болалар барибир ёши катталар учун мўлжалланган ёки умуман, зарарли контентни томоша қилиши мумкин. Қолаверса, рекламалар ёш тоифасига қарамасдан узатилади. Улар ўз самарадорлиги ва таъсирчанлигини кўрсатмоқда. Болаларнинг 79 фоизи ота-онасидан реклама қилинаётган маҳсулотларни олиб беришни сўрайди.

    Интернет — қизил ҳудуд

    10-12 ёшли аудиториянинг 60 фоизи мессенжерлардан, 47 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Интернет ўсмирлар ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Болалар ва ўсмирларнинг интернетда ўтказадиган вақтининг асосий қисмини YouTube эгаллайди. Бу видеоресурснинг болалар ва ўсмирлар қизиқишига мослаша олиши, унда тавсия этиладиган видеолар қисми борлиги қизиқишни янада оширади. Аудитория эътиборини тортишда блогерлар катта ўрин тутади. Айниқса, ҳазилнамо лавҳалар, челленжлар, бьюти (қизлар учун), видеоўйинлар ва саёҳ атлар қизиқарлилиги билан ўзига тортади.

    Фильмлар, сериаллар фаол томоша қилинади.

    Ўғил болаларни кўпроқ ўйинлар қизиқтиради.

    Бироқ унутмаслик керакки, киберспорт спортга қарши, моҳиятан унга зид ҳодисадир. Болалар коптокни кўчада тепгани маъқул.

    Интернет фойдаланувчиларининг учдан бир қисми 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар.

    Ана шундай ҳолатда глобал тармоқда ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи 9 минг, ахлоқий ва маданий оғишлар мазмунидаги 4 мингдан зиёд сайт мавжудлиги муаммоли. Болаларнинг руҳий ва жисмоний жиҳатдан меъёрий, соғлом ўсишига салбий таъсир кўрсатувчи, ҳатто тўғри мақсадда, масалан, таълим учун мурожаат қилганда ҳам чалғитувчи ахборот кўп. Бу суиқасдга чорловчи ўйинлар, одамлар ва жониворларга шафқатсизлик акс этган видеолар, ҳаёсиз суратлар, қимор, спиртли ичимликлар истеъмоли ва тамаки чекишга чорловчи маълумотлар, терроризм тарғиботи ва ҳоказолар бўлиши мумкин.

    Фильм қизиқарлими? Давомини китобда ўқинг!

    Ҳаққоний вазият тегишли тизимлар, таълим муассасалари мутасаддилари ҳамда ота-оналардан болаларнинг медиа маҳсулот истеъмолига эътибор қаратиш, зарарли ахборотдан ҳимоялашда назоратни қўлга олиш, болаларнинг медиасаводхонлигини ошириш ва бу вазифани кечиктирмаслик талаб этилмоқда. Бу борада хорижий тажрибага ҳам мурожаат қилиш мумкин. Дейлик, Японияда болаларни медиақарамликдан чиқариш учун оммавий ахборот воситалари ҳам ҳисса қўшади. Масалан, янги фильм намойиш этилади. Аудиторияда қизиқиш уйғотгач, фильмни кўрсатиш тўхтатилади. Давоми китоб ҳолида чоп этилади. Табиийки, фильмдаги воқеа лар ривожига қизиққан болалар жон деб китоб ўқишга рози бўлади.

    Айниқса, мактабгача таълим тизими болаларнинг медиа билан муносабатини имкон қадар тартибга солиши мақсадга мувофиқ.

    Баъзи мактабгача таълим ташкилотлари хоналарни ақлли қурилмалар, масалан, сўнгги русумдаги телевизор билан жиҳозлашга ҳаракат қилади. Бу гоҳида ота-оналар, гоҳида тарбиячилар ташаббуси билан ота-оналар ёки ҳомийлар кўмагида амалга оширилади.

    Ақл ўстирувчи машғулотлар ўтиш ўрнига болаларга “Маша ва айиқ” каби қизиқарли сюжетли мультфильмлар қўйиб берилиб, вақт ўтказилмоқда.

    Таълим муассасаларидаги вазият таҳлилга муҳтож. Болалар ёшига мос бўлмаган қурилмалардан фойдаланаётганини ҳамма айтмоқда. Таълим муассасаларида мобиль телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга деярли риоя қилинмайди. Таълим мазмунида болаларнинг медиасаводхонлигини оширувчи мавзуларга эътибор етарли эмас.

    Биз дарс жараёни ёки дарсдан кейинги тўгарак машғулотларида “Яхшими ёки ёмон?”, “Стоп кадр”, “Ишонасизми-йўқми?”, “Журналист” каби ўйинл арни ўтказишни таклиф этамиз.

    Масалан, "Яхшими ёки ёмон?” ўйинида болалар ўқитувчи ёрдамида телевидениенинг ахборот узатиш, янгиликлардан хабардор этиш каби яхши хусусиятлари, шунингдек, кўриш қобилиятига ёмон таъсири, телевизор томоша қилиш вақтни беҳуда кетказиш каби салбий жиҳатларни аниқлайди. “Ишонасизми-йўқми?” ўйинида болаларнинг танқидий-таҳлилий тафаккури ривожланади. Ўйинда тўғри ва нотўғри маълумотлар ўқиб берилади. Болалар уларнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқлайди. “Журналист” ўйинида болалар бошловчилик қилиши, бирор эртак ва воқеани гапириб бериши, “Стоп кадр” ўйинида болалар киноси ёки машҳур мульфильмдаги бирор тасвир чизилиши мумкин. Яна “Ўз мультфильмимизни яратамиз” ўйинини ташкил этиш ҳам самарали.

    Ҳатто “Куз манзараси” номли 3–5 дақиқалик фильм суратга олса бўлади. Буларнинг барчаси ўқувчиларга медиамаҳсулотлар, улардаги лол қолдирувчи саҳналар шунчаки бир ижодкорнинг фантазияси эканини тушунишга, реал ҳаёт чегараларини фарқлашга ёрдам беради. Олган билими натижасида бола ихтиёрий тарзда бефойда медиамаҳсулот томошасидан воз кечиши керак.

    Болаларни ахборотнинг зарарли таъсиридан ҳимоялашдаги асосий масъулият ота- оналар зиммасида қолади. Йиллар давомида смартфонни ўйинчоқ ўрнида ўйнаган болани медиақарамликдан чиқаришда педагогика, психология, дефектология, соғлиқни сақлаш тизимининг муваффақиятли тажрибаси ҳам иш бермаслиги мумкин. Шунинг учун ота-оналарнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини кенгайтирувчи қўлланмалар, тавсиялар ишлаб чиқишга эътибор қаратилиши зарур. Токи зарарли ахборот болаларнинг саломатлиги ва руҳиятига чанг солмасин.

    Санобар ЖУМАНОВА,

    Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар

    университети катта ўқитувчиси,

    филология фанлари бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates