Бу йил Халқ банки томонидан қанча имтиёзли кредит ажратилгани очиқланди

    Молия 25 июн 2020 7030

    Жорий йилнинг 24 июнь ҳолатига кўра, Халқ банки томонидан “Оилавий тадбиркорлик”ни ривожлантириш Давлат дастури доирасида 21 минг 232 та лойиҳага 647,5 млрд. сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилиб, 22 минг 532 нафар аҳолининг иш билан бандлиги таъминланди.

    Миллий матбуот марказида Халқ банки мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида хотин-қизлар бандлиги, “Ҳар бир оила – тадбиркор” ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурлари ижроси доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўз борди.

    Энди мобил илова орқали ҳам кредит олиш мумкин

    – Банк хизматлари фуқаролар энг кўп мурожаат қиладиган йўналишлардан бири бўлгани боис, ундан фойдаланишда аҳолига янада қулайлик яратиш, хизматлар кўрсатиш сифати ва турларини кенгайтириш мақсадида барча амалиётларни электронлаштириш ишлари олиб борилмоқда, – деди Халқ банки комплекс раҳбари Жамол Юсупов. – Хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилаётган имтиёзли кредитлар муддатларини қисқартириш ва инсон омили аралашувини камайтириш орқали тизимда шаффофликни таъминлаш мақсадида Халқ банкининг “Оилавий бизнес” мобил иловаси ишга туширилди. Ҳозирча фақат жисмоний шахсларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган ушбу илова фуқароларга уйдан чиқмасдан туриб, “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури доирасида онлайн арзиза тўлдириш ва кредит олиш имкониятини беради. Ушбу дастур орқали бугунга қадар 6 мингга яқин мижозларга 123 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

    Шунингдек, аҳоли мурожаатларига ўз вақтида жавоб бериш ҳамда фуқароларнинг Халқ банки хизматларидан фойдаланишида қулайлик яратиш мақсадида Жиззах шаҳрида мутлақо янги форматдаги call-сентер ишга туширилди. Унда нафақат шикоят ва мурожаатларни қабул қилиш, балки молиявий операцияларни бажариш тизимига ҳам ўтилмоқда. Мижозлар уйларидан ташқарига чиқмаган ҳолда, биргина қўнғироқ орқали омонат очиш, кредит расмийлаштириш ва бошқа банк хизматларидан фойдаланишлари мумкин.

    Бундан ташқари, мазкур банк томонидан 2020 йилда Тошкент шаҳрида ўз-ўзига хизмат кўрсатадиган 5 та “Смарт офис”ларни ишга тушириш ҳам режалаштирилган.

    3,9 триллион сўмлик лойиҳалар молиялаштирилди

    Анжуманда сўнгги йилларда Халқ банки томонидан аҳолига кредит ажратиш кўрсаткичи ўсиб бораётгани таъкидланди. Биргина жорий йилнинг ўзида жами 97 минг 876 та мижознинг 3,9 триллион сўмлик лойиҳаси молиялаштирилиб, 24 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланди.

    Бу борада айниқса, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни бизнес фаолиятига кўмак кўрсатишга катта эътибор қаратилмоқда.

    – Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида 2019 йилда банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан 36 703 нафар тадбиркор аёлга 615,2 млрд. сўм кредит суммаси ажратилилди, – деди Жамол Юсупов. – Қувонарлиси, ушбу маблағлар ҳисобидан амалга оширилган лойиҳалар доирасида 36 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

    Шунингдек, “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури асосида йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 214 та лойиҳага 55,2 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 607 та янги иш ўрни яратилди.

    Коронавирус пандемияси даврида ҳам Халқ банки томонидан кредитлар ажратилиши тўхтаб қолгани йўқ. Хусусан, карантин вақтида 19 минг 183 та лойиҳа учун 550,5 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилиши ҳисобига 19 минг 958 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Анжуманда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳаларини рўёбга чиқариш, мижозларга сифатли хизмат кўрсатишга қаратилган бу каби ишлар фаол давом эттирилиши таъкидланди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates