Тадбирда Саида Мирзиёева, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди.
Саида Мирзиёева:
— Юртимизда таълимга катта эътибор берилаётганлиги сабабли айни вақтда мактабларимиз инфратузилмаси кундан кун яхшиланиб боряпти. Ўқитувчиларни мактабга қайтариш Президентимизнинг армони ва орзуси эди. Бугун ўқитувчи дарсда.
Энди уларга тажриба, билим ва ўқитиш учун дастурлар, методика ва дарсликлар керак. Бу йил бошланғич синф ўқувчиларининг дарсликлари тубдан янгиланяпти.
Шу билан бирга янги методика асосида Тошкентда 300 нафар илғор педагог ўз малакасини оширди. Умид қиламанки, устозларимиз замонавий билим ва қўникмаларни қунт билан ўзлаштириб, қолган ҳамкасбларига ҳам уларни етказишади.
Тадбирда сўз олган вазир Ҳилола Умарова сўнгги йилларда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида таълим соҳасида фаолият юритаётган педагогларнинг моддий-маънавий шароити тубдан яхшиланиб бораётгани ҳамда мактабларда таълим-тарбия сифатини оширишнинг замонавий технологиялари жорий қилинаётганлиги айтиб ўтди.
Хусусан, жорий йилнинг 14-17 август кунлари Тошкент шаҳридаги 60-мактабда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган бошланғич синф ўқитувчилари иштирокида ўтказилган семинар машғулотларида илғор тажрибалар асосида яратилган ўқув дастури ва дарсликларни амалиётга жорий этиш масалалари кенг муҳокама этилганлини таъкидлади.
Тренингда иштирок этган педагоглар келгусида республикамиздаги бошқа таълим муассасаларида таҳсил бераётган мавжуд 19 800 нафар бошланғич синф ўқитувчиларига ўз билимларини улашишади.
Тадбир давомида кимё, биология ва физика фанларидан тайёрланган виртуал лабораториянинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Шу билан бирга “Global Teacher Prize” танловининг миллий босқичи тақдимоти ўтказилди ҳамда ушбу танловга старт берилди.
Ўзаро мулоқот шаклида давом этган тадбир доирасида ўқитувчилар томонидан соҳа ривожи ва таълим сифатини оширишга доир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдириб ўтилди.
Хусусан, мазкур дарсликларни яратишда иштирок этган мутахассис, педагоглар ҳамда ўқитувчилар ўртасида доимий фикр алмашишни ташкил этиш мақсадида махсус платформа яратиш таклифи барча иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.