Ўзбекистон – БРИКС: барқарор ривожланиш, янги ишлаб чиқариш ва савдо-логистика занжирларини яратишга қаратилган ҳамкорлик

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23-24 октябрь кунлари Россия раислигида Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган БРИКС саммитида иштирок этади.

    Ушбу тузилма 2006 йил июнь ойида Санкт-Петербург иқтисодий форуми доирасида Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой иқтисодиёт вазирлари иштирокида ташкил этилган. Ташкилотни тузиш Россия томони ташаббуси билан бошланган.

    Россия, Бразилия, Хитой ташқи ишлар вазирлари ва Ҳиндистон мудофаа вазири иштирокидаги ўша пайтдаги БРИКСнинг биринчи йиғилиши 2006 йил 20 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 61-сессияси доирасида бўлиб ўтган эди.

    2010 йил 12 ноябрда Сеулда бўлиб ўтган G20 саммитида Жанубий Африка Республикаси БРИКСга қўшилиш истагини билдирди. Жанубий Африканинг қўшилиши билан тузилма номи БРИКС сифатида қайта ташкил этилди.

    2023 йил августда бўлиб ўтган саммитда Эрон, Саудия Арабистони, Миср, Аргентина, Эфиопия ва БАА БРИКСга тўлақонли аъзо сифатида қўшилиш учун таклиф қилинган эди.

    2024 йил январда ушбу давлатлардан тўрттаси – Миср, Эрон, БАА ва Эфиопия ташкилотга расман қўшилди.

    Бирлашмага аъзо бўлган давлатлар нуфузли халқаро тузилмалар – БМТ, G20, Жаҳон савдо ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати, G77 гуруҳи, шунингдек, қатор йирик минтақавий бирлашмаларнинг нуфузли иштирокчилари ҳисобланади.

    БРИКС ҳамкорлари ўртасидаги муносабатлар БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормалари, шунингдек, тенглик, очиқлик, прагматизм, бирдамлик, қўшилмаслик ва учинчи томонларга бетарафлик тамойиллари асосида қурилган.

    Бирлашма механизми, таъкидланганидек, тинчлик, хавфсизлик, тараққиёт ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. БРИКСнинг асосий мақсади иштирокчи давлатларнинг иқтисодий ва технологик салоҳиятини сезиларли даражада мустаҳкамлаш йўлида самарали алоқалар учун шароит яратишдир.

    БРИКС доирасида Ишбилармонлар кенгаши ва БРИКС Тараққиёт банки фаолият юритади. Иқтисодий йўлда тузилма мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик 2025 йилгача бўлган Иқтисодий шериклик стратегиясига асосланади. У аъзо мамлакатларнинг икки томонлама иқтисодий алоқаларини уларнинг кўп томонлама форматдаги ўзаро таъсири билан тўлдиришни, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, бирлашмалар ва форумларда, биринчи навбатда Жаҳон савдо ташкилотида мувофиқлаштиришни таъминлашни назарда тутади.

    БРИКС мамлакатлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар форматлари тизими олий даражадаги йиллик режалаштирилган учрашувларни ўз ичига олади. БРИКСга раислик тақвими йил давомида иштирокчи давлатлар томонидан ротация асосида амалга оширилади. Барча қарорлар консенсус асосида қабул қилинади.

    Ўзбекистон учун БРИКС инклюзив ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш кун тартибини илгари суриш учун изланаётган платформа ҳисобланади.

    2015 йилнинг 9 июль куни Ўзбекистон Россия томони раислигида Уфа шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ ва БРИКСга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг учрашувида иштирок этди. Йиғилишда ташкилотга аъзо 9 давлат раҳбарлари қатнашган.

    Ўзбекистон Президенти 2022 йил 24 июнь куни “БРИКС плюс“ форматидаги Глобал тараққиёт масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотда иштирок этди. Хитой томони раислигида ўтган ушбу онлайн-форумда дунёнинг 18 мамлакатидан давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашди.

    Россиянинг БРИКСга жорий раислиги доирасида Ўзбекистон Ёшлар саммити, БРИКС спорт ўйинлари, IX юридик форуми, Х парламент форуми, турдош шаҳарлар ва муниципалитетлар форуми, шунингдек, БРИКС ва “БРИКС плюс” мамлакатларида хавфсизлик масалаларини назорат қилувчи юқори даражали шахслар учрашувида иштирок этди, деб хабар беради “Дунё” АА.

    Президент Шавкат Мирзиёев 2022йил 24 июнь куни бўлиб ўтган “БРИКС плюс” форматидаги Глобал тараққиёт масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотда сўзлаган нутқида, “Жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган инқирозли ҳолатларни енгиб ўтиш мақсадида савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, янги ишлаб чиқариш ва савдо-логистика занжирларини яратиш, саноат кооперацияси бўйича лойиҳаларга инвестициялар жалб этиш ва инфратузилмани модернизация қилиш, технологиялар трансфери ва инновацияларни жорий этиш, сунъий интеллект, рақамлаштириш, биотехнологиялар, вакциналар ишлаб чиқиш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга”, дея таъкидлади.

    Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш мақсадида “БРИКС плюс” ишбилармон доиралари форумини йўлга қўйишни таклиф қилди.

    “Биз Барқарор ривожланиш мақсадларига биргаликда эришиш учун кенг кўламли халқаро шерикликка, шу жумладан, “Жануб – Жануб” форматидаги ҳамкорликка очиқмиз ва бу йўлга содиқмиз”, — деди Ўзбекистон етакчиси.

    Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг бўлажак БРИКС саммитидаги иштироки халқаро алоқаларни янада кенгайтириш ва Ўзбекистонни жаҳон иқтисодий алоқаларига интеграциялашувига, мамлакатимизнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликка йўналтирилган ишончли шерик сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates