БРИКС саммити 2025: Ўзбекистон БРИКС билан ҳамкор давлат сифатида эътироф этилди

    Шу йилнинг 6 июл куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида 17-БРИКС саммити бўлиб ўтди.

    БРИКС давлатлари 17-саммитда ўз сафини кенгайтирди. Индонезия тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинган бўлса, Беларусь, Боливия, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Нигерия, Таиланд, Вьетнам, Уганда ва Ўзбекистон каби 10 давлат БРИКСнинг расмий шерикларига айланди.

    Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган саммит якунида қабул қилинган қўшма баёнотда бу қарор алоҳида таъкидланди. Ташкилот етакчиларига кўра, БРИКСнинг кенгайиши глобал мувозанатни таъминлаш ва янги ривожланаётган давлатлар манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим қадам ҳисобланади.

    Баёнотда шунингдек, иқлим молияси бўйича етакчилар декларацияси ва сунъий интеллектнинг глобал бошқаруви ҳақидаги баёнот қабул қилингани қайд этилди. Шу билан бирга, ижтимоий сабаблар билан келиб чиқадиган касалликларни йўқ қилиш бўйича БРИКС шериклик дастурига ҳам старт берилди. Бу ташаббуслар дунёда барқарор ва инклюзив ривожланишга қаратилган умумий саъй-ҳаракатлардир.

    Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди саммитда сўзга чиқиб, БРИКСнинг янги аъзоларни қабул қилиши гуруҳнинг замон билан бирга ривожлана олиш қобилиятини намоён этишини айтди. Унинг таъкидлашича, халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Жаҳон савдо ташкилоти ва кўп томонлама ривожланиш банклари ҳам замон талабларига мос равишда ислоҳ қилиниши шарт.

    Нарендра Моди:
    «21-асрда сунъий интеллект ҳафта сайин ривожланяпти. Бундай шароитда глобал институтларни саксон йил давомида ўзгартирмаслик тўғри эмас. 21-аср дастурини 20-аср ёзиш машинкасининг имкониятлари билан бошқариб бўлмайди», — деди у.

    Кенгайиш тарихи

    Маълумки, БРИК (кейинчалик БРИКС) 2006 йилда Россия, Ҳиндистон ва Хитой етакчиларининг Санкт-Петербургдаги учрашувидан сўнг расман ташкил этилган эди. 2009 йилда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида илк саммит ўтказилди. 2010 йилда Жанубий Африка Республикаси қабул қилиниб, гуруҳ БРИКС номи билан юритила бошлади.

    Сўнгги йилларда кенгайиш жараёни янги босқичга кўтарилди. 2024 йилдан Миср, Эфиопия, Эрон ва БАА расман аъзо бўлди. 2025 йил январидан эътиборан Индонезия тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинди. Ўзбекистон эса Беларус, Боливия, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Нигерия, Таиланд, Вьетнам ва Уганда билан бирга БРИКСнинг шерик давлатлар қаторига киритилди.

    Ўзбекистон учун нимани англатади?

    Ўзбекистон учун БРИКС шериклиги минтақавий ҳамкорлик, савдо ва инвестиция оқимларини диверсификация қилиш, янги лойиҳаларда иштирок этиш ва ривожланаётган мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш имконини беради.

    Мутахассислар фикрича, бундай шериклик мамлакатнинг глобал иқтисодий тизимдаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, янги шерик давлатлар учун БРИКС платформаси энергетика хавфсизлиги, технологиялар алмашинуви ва инфратузилмани ривожлантиришда қўшимча имкониятлар яратади.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates