Тошкент шаҳри халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, ташриф дастурига кўра, икки мамлакат етакчиларининг музокаралари, расмий ва ишбилармонлик тадбирлари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Болгария Республикаси Президенти Румен Радев Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида қўшма декларацияни имзоладилар.
Етакчилар ҳузурида икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда Тошкент ва София шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битим алмашилди.
Икки мамлакат етакчилари ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, агросаноат мажмуи, фармацевтика тармоғи, кончилик, рақамлаштириш соҳаларида кооперацияни йўлга қўйиш, туризм ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ушбу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиши шубҳасиз.