Бошланғич синф дарсликларида "4К" моделига асосланган инновацион ёндашув тақдим этилди

    Таълим 15 август 2023 4200

    1-4-синфлар учун яратилган янги замонавий мактаб дарсликлари "4К" моделига асосланган инновацион ёндашувни тақдим этади.

    Ушбу методология болаларнинг ҳар томонлама ривожланишига қаратилган бўлиб, қуйидаги асосий компетенцияларни ўз ичига олади:

    Коллаборация: Дарсликлар ўқувчиларнинг жамоада ишлаш қобилиятини ривожлантиришга ёрдам берадиган тарзда тузилган. Бу ўқувчиларга ҳамкорлик қилиш, самарали фикр алмашиш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш кўникмаларини ўрганишга кўмаклашади.

    Коммуникативлик: Дарсликлар ўқувчиларнинг бошқалар билан мулоқот қилиш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган. Ўқувчилар ўз фикрларини аниқ ва равшан ифодалашга, суҳбатдошни тинглашга ва тушунишга, маълумотни етказишда тил воситаларидан унумли фойдаланишга ўрганадилар.

    Креатив фикрлаш: Дарсликлар ижодий фикрлашни ва янгилик қилиш қобилиятини ривожлантиради. Ўқувчилар ўз мақсадларига эришиш учун янги ёндашувларни қўллашни ўрганадилар, инновацион ечимларни ишлаб чиқадилар ва ижодий муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларига эга бўладилар.

    Критик фикрлаш: Ушбу методология ўқувчиларнингнинг ахборотни танқидий баҳолаш, ўз фикри ва мулоҳазаларини шакллантириш кўникмаларини ривожлантиришни ўз ичига олади. Ўқувчилар муаммоларга аналитик нуқтаи назардан ёндашишни ўрганадилар ва мантиқий фикрлаш асосида ўз нуқтаи назарини шакллантирадилар.

    Бошланғич синфлар учун ушбу янги дарсликлар ўқувчиларни ҳар томонлама ривожлантириш, нафақат билим, балки замонавий жамиятга муваффақиятли мослашиш учун зарур бўлган кўникмаларни шакллантиришга қаратилган.

    Хулоса

    Илм мактаб остонасидан бошланади дейилиши бежиз эмас. Чунки инсон бутун умри давомида оладиган билим, кўникма, малакани бошланғич синфларда мактаб партасида эгаллайди.

    Бошланғич мактаб – инсон ҳаётидаги бутунлай янги саҳифа эканлиги учун ҳам ўта муҳимдир. Бу ёшда бола учун янги олам бўлмиш мактаб даври, билим олиш босқичи бошланади. Айнан шу паллада ўқувчининг мактабга нисбатан меҳрини қозониш, таълимга қизиқтира олиш унинг келгусидаги муваффақиятлари учун асос бўлади. Бу эса осон иш эмас.

    Мактабга эндигина қадам қўйган болаларга янги дарсликлар тайёрлашда “4К” моделидан фойдаланиш кўплаб синовлардан ўтган, муҳими, замонавий ёндашувдир. Биз авваллари болаларнинг ёзувига кўпроқ эътибор қаратганмиз, диктантлар ёздирганмиз. Янги тажриба билан эса болаларнинг танқидий фикрлаши, ўз фикрини эркин баён эта олишига кўпроқ аҳамият берилади.