Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2023-2024-ўқув йилида Ўзбекистон мактаб ўқувчилари томонидан халқаро фан олимпиадаларида жами 122 медаль қўлга киритилган. Бу натижа ҳозирга қадар эришилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ўтган йилда олимпиадачи ўқувчилар томонидан 65 та медаль нақд қилинган.
Мазкур совриндорлар орасидан нуфузга эга, кўпгина дунё мамлакатлари ва халқаро даражадаги олий таълим муассасалари тан оладиган халқаро олимпиадаларда қўлга киритилган 91 та (11 та олтин, 24 та кумуш ва 56 та бронза) медаль эгалари ва уларнинг устозлари турли даражадаги пул мукофотлари билан тақдирланди.
Қайд этиш лозимки, халқаро (астрономия, география, иқтисод ва хорижий тиллар) олимпиадаларнинг олтин медаль соҳибларига — 56,25 миллион сўм ҳамда уларнинг ўқитувчиларига — 18,75 миллион сўм,
кумуш медаль соҳибларига — 37,5 миллион сўм ҳамда уларнинг ўқитувчиларига — 13,125 миллион сўм,
бронза медаль соҳибларига — 18,75 миллион сўм ҳамда уларнинг ўқитувчиларига — 11,25 миллион сўм миқдорида мукофот берилади.
Минтақавий халқаро олимпиадаларнинг олтин медаль соҳибларига — 4,5 миллион сўм ҳамда уларнинг ўқитувчиларига — 18,75 миллион сўм,
кумуш медаль соҳибларига — 3 миллион сўм ҳамда уларнинг ўқитувчиларига — 13,125 миллион сўм,
бронза медаль соҳибларига — 2,25 миллион сўм ҳамда уларнинг ўқитувчиларига — 11,25 миллион сўм берилади.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий халқаро олимпиада совриндорлари олий таълим муассасаларига киришда ўз фанидан максимал баллга эга бўлади. Бундан ташқари, ўқувчини олимпиадаларга тайёрлаган ўқитувчининг малака тоифаси бир поғона кўтарилади, шунингдек, минтақавий халқаро олимпиада ғолиблари ҳамда асосий олимпиаданинг республика босқичи ғолиблари кейинчалик таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб ғолиб бўлган фанидан дарс берган тақдирда, лавозим маошига 100 фоиз ҳар ойлик устама олади.